Азизжон Қаҳҳоров ва Назокат Аҳмедова Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари танлови ғолиби бўлди
Ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ривожи аҳоли реал даромадларининг ошишига, ишсизликнинг камайишига, энг асосийси халқ фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Биргина бу эмас, ҳозирги шиддаткор асримиз ватан ичра мўжаз ватан ҳисобланмиш ҳар бир оила даромадлари ва сарф-харажатларининг ҳисоб-китобида ҳам айнан иқтисодий билимларни талаб этмоқда. Шубҳасиз, бугуннинг ҳар бир кишиси, айниқса, ёшларнинг молиявий соҳадаги билимларни пухта эгаллаши ватанимиз равнақи ва унинг янада гуллаб яшнашига муносиб ҳисса қўшади.
Халқимизда “Бола бошдан, ақл ёшдан”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд тарбияни оила даврасидан олади.
– Ўқитувчилар оиласида камолга етганман. Отам Аҳрор Азимов, онам Дилбар Раупова ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс беради. Қанчалик ишлари кўп бўлмасин, улар биз фарзандларни ўқишимиз, қизиқишимиз, юриш-туришимиз билан жиддий шуғулланган. Ота-онамнинг маънавий рағбати туфайли айни вақтда Тошкент молия институти “Корпоратив молия ва қимматли қоғозлар бозори” мутахассислиги 2-курс магистрантиман, – дейди Азизжон Қаҳҳаров.
– Дастлаб ўзим туғилган Қизилтепа туманининг “Қизилтепа тонгги” газетасида мақоллаларим, қатор бошқотирмаларим билан иштирок этган бўлсам, эндиликда “Корпоратив молия соҳаси” бўйича мақолаларим республика миқёсидаги турли журналларда нашр этилди.
2012-йилда иқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртлари орасида Қарши шаҳрида ўтказилган Республика олимпиадасида “Миллий ва жаҳон иқтисодиёти” йўналиши бўйича иккинчи ўринни эгалладим. Математика фани бўйича олий ўқув юртлари ўртасида ўтказилган олимпиадада фахрий ёрлиқ билан мукофотландим.
Мамлакатимизда биз ёшларга яратилган кенг имкониятлар ва етарлича шарт-шароитлар ҳар биримизни ўқиб-изланишга ундайди. Институтда фаолият юритаётган “Ёш молиячи”, “Интелект” клублари аъзоси сифатида билимларимни янада мустаҳкамлаб бораяпман. Қолаверса, муассасадаги иқтидорли талабалар кенгаши раиси сифатида белгиланган режа асосида ҳар ойда илмий анжуман ва давра суҳбатлари ўтказиб борамиз. Бундай тадбирларда етук олимлар иштирок этиб иқтисодиётнинг долзарб вазифаларини содда усуллардан фойдаланиб тушунтириши биз талабалар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Ўқув жараёнидаги изланишларим ва устозларимнинг қўллаб-қувватлаши боис 2013-2014-ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари танловида ғолибликни қўлга киритдим. Бунда, албатта, ота-онамнинг, устозларимнинг меҳнати катта.
Айни вақтда устозим иқтисод фанлари номзоди Умар Бурхонов етакчилигида корпоратив молия соҳасида чет эл мамлакатларининг ўзини оқлаган тажрибаларини чуқур ўрганиб уларни миллий иқтисодиётимизга, мамлакатимизнинг ўзига хос моделидан келиб чиққан ҳолда татбиқ этиш борасида изланишлар олиб бораяпман. “Молиянинг замонавий йўналишлари” номли рисолам нашрга тайёрланмоқда. Мақсадим “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида корпоратив молия муносабатларини такомиллаштириш йўналишлари” мавзусидаги илмий изланишимни давом эттириб, келажакда докторлик даражасига етиш учун астойдил ҳаракат қилишдан иборат.
Ўқитувчилик ҳам масъулиятли, ҳам машаққатли, шу билан бирга шарафли касбдир. Устоз нафақат кучли билимга эга бўлиши, ўз устида тинимсиз ишлаши, балки сабр-тоқатли бўлиб ҳар бир ўқувчисининг қалбига йўл топа олиши лозим. Ана шундагина у обрў-эътибор қозона олади.
Шуларни чин дилдан ҳис этиб, ўқитувчи бўлишга қарор қилган Назокат Аҳмедова айни вақтда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 4-босқич талабаси.
– 2013-2014-ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари танловида ғолибликни қўлга киритган тенгдошларим қаторидан жой олганимдан чексиз қувондим, – дея таъкидлайди у.
– Юртбошимизнинг “Шу юрт меники. Унинг гуллаб-яшнаши учун мен ҳаракат қилмасам, ким жон куйдиради, дейдиган ёшларни кўрсам, менда худди қанот пайдо бўлгандай бўлади. Мен ёшларга ўзимга ишонгандай ишонаман” деган сўзлари биз ёшларга кўтаринки руҳ бағишлайди. Шулар ҳақида ўйларканман, шундай юртда туғилганимдан фахрланаман. Танлаган йўлим, аниқ мақсадим, меҳрибон устозларим борлигидан ғурурланаман. Ҳали мактаб партасидаёқ менга кенг имкониятлар яратиб берган ота-онам, қалбимда илм олишга иштиёқ уйғотган ўқитувчиларимдан беҳад миннатдорман. Эҳтимол, беш ёшимда онажоним қўлимдан етаклаб “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблига олиб боргани ва у ерда санъат сирларини ўрганганим, кейинчалик мактабдаги муаллимларим бошчилигида “Илҳом чашмалари”, “Ғазалхон ёшлигим” каби кўрик-танловларда қатнашиб ғолибликни эгаллаганим бугунги муваффақиятларимга замин ҳозирлаган бўлса ажаб эмас.
Айни вақтда илмий раҳбарим филология фанлари номзоди доцент Исломжон Ёқубов бошчилигида “Ўзбек ва ҳинд халқи фолклор асарларининг фалсафий-ахлоқий, бадиий-эстетик моҳиятини қиёсий таҳлил қилиш, поетик тафаккур муштараклигини очиб бериш” мавзусида изланишлар олиб бораяпман.
Шарқ бадияти дурдоналари бир ўзакка бориб тақалгани боис азалдан урф-одатларимиз-у фикр-мулоҳазаларимизда муштараклик мавжуд. Ўзбек ва Ҳинд халқ достонларидаги олам ва одам ўртасидаги боғлиқлик, комил инсон тараннуми, камолот босқичларидан ўтиш, қаҳрамонлик кўрсатиш, самовий эътиқодлар, оила қуриш кабиларда эпик қаҳрамоннинг тўсиқларни енгиб ўтиб, эзгу мақсадларга эришишдаги ўрни каби параллелликларни типологик ўрганиш адабиётшунослигимиз учун янги уфқлар очади. Зеро, мустақилликка эришганимиздан сўнг қадимги манбалар, муқаддас китоблар, ноёб қўлёзмаларни ўрганиш имкони бениҳоя кенгайди.
Ғолиблик мени нафақат билим ва изланишга, балки хотин-қизлар орасида ўз ўрнимга эга бўлишга ҳам ундайди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан маҳаллаларда ташкил этилган “Аҳоли ўртасида репродуктив саломатлик”, “Одам савдосига қаршимиз”, “Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш” каби кўплаб мавзулардаги семинар-тренингларда ўз маърузаларим билан қатнашиб келаяпман.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
СаломатликЮз териси учун фойдали 12 маҳсулот таомномада бўлиши шарт!
Одатда, юз териси парвариши учун қимматбаҳо кремлару зардоблар тавсия этилади. Бироқ бу ишни жуда арзонга ҳам бажариш мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Ҳамма гап овқатланиш рационини
ИқтисодОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар
Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис
ИқтисодЯнги лойиҳа: малина қандай етиштирилмоқда?
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришда илғор ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, 2023 йилда "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшимча қиймат занжири ярати
