Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан 34 турдаги озиқ-овқатнинг 13 таси сифатсиз деб топилди

24.02.2017
48 марта ўқилди
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан 34 турдаги озиқ-овқатнинг 13 таси сифатсиз деб топилди

Тошкент шаҳар божхона ходимлари томонидан оғирлиги 1,8 тоннадан, қиймати эса 57,5 млн. сўмдан ортиқ бўлган сифатсиз ва муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан Республикамизга олиб киришга бўлган уринишларга чек қўйилди. 34 турдаги озиқ-овқатнинг 13 таси сифатсиз деб топилди, дейди “Ўзстандарт” агентлиги Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази мутахассиси Ҳилола Тошпўлатова.

Маълумки, мамлакатимизга озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки, аҳоли саломатлигини асрашга ва уларни сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади. Гарчи бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда назорат йўлга қўйилган бўлса-да, аммо уни четлаб ўтишга уринаётганлар учраётгани сир эмас.

Рақамларга мурожат қилсак, 2016 йил давомида республикамиз божхона ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 3 минг 400 дан ортиқ ҳолатда қиймати салкам 4 млрд. сўм озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний ҳаракатига барҳам берилган. Мана, юқоридаги фикримизнинг исботи. Энди ўйлаб кўринг: агар бу каби сифатсиз, истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар хориждан келтирилиб эмас, балки ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолчиларга тақдим этилаётган бўлсачи... Афсуски, бундай ҳолатни ҳам инкор этиб бўлмайди.

Ҳилола ТОШПЎЛАТОВА, “Ўзстандарт” агентлиги Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази мутахассиси:

– Ўтган йилнинг охирги чорагида агентлик раҳбариятининг топшириғига биноан озиқ-овқатларнинг сифатини баҳолаш учун савдо расталаридан 34 хил кундалик ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиниб, синов лабораториясига келтирилди. Келтирилган озиқ-овқат машулотларининг 13 хили меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди. Масалан, творог, қаймоқ, кефир, ош тузи, маргарин, колбаса маҳсулотлари... Творогни олиб қарайдиган бўлсак, лаборатория сифат текшируви ўтакзилганда бу маҳсулотдаги ёғнинг массавий улуши ёрлиғида кўрсатилган меъёрдан кам чиқди. Бу маҳсулотнинг ташқи кўриниши, яъни органолептик кўрсаткичлари ҳам меъёрга номувофиқ деб топилди. Масалан, ёғининг кўплигига қараб оқроқ, қаймоқрангга мосроқ бўлиши керак, текширувга олиб келинган бу турдаги маҳсулотларнинг ранги эса пуштироқ, ҳидли, мазаси нордонроқ бўлиб чиқди. Бундай ҳолатлар асосан маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнидаги техлогия талабларини бузилганида, растада сақланишида талабга риоя қилинмаганида кузатилади. Агар бундай маҳсулотлар текширилганда ёғ камлиги аниқланса, бу ишлаб чиқарувчининг айби ҳисобланади, истеъмолга яроқсизлигига, яъни органолептик кўрсаткичларнинг ўзгаришига эса ишлаб чиқаришдан тортиб растага етиб келинган ҳолатларда талабларнинг ва савдога қўйилган муҳитлар бузилиши ҳам сабаб бўлади.

Бундай номувофиқ деб топилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида кундалик истеъмол қиладиган ош тузимиз, маргарин, колбаса маҳсулотлари ҳам бор. Ҳаммага маълумки, юртимизда ишлаб чиқарилиб, истеъмолчига таклиф этилаётган ош тузлари ёдланган ҳолда бўлиши керак. Аммо текширувдан ўтказилган ош тузларида бу меъёр бузилган, яъни ёд миқдори кам чиқди. Ваҳоланки, аҳоли саломатлиги, унинг организмидаги ёд танқислигига барҳам бериш учун ҳукумат томонидан тузларнинг ёд билан ишлаб чиқарилиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Текширувдан ўтказилган олий навли колбасанинг таркибидаги крахмал миқдори меъёрий ҳужжатда кўрсатилганидан кўп чиқди. Кефирдаги ёғ миқдори ҳам ёрлиқдаги талабга мувофиқ чиқмади. Ёрлиқда агар ёғлилик кўрсаткичи 2 фоизли деб кўрсатилган бўлса, таркиб шунга мос бўлиши керак, аммо текширувда бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Бундай ҳолатни истеъмолчини алдаш дея баҳолаш мумкин, чунки у кефирнинг ёғлилик миқдори 5 фоиз деб ёзилган ёрлиққа ишониб, қиммат пул тўлайди-да, арзон нархдаги 2 фоизлисини ёки ундан ҳам миқдордагисини харид қилади. Бу текширув натижаларининг ачинарлиси шундаки, сифати талабга жавоб бермайдиган аксарият маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари болалардир. Масалан, ёгурт, кефир, сут каби...

Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари асосан Ўзбекистон давлат стандарти — ЎзДСТ ва ташкилот стандарти — ТС талаблари билан ишлаб чиқарилади. Аммо ташкилот стандартлари ҳам давлат стандартларига мутаносиб бўлиши шарт. Бу стандартлар ёрлиқда кўрсатилган бўлади ва маҳсулот ана шу меъёрий ҳужжатга мос бўлиши лозим. Аммо ташкилот стандартида давлат стандартига ўзгартириш киритишга йўл қўйилмайди.

Мана, кундалик истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан айримларининг сизу биз билмаган “сирлари”дан воқиф бўлдик. Хулосамиз шуки, ҳамма нарсадан меъёрнинг бузилиши таназзулга олиб келади. Инчунин, озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам. Аммо сизу биз ишлаб чиқарувчиларнинг талабларни бузишига тўсиқ бўла оламиз. Қандай қилиб дейсизми? Бор-йўғи истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқимизни ишга солсак кифоя. Агар сизда бирор маҳсулотда шубҳа туғилса, ёрлиққа қаранг ва ишлаб чиқарувчидан изоҳ талаб қилинг. Шу йўл билан уларнинг виждонан ишлашига ҳисса қўшсак, нур устига нур бўларди.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Чарчоқ билан кураш:  қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?Спорт

Чарчоқ билан кураш: қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?

Кўплаб одамлар иш ва шахсий ҳаётдаги мажбуриятлар, етарли уйқунинг йўқлиги ва нотўғри овқатланиш туфайли чарчоқни бошдан кечиради. Бу фақат жисмоний ҳолсизлик билан чекланмайди, ба

25.10.20241105
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726
Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?Тиббий сабоқлар

Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?

Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало

28.12.20241244