
Ёз серқуёш ва оромбаҳш кунлари билан инсонга хуш кайфият улашади. Айниқса бу фаслни катталардан кўра болажонлар интиқлик билан кутишади. Негаки, йил давомида бироз ҳориққан болалар навбатдаги ўқув йилига куч тўплашлари учун сўлим оромгоҳлар бағрида ҳордиқ чиқаришади.
Сир эмаски, юртимизда болаларни ёзги соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан мазкур соҳа ривожига кўрсатилаётган эътиборнинг йил сайин ортаётгани боис, мана икки йилдирки дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструксия қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ҳар йилга мўлжалланган Манзилли дастур тасдиқланмоқда. Унга мувофиқ республикада мавжуд оромгоҳларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, янги дам олиш масканлари барпо этилмоқда.
Ўтган 2012 йил дастурга мувофиқ 30 дан ортиқ оромгоҳлар капитал таъмирланиб, реконструксия қилиниб, 3 та янги оромгоҳ қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 2 та янги оромгоҳ барпо этилди. 15 та оромгоҳ реконструксия, 19 таси тўлиқ таъмирланди. Бу йил республикамиз бўйича 1000 та болалар оромгоҳлар болажонлар ихтиёрига топширилди. Хусусан, 210 та стационар, 790 та кундузги, яъни мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари қошидаги оромгоҳлар, 50 та меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари фаолият кўрсатмоқда.
Шунга алоҳида урғу берилдики, болалар учун мўлжалланган оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш марказлари сифатидагина эмас, балки, уларни маънавий-интеллектуал ривожлантириш масканларига ҳам айлантирилган.
Юқорида қайд этилган оромгоҳларда мавсум давомида 270 минг 350 нафардан ортиқ ўғил-қизлар ҳар томонлама ҳордиқ чиқариб соғломлаштирилади. Бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 10 минг нафарга кўп демакдир. Бугунги кунда оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, оромгоҳларга малакали педагог ва тиббиёт ходимларини жалб этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча оромгоҳларда турли тоифадаги 15 минг 729 нафар педагог кадрлар, 1 минг 135 нафар тиббиёт ходимлари, 1 минг 87 нафар спорт йўриқчилари ва бошқа соҳа ходимлари жалб этилиши ҳам оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатдир.
Биргина ихтисослаштирилган оромгоҳлар мисолида кўрадиган бўлсак, бу йилги мавсумда бундай оромгоҳлар сонининг ортиши билан бирга, улар мазмунан бойитилди ҳам. Хусусан, 2011-йилдан "Интеллектуал ривожлантириш", "Тарбия ва спорт", "Меҳнат ва дам олдириш" оромгоҳлари билан бир қаторда жорий йилда "Экологик-биологик", "Ўлкашунослик", "Техник ижодкорлик", "Ижтимоий мослашув" оромгоҳлари ҳам фаолият кўрсатади. Ҳар бир ихтисослаштирилган оромгоҳга болалар қобилияти, иқтидори ва қизиқиши бўйича қамраб олинади.
"Интеллектуал ривожлантириш" оромгоҳларида эса Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда фан олимпиадалари, билимлар беллашувлари ғолиблари бўлган иқтидорли болалар ҳордиқ олишади. "Тарбия ва спорт" оромгоҳларига болалар жойлардаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари билан ҳамкорликда жалб этилади. "Ижтимоий мослашув" оромгоҳларида эса жисмоний имконияти чекланган болалар имтиёзли асосларда соғломлаштирилади.
Маълумки, болалар оромгоҳларида асосан 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар дам оладилар. Амалиётга киритилганига ҳали унча кўп вақт бўлмаган "Меҳнат ва дам олдириш" оромгоҳларига эса 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар жалб этилиб, дам олиш билан бирга, уларга дастлабки меҳнат кўникмалари ҳам сингдирилади. Бу турдаги оромгоҳлар республикамизнинг ҳар бир ҳудудида маҳаллий ҳокимликлар, касаба уюшмалари ва корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилади. Улар сони бу йил 2 баробарга ортди.
Давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, "Меҳрибонлик уй"лари ва мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, жисмоний имконияти чекланган болаларни имтиёзли соғломлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, жорий йилда жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг 30 минг нафардан ортиқ фарзандларини имтиёзли соғломлаштириш режалаштирилган.
"Обод турмуш йили" Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда маҳалларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган 600 нафар ўғил-қиз имтиёзли асосларда соғломлаштирилади.
Бу йилги оромгоҳларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг иш дастурига илк бора хорижий тилларни ўргатиш бўйича махсус тўгараклар фаолияти киритилди. Мазкур янгилик – Давлатимиз раҳбарининг "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси йўлидаги саъйи-ҳаркатлардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, маданий тадбирлар сифатини ошириш мақсадида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси томонидан махсус дастурлар ишлаб чиқилди. Ушбу дастурларга мувофиқ Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида фаолият кўрсатувчи болалар оромгоҳларига махсус жадвал асосида таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, "Ниҳол" мукофоти совриндорлари ташриф буюриб, консерт дастурларини намойиш этадилар.
Оромгоҳларнинг барчаси бадиий адабиётлар, зарур спорт жиҳозлари билан таъминланган. Уларда олиб бориладиган жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича ҳам махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Шунга мувофиқ ҳар бир оромгоҳда турли спорт мусобақалари, оромгоҳлараро спартакиадалар, хотира турнирлари ўтказилади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларXXI асрнинг янги эпидемияси: телефонга қарамлик болаларнинг саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?
Бугун гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, турли вазиятларда «ёрдамчи»мизга айланган. Керакли маҳсулотни харид қилиш, бирон инсон билан тез боғланиш, зарур маълумот олиш ёки юбор
СпортУй шароитида болаларнинг бўйи нормал ўсиши учун нима қилиш керак?
Фарзандингизнинг бўйи меъёрида бўлиши учун спорт машқларига эътибор қаратинг. Сакраш, турникда осилиш, волейбол, баскетбол спорт турларига жалб қилинг. Бола жисмоний фаоллик билан
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
