Олтин кузнинг сўнгги ойи. У аста-секин ўз ўрнини қишга бўшатиб бермоқда. Дарахтлардаги тиллатус барглар менга жуда ёқади. Эрталаб кўчага чиқсам, йўлак юзини қоплаган бир-биридан чиройли япроқларга кўзим тушди. Дарҳол уларни териб олдим. Табиатнинг ўзи – мўжиза. Бир баргнинг ўзида не-не сир-синоат мужассам. Кечагина ҳовлимиздаги дарахт шохларидаги товланиб турган қизил-сариқ олмаларни бувижоним билан териб олганмиз.
Айни пишиқчилик вақтида онажонларимизга бироз юмушлар ҳам кўпайиб қолади. Чунки, улар тотли тузламалар-у, турли-туман консерваланган маҳсулотларини ўз қўллари билан тайёрлаб, дастурхон кўркига-кўрк қўшаётганига тасаннолар айцак арзийди. Баъзан қишнинг изғирин кунларида, мактабдан толиқиб келсак, уйда консерваланган аччиқ-чучук, бақлажонли икралар бирам мазали, тотли туюлади-ки, асти қўяверасиз. Суюқ овқат тайёрлаётганингизда дарҳол банкалардан очиб, қайнатма шўрвага солсангиз борми, унинг хушбўй ҳиди димоғимизни қитиқлайди.
Айниқса, онажоним пиширган ток дўлмасини бирам яхши кўраман. Ёзда узумдан ток баргларини олиб банкага ёпиб қўядида, қиш бўйи жуда мазали қилиб ток оши пиширади. Ҳа, жаннатмакон ўлкамизнинг шириндан-шакар мевалари-ю, болдан ширин узумлари ҳам танамизга қувват бағишлайди. Тунов куни бувижонимнинг қорни очибди-да, музлаткични очиб қараб турибди.
– Ҳа, бувижон, нима егингиз келяпти. Тухум қовуриб берайми, ёки қаймоқ ейсизми? – дедим.
– Йўқ, она қизим. Шу топда мени нима егим келяпти, биласанми, помидор қоқидан “аччиқ-чучук”, – деди ҳавасимни келтириб. Ҳа, ёзда помидор қоқини ҳам томга териб, устидан дока ёпиб қўйганимиз эсимга тушади. Дарҳол, қоқининг 4-5 тасини олдимда, иссиқ сувга солиб қўйдим. Бироздан сўнг уни тўғрадим-да, бир дона кичик пиёзни тўғраб, аралаштириб бувижонимга олиб келдим. Унинг мазаси бирам ширин эдики, асти қўяверасиз. “Ана энди ертўладан қишга деб олиб қўйилган бир бош “Ҳусайни” узумидан олиб ювиб келсанг, икковимиз бир узумхўрлик қиламиз. Булар, мен сенга айцам, қизим 1-2 кило гўштнинг ўрнини босади”, деди бувижоним меҳрибонлик билан. Эҳ, бувиси борларга мазада, улар билан ҳеч зерикмайсиз, ҳали қарасангиз эртак айтиб беради, ҳали қарасангиз укаларимнинг пайпоқларни олиб, бир текисда тикиб, тахлаб ўтиради, ишқилиб бекор ўтирганини кўрмайман.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СаломатликСоғлом бўлишнинг 6 та олтин қоидаси
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунё аҳолисининг 60 фоизга яқини етарли даражада жисмоний фаолият билан шуғулланмайди. Оқибатда юрак-қон томир тизими хас
СаломатликБолани овқатлантиришнинг олтин қоидаси
Маълумки, болани икки ёшгача она сути билан озиқлантириш тавсия этилади. Эмизишдан чиқарилгач эса гўдак учун меъда-ичак касалликларидан ҳимояловчи, витаминларга бой рацион тузиш за
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
