Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

ЎЗБЕК КИНОСИ КАШФИЁТЧИСИ

27.10.2014
51 марта ўқилди
ЎЗБЕК КИНОСИ КАШФИЁТЧИСИ

Хивада Нурмуҳаммад девон оиласида дунёга келган болакай ниҳоятда янгиликка, билим олишга интиларди. У эски мактабда савод чиқариб шарқ, араб, форс тиллари грамматикасини пухта ўзлаштиради. Рус, немис, француз тилларини ўрганади. Кейинчалик эса у Ўзбекистонда илк бор фотография ва кинематография соҳасининг пайдо бўлиши ва ривож топишида тамал тошини қўйди. У бу ютуқларга тасодифий омад туфайли эришгани йўқ. Меҳнат ва изланишлари натижасида кейинчалик у Худойберган Девонов сифатида тарихда қолди.

Худойберган Девонов ҳаёт тақозоси билан немис ҳунарманди Вильгельм Пеннер билан учрашиб, унга шогирд тушади. Кейинчалик Петербург шаҳрига бориб кинематография мутахассисларидан шу соҳа бўйича керакли маълумотларни олади. Рус ҳамда француз фирмаларининг киноаппаратлари, граммофон ва телескопидан илк ўзбек фарзанди сифатида фойдаланади. Таъсирли асарлар яратади. 1908 йилда у Хиванинг марказий кўчалари, бозор ва сайлгоҳларини маҳорат билан суратга олади ва уйида намойиш этади.

Шундай қилиб биринчи ўзбек кинооператори томонидан ўзбек халқи ҳаёти, турмуш тарзи ва урф-одатлари тасвирланган “Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари”, “Хива ва хиваликлар”, “Туркистон кўринишлари”, “Тўрткўл”, “Чархпалак”, “Пахта терими”, “Ариқ тозалаш” каби мингга яқин киноматериаллари авлодларимизга муҳим тарихий манба бўлиб қолди.

1925 йилда Тошкентда ўзбек киностудияси ташкил этилиб, Х.Девонов шу ерда ўз фаолиятини давом эттиради. У нафақат ўз касбининг моҳир устози, истеъдодли фотограф, кинооператор, соатсоз, заргар, балки, шеърият мухлиси, мусиқа шинавандаси ҳам бўлган.

Худойберган Девонов Хива педагогика билим юрти ҳамда “Болалар уйи”да фото тўгараги ташкил қилиб, ёшларга фото, кино соҳалари бўйича билим берган. Марказий газеталарда мухбир ва фотомухбир сифатида ижодий фаолият кўрсатди. Хоразмга биринчи трактор келиши, ерни ижара усулида тақсимлаб берилиши ва оммавий тадбирларни бир қанча фотосурат ҳамда кинолавҳаларда акс эттирди.

Ўз даврининг маърифатли кишилари қаторида Худойберган Девоновга ҳам 1937 йилда ёмон одамларнинг туҳмати билан “халқ душмани” тамғаси қўйилиб, у қамоққа олинди ва бир йилдан кейин отиб ташланди.

Бироқ, у яратган ижод намуналари бугунги ўзбек киносининг мустаҳкам пойдевори учун асос бўлди. У томонидан яратилган фотосуратлар ва кино асарлар бебаҳо тарихий мерос сифатида, авлодлар хотирасида абадий сақланиб қолади.

Теглар:#2014/42

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021362
ТУРКСОЙ ўзбек журналистларини тақдирладиМаданият

ТУРКСОЙ ўзбек журналистларини тақдирлади

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида ўзбек журналистларига ТУРКСОЙнинг мукофотлари топширилди.       Тадбирда ТУРКСОЙ ташкило

12.09.2022309
Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилдиМаданият

Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳасига кўра, Озарбайжоннинг машҳур шоираси Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилига таржимаси асосидаги янг

07.10.2022234
БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗМаданият

БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на

01.12.2021353