Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Озодаликдан қўрқадиган хасталик

25.05.2017
55 марта ўқилди
Озодаликдан қўрқадиган хасталик

Ёки юқумли меъда-ичак касалликлари ҳақида хабардормисиз?

Иссиқ жойда сақланган озиқ-овқат маҳсулотларида микроблар кўпайиб, унинг бузилишига сабаб бўлади. Бундай овқатни истеъмол қилиш касалланишга олиб келади.

Айниқса, иссиқ кунларда ўткир юқумли меъда-ичак касалликлари авж олади. Уларни турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Касаллик қўзғатувчи микробларнинг турига қараб бу хасталиклар ичбуруғ, сальмонеллёз, ичтерлама, эшерихиоз, иерсиниоз каби номлар билан юритилади.

Жазирама кунларда ушбу юқумли дарднинг кўпроқ учрашига бир қанча омиллар сабаб бўлади. Аввало, ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши, айниқса, ёш болалар организмида маълум иммунологик ўзгаришлар, ҳимоя воситалари кучсизланиши, овқат ҳазм бўлишининг сусайиши, қайнатилмаган сувнинг истеъмол қилиниши ёки иссиқ кунда тез-тез сув ичиш сабабли меъда ширасидаги муҳим ҳимоя воситаси ҳисобланадиган хлорид кислотаси концентрациясининг пасайиши беморликка чалинишга замин ҳозирлайди.

Касаллик қўзғатувчи микробларнинг асосий манбаси шу дард билан оғриб ўтган ёки оғриётган беморлар, шунингдек, ушбу касаллик бактерияларини ташувчилардир. Уларнинг нажаси билан микроорганизмлар ташқи муҳитга тарқалади. Кейин эса атроф-муҳит объектларини (сув, кийим-кечак, озиқ-овқат)ларни ифлослантиради.

Агар озиқ-овқат маҳсулотлари нотўғри сақланган бўлса микробларнинг кўпайиши учун қулай шароит туғилади. Шунинг учун иссиқ жойда сақланган озиқ-овқат маҳсулотларида микроблар кўпайиб, унинг бузилишига сабаб бўлади. Бундай овқатни истеъмол қилиш касалланишга олиб келади.

Айрим эмизикли болаларни оналар эмизишда ва уларни овқатлантиришда озодаликка эътибор беришмаса ёки гўдакнинг сунъий озуқаси нотўғри сақланса унга микроблар тушиши ва тезгина кўпайиши мумкин. Қайси микроб қўзғатишидан қатъий назар касалликнинг асосий белгилари тўсатдан ич бузилиши ва қусиш билан кузатилади. Кетма-кет қусиш ва ич кетиши оқибатида киши организми қисқа муддатда кўп миқдорда сув ва минерал тузларни йўқотади. Натижада бемор ҳолсизланади, унинг териси қуруқ бўлиб, дағаллашади. Оғзи қурийди. Бу ҳолат болаларда кўпроқ учраб ўйнаб-кулиб турган бола 3-4 соат ичида бутунлай мажолсизланади. Одатда одамлар бозорларда ювилмаган ҳўл ва қуруқ меваларнинг таъмини татиб кўрган вақтида, яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатларни истеъмол қилганда ҳамда бемор билан мулоқотда бўлганда, шунингдек, унинг яхши тозаланмаган идиш-товоқларидан фойданилганда ушбу хасталикка чалинади. Яна болалар каналлар, ариқлар, анҳорларда чўмилган пайтларида сув ютиб юборганида ҳам инфекцияни юқтириши мумкин.

Ўткир юқумли меъда-ичак касалликларининг тарқалишида пашшалар ҳам катта роль ўйнайди. Улар ифлос жойларда тухум қўйиб, кўпайиб, касаллик қўзғатувчи микроорганизмларни оёқларидаги тукчаларга илаштириб олади ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва идиш-товоққа қўниб, уларга микробларни тарқатади. Агар уйда яқинларингиз ва ёш болаларда қайт қилиш, ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши каби касаллик белгилари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

“Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши” деган нақл бежизга айтилмаган. Юқорида номлари тилга олинган хасталиклар йўлиқмай десангиз биринчи галда тозаликка айниқса, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонага кириб-чиққач қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга эътиборли бўлиш зарур. Хонадонлар, иш жойлари, дала шийпонлари, мактаблар ва болалар муассасаларида, озиқ-овқат маҳсулотлари корхоналарида, ошхоналарда саришталикка риоя қилиш шарт. Тез бузилиб қоладиган озиқ-овқат маҳсулотларини совутгичларда, бошқа маҳсулотларни эса пашша, суварак, сичқон ва каламушлар тегмайдиган жойда сақлаш лозим. Овқат қолдиқларини ўз вақтида йиғиштириб, махсус ажратилган чиқиндихоналарга олиб бориб ташлаш керак. Сувни фақат қайнатиб ичишни унутмаслик муҳим. Ишда, жамоат жойларида, уйда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш даркор.

Гижжа хасталиклари каби бу дард ҳам шифокорлар томонидан “ифлос қўллар касаллиги” деб айтилади. Ҳар нарсани билиб-билмай оғизга солишдан сақланиш керак. Айниқса, бозорларда ҳўл меваларни харид қилаётганингизда уларни ювмасдан татиб кўрманг. Сувни истеъмол қилишда эҳтиёткор бўлган маъқул. Кўпроқ қайнатилган суюқлик ичиш тавсия этилади. Чўмилганда сувларнинг тозалигига эътибор бериш керак. Ҳўл меваларни яхшилаб ювиб истеъмол қилиш зарур. Яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатларни ёки салатларни истеъмол қилманг.

Музлатгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулотларни ўз вақтида истеъмол қилиш ва уларни тез-тез янгилаб туриш даркор.

Меваларни қайнатилган совуқ сувда қайта-қайта ювишдан эринмаслик керак. Айниқса, қулупнай каби резавор мевалар табиий гўнг солиб етиштирилгани ва унинг мевалари ерга яқин ўсгани учун тез ифлосланади. Шу сабабли бу мевани яхшилаб ювишни унутманг. Идиш-товоқларни ювгандан сўнг қайнаган сувга ботириш ёки чайиш керак. Касалхонага борганда бемор яқин кишингиз бўлсада ундан масофа сақланг.

Чақалоқларни овқатлантиришда сунъий овқатларни болага етарли қилиб тайёрлаб беринг ҳамда узоқ сақламанг. Атроф-муҳитни, хонадонларни ва аҳоли умумий фойдаланадиган жойларни доимо озода бўлишини таъминлаш керак. Ҳар биримизнинг соғлигимиз юқорида айтилган қоидаларни қандай бажаришимизга ҳам боғлиқ.

Ҳар бир беморни даволаш учун давлатимиз томонидан катта маблағ сарф қилинади. Бу эса бюджетдан сезиларли сарф-харажатларни талаб этади. Шунинг учун ҳам беморни даволашдан кўра хасталикнинг олдини олиш учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. Агарда юқорида айтиб ўтилган тавсияларга қатъий амал қилсангиз ўткир юқумли меъда-ичак касаллликлари ва унинг оғир асоратларидан ўзингизни асраган бўласиз ҳамда оила аъзоларингизнинг саломатлигини мустаҳкамлашда ўзингизнинг катта ҳиссангизни қўшасиз.

Теглар:#2017/21

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Кўкйўтал қандай хасталик?Тиббий сабоқлар

Кўкйўтал қандай хасталик?

Кўкйўтал нафас йўлининг жуда хавфли бактериал инфекцияси ҳисобланиб, унга йўлиққан киши йўталиши ёки акса уриши оқибатида ҳавога микроб тарқалади ва шу яқин атрофда нафас олган кши

31.10.20241179
Қизамиқ қандай хасталик?Тиббий сабоқлар

Қизамиқ қандай хасталик?

Бугунги кунда болалар ва катталар ўртасида сувчечак ва қизамиқ касалликлари тез-тез учрамоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, эмлашдан бош тортганлар ҳисобига

09.08.2024208
Қандли диабетдан сақланишнинг  8 усулиТиббий сабоқлар

Қандли диабетдан сақланишнинг 8 усули

Бу касалликка чалинганлар ҳақида эшитсак, дарҳол соғлигимиз ҳақида ўйлаб қоламиз. Зеро, қандли диабетнинг ўзидан ҳам асорати хавфлироқ саналади. Маълумки, ҳар қандай хасталикни дав

29.05.2024111
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726