Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Осойишталик оғушидаги болалар

15.07.2015
82 марта ўқилди
Осойишталик оғушидаги болалар

Ойбек чизаётган расмларига худди рассомлардек гоҳ чап, гоҳ ўнг томондан, гоҳи тўғрисидан кўзини сиқиброқ нигоҳини қадар, ҳар жой-ҳар жойига мўйқалам учини теккизиб, камчилигини тузатарди. У оёқ яланг чопиб кетаётган болаларнинг бахтли онлари ҳамда ўз юртининг гўзал табиат манзаралари тасвирланган расмларни алоҳида тахлар экан, бирдан юраги орзиқиб кетди. Чунки, унинг ижодий ишлари Японияда бўлиб ўтадиган “Бахтли болалик расмлар кўргазмаси танлови”га жўнатилаётган эди.

Бир оз вақт ўтиб эълон қилинган танлов натижаларига кўра Ойбек Копеев танлов ғолибига айланиб Япониянинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Ғолиблик нашидаси болаликнинг бахтиёр онларига туганмас шодлик бахш этди.

Ҳа, Қорақалпоғистон Республикасидаги 1-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари орасида О. Копеевга ўхшаган иқтидорли ўғил-қизлар кўплаб топилади. Ҳозирги кунда ушбу муассасада 117 нафар тарбияланувчи бўлиб, шундан 59 нафарини қизлар, 58 нафарини эса ўғил болалар ташкил этади.

Уларнинг бўш вақтлари “Инглиз тили”, “Компютер саводхонлиги”, “Ёш китобхон”, “Гулчилик”, “Пазандачилик”, “Тикувчилик”, “Қўғирчоқ театри” каби бир-биридан қизиқарли тўгаракларда мазмунли ўтаётир.

– Бизнинг тарбия масканимизда иқтидорли болалар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, ўтган икки йил биз учун жуда омадли бўлди, десак адашмаймиз. 2013-йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Камалак жилоси” республика кўрик-танловида тарбияланувчиларимиздан Азизбек Пирниязовнинг туркум расмлари хайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди ва унинг “Наврўз” мавзусидаги расми Япониядаги кўргазмада намойиш этиш учун жўнатилди. Ўзбек миллий анъаналари тасвирланган мазкур расм барча дунё болаларининг чизган расмлари билан биргаликда нуфузли журналлардан бирида чоп этилгани жамоамиз аъзоларига олам-олам фахр туйғусини ҳадя этди, – дейди “Меҳрибонлик” уйи директори Светлана Сон.

Шунингдек, “Тонг ғунчалари” фолклор жамоаси ҳам Туркманистон шаҳрида ўтказилган “Аваза – дўстлик макони” халқаро болалар фестивалида ўз концерт дастурлари билан муваффақиятли иштирок этди.

Россия Федерациясининг Москва шаҳрида тасвирий санъат бўйича ўтказилган ИВ-В халқаро болалар ижодиёти танловига ўн бир нафар тарбияланувчиларнинг “Менинг Ватаним”, “Менинг болалигим”, “Менинг садоқатли отим” мавзуларини акс эттирган расмлари жўнатилган эди. Она Ватанга муҳаббат, табиат гўзалликларидан ҳайратланиш, ҳайвонот олами билан инсонлар орасидаги дустона муносабатларнинг болалар қалби ва руҳий оламига монанд акс эттирилган турфа расмлар танлов ҳакамлари ва мутахассислар томонидан муносиб тақдирланди. Ва уларнинг ижодий ишлари дунё болалари ижодий ишлари билан биргаликда “Русская галерея – ХХИ века” журналида чоп этилди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда спортга, айниқса, болалар спортига катта эътибор қаратилаётганини бу даргоҳда ҳам кузатиш мумкин. Бу ерда болаларнинг соғлом ва баркамол вояга етказиш йўлида турли спорт тўгараклари ўз фаолиятини юргизиб келмоқда. Уларнинг Республика миқёсида бўлиб ўтадиган қатор спорт мусобақаларида ҳар йили фаол қатнашиб келаётгани бунга мисол бўла олади.

Жорий йилда ўқувчи-ёшлар ўртасида “Нафосат олами” шиори остида “Соғлом авлод учун” фонди кубоги учун спортнинг сузиш тури бўйича мусобақа ўтказилганида “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларидан С. Сейданова 1-ўрин, Ф. Шарифова 2-ўрин ва Д. Қувондиқовалар 3-ўринни эгаллади. А. Сапаров, Н. Абушаев, М. Пишенбаев ҳамда О. Копеевлар “Энг гўзал маҳорат соҳиби” номинацияси бўйича совринга эга бўлишди.

Ҳар йили Хўжайли тумани “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ўтказиладиган спортнинг “Милтиқдан ҳавога ўқ отиш” тури бўйича мусобақада тарбияланувчилар мунтазам равишда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келишаётгани бу даргоҳда зукко, эпчил, соғлом келажак авлод вояга етаётганидан дарак беради.

Жорий йилда “Ватан ҳимоячилари куни” ҳамда “Хотира ва қадрлаш” кунига бағишлаб ўтказилган спортнинг туман мусобақасида қатнашган тарбияланувчилардан, Дошанова Динара 2-ўринни, “Меҳрибонлик” уйи жамоаси эса 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди.

Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур муассасада тарбияланувчилар вояга етгач мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, ўз уйи, оиласига эга бўлишлари масаласига ҳам катта эътибор берилаётгани қувонарлидир. 2013-йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 164-сонли қарори асосида, “Меҳрибонлик” уйида тарбияланган чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 26 нафар тарбияланувчи турар жой билан таъминланди.

Санъатнинг инсонга руҳий қувват бериши ҳақиқат. Муаллимлар болаларнинг иқтидорига қараб мактабларга йўналтирадилар. Мазкур муассаса тарбияланувчиларидан Р. Карамова, С. Сейданова, Н. Аширбекова, У. Жолдасбаева ва К. Ҳасанбаевлар Хўжайли туманидаги 5-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби театр бўлимининг 2-синфида таҳсил олишади. Улар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган республика танловида ўз истеъдодларини намойиш этиб Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг 1-даражали дипломи ҳамда фахрий ёрлиқлари билан мукофотландилар.

Муассасанинг “Тонг юлдузчалари” рақс гуруҳи турли байрам кунлари гўзал рақслари билан томошабинларга қувонч улашадилар. Улар Эликқалъа туманида ўтказилган қатор фестивалларда, “Камалак юлдузлари – 2012” болалар республика фестивалида ғолибликни қўлга киритишган. Ўтган йили Тошкент шаҳрида “Кўҳна замин оҳанглари” телефестивалида ҳам фолклор жамоаси болалар миллий халқ ўйинлари ва концерт дастури билан иштирок этиб, “Йилнинг энг иқтидорли болалари” номинацияси бўйича совринни қўлга киритди.

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг туман босқичида Н. Уразова, Н. Утемуратова ва Ю. Жолдасбаевалар ғолибликни қўлга киритиб танловнинг вилоят босқичига йўлланма олишди.

Қуёш тафти атрофни қиздираётган бир даврда мазкур даргоҳдаги барча шароитларга эга замонавий сузиш ҳавзаси болажонларнинг севимли масканига айланган. Тажрибали педагоглар назоратида болалар сузиш билан машғул бўладилар. Улар орасида синхрон сузиш машқлари билан шуғулланганлари ҳам бор.

Шунингдек, болаларнинг барча шароитлари мавжуд ёзги оромгоҳларда дам олишларини таъминлаш ҳам яхши йўлга қўйилган. Жорий йилда Тошкент вилоятининг “Конструктор” оромгоҳида 30 нафар, Самарқанд вилоятининг “Золотинка” оромгоҳида 30 нафар, Тахиаташ шаҳри “Айдын жол” оромгоҳида 70 нафар тарбияланувчи мароқли дам олади, ўз соғлиғини мустаҳкамлаб, чиниқиб қайтишади.

Биз юқорида тилга олган нуфузли тадбирлар, кўрик-танлов ҳамда спорт мусобақалари болажонларнинг ҳар бир кунини мазмунли ўтиши, уларнинг жисмонан соғлом, маънавий баркамол фарзандлар бўлиб вояга етишларида муносиб улуши бор. Она Ватан оғушида тинчлик-хотиржамликда улғаётган бу баркамол авлоднинг келажакдаги вазифаси эл-юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшиш ҳамда уларга таълим-тарбия бераётган устозлар ишончини оқлашдир.

Теглар:#2015/28

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ИСТИРОҲАТ БОҒИДАГИ БОЛАЛАРМаданият

ИСТИРОҲАТ БОҒИДАГИ БОЛАЛАР

Куни кеча пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номли маданият ва истироҳат боғи ҳар доимгидан ҳам гавжум бўлди. Маълумки, 25 майдан 2 июнга қадар юртимиз бўйлаб “Бахтли болалик” шиори остид

02.06.2023260
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227
Болаларни қандли диабетдан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?Тиббий сабоқлар

Болаларни қандли диабетдан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?

Қандли диабет йилдан йилга яшариб бормоқда. Бу дардга чалинганлар орасида ёш болалар, ҳатто чақалоқлар ҳам борлиги хавотирли ҳолат. Мутахассисларнинг бу ташвишида асос бор. Чунки ҳ

05.11.2022230
Болалардаги  тошмалар қандай хасталик белгиси?Тиббий сабоқлар

Болалардаги тошмалар қандай хасталик белгиси?

Мана, куз ҳам ниҳояламоқда. Салқин кунлар бошланган. Демак, ҳозир мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган пайт. Шулардан бири – чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учра

28.11.2023119