Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Оламни болалар ва рангларбезайди

20.05.2013
75 марта ўқилди
Оламни болалар ва рангларбезайди

Ранглар – ҳаётимиз мазмуни. Сариқ, пушти, қизил, яшил... Бу ҳаётий ранглар туфайли ҳаётимиз гўзал, дунё турфа ранглар ёғдуси билан мафтункордир. Ана шу мўжиза туфайли инсон борлиқни ўзича тасаввур этади, англайди.

Мутахассисларнинг фикрича инсон рангларни гўдаклигидан ҳис этиб, уларни бир биридан ажратиб боради. Шунинг учун ота-оналар ўз фарзандларига ўйинчоқлар танлашда унинг турфа ранглилигига эътибор қаратиши зарур. Бу орқали боланинг ранглар борасидаги диди, синчковлиги ривожланиб боради, уни етук инсон бўлиб камол топишига хизмат қилади. Ўз ижодий ишлари билан турли танловларда иштироки эса унинг бу борадаги маҳорати ошишига замин бўлади.

Андижон шаҳридаги, "Болалар ша­ҳар­часи"да истиқомат қилувчи Ихтиёр Комилжонов ҳам расм чизишга, турли кўринишдаги ҳайкалчалар ясаб унга ранглар ёрдамида сайқал беришга қизиқади. Ихтиёр ўз ички кечинмаларини мўйқалам орқали ифода этишга ҳаракат қилади. Эҳтимол, шунинг учундир, унинг ижодий ишлари ҳамиша ҳаётий, таъсирчан бўлади. Бу йил ҳам Ихтиёр "Меҳрибонлик уй"лари тарбияланувчилари ўртасида ўтказиладиган анъанавий "Камалак жилоси" расмлар кўрик танловида амалий санъат йўналиши бўйича иштирок этиб, 11-16 ёшли болалар ўртасида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Ана шундай рағбат ва эътироф инсонни ҳамиша юқори марралар сари етаклайди.

Ҳукуматга қарашли бўлмаган "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси томонидан 1997-йилдан буён "Меҳрибонлик уй"лари тарбияланувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "Камалак жилоси" расмлар кўрик-танловида иштирок этувчи болалар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларда тасвирий санъат ва бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборни шакллантиришдан иборат.

– "Камалак жилоси" танловида мунтазам иштирок этиб келяпмиз. Бу каби тадбирлар ижодкор болажонларимизнинг ўзаро тажриба алмашиши учун хизмат қилади. Иқтидорли ёшларимизнинг ижод намуналари йил сайин мазмундорлик касб этиб, ранг-тасвир борасида тажрибалари ортиб бормоқда. Бу йилги натижамиз ҳам анча яхши бўлди. Бизнинг "Меҳрибонлик уйи"мизда тарбияланувчи Меҳрангиз Қаландарова "Оқ лайлаклар" деб номланган ижодий иши билан биринчи ўринга, Тасвирий санъат йўналишида Азиз Тўхтаевнинг "Менинг оилам" мавзусидаги ижодий иши иккинчи ўринга муносиб деб топилди, – дейди Навоий шаҳри 1-"Меҳрибонлик уйи" ўқитувчиси Дилбар Бозорова.

Чиндан ҳам Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий залида бўлиб ўтган ушбу кўрик-танловда республикамиздаги "Меҳрибонлик уй"ларининг 1500 нафар тар­би­я­ла­нув­чи­лари иштирок этиб, вилоят босқичларида ғолиб деб топилган 100 дан ортиқ расмлар ва 80 дан ортиқ амалий санъат наъмуналари мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичига тақдим этилди. Ҳайъат аъзолари учун ғолибларни аниқлаш бироз мушкул бўлди. Сабаби, бу йилги танловга келган ижодий ишлар анчагина ранг-баранг бўлиши билан бирга, салмоқли ҳамдир. Ҳайъат аъзолари томонидан тасвирий санъат йўналишида ёшига қараб олти нафар, амалий санъат асарлари йўналишида ҳам олти нафар ёш ижодкорлар жами ўн икки нафар болалар турли йўналишлар бўйича ғолиб деб топилди.

Бунга кўра тасвирий санъат йўналишида 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида 1-ўрин Жиззах шаҳридан Достонбек Бердиев, 2-ўрин Самарқанд шаҳридан Меҳржон Маннопов, 3-ўрин Навоий шаҳридан Азиз Тўхтаевларга насиб этган бўлса, 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган ижодкорлар ўртасида 1-ўринни Сирдарё шаҳридан Рамазон Исроилов, 2-ўринни Тошкент шаҳридан Диана Азимова, 3-ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Атабек Алибеков эгаллади. Амалий санъат йўналишида 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида 1-ўринни Навоий шаҳридан Меҳрангиз Қаландаров, 2-ўринни Андижон шаҳридан Сардор Юлдашев, 3-ўринни Сирдарё вилоятидан Юрий Савин қўлга киритган бўлса, 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ўртасида 1-, 2-ўринлар андижонлик Ихтиёр Комилжонов, Илдар Раҳмонқулов ва Жавоҳир Эргашевларга насиб этди. 3-ўринга эса тошкентлик Атберт Содиқов муносиб деб топилди.

Ғолиблар тадбир ташкилотчилари томонидан Диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

– Андижон шаҳридаги "Болалар шаҳарчаси"да тарбияланувчи истеъдодли ёшларимиз бисёр. Устозларимиз ҳам тасвирий санъат ва амалий санъат йўналишида болаларимизга имкон қадар ўз билимларини бериб келишмоқда. Меҳнатимиз самараси ўлароқ, бу танловда Ихтиёр Комилжонов ва Илдар Раҳмонқулов амалий саънат йўналишида яратган асарлари билан ғолиб бўлди. Жавоҳир Эргашев эса "Анор нақши" деб номланган ижодий иши билан фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Навбатдаги танловда ижодкор болаларимизнинг сафини янада кенгайтиришга ҳаракат қиламиз, – дейди болалар тўгараги раҳбари Алишер Тожибоев.

Қалби гўзаллик ва санъатга ошно инсон, ҳар доим ёмонликдан узоқлашиб, яхшиликка ёндошиб яшайди. Бу каби кўрик-танловларнинг мунтазам ўтказиб борилиши ҳам ёш болажонларимизни дунёни турфа ранглар ёғдуси ила англашга ва уни ўз мўйқаламлари орқали ифода этишга ундайди.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227
Болаларни қандли диабетдан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?Тиббий сабоқлар

Болаларни қандли диабетдан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак?

Қандли диабет йилдан йилга яшариб бормоқда. Бу дардга чалинганлар орасида ёш болалар, ҳатто чақалоқлар ҳам борлиги хавотирли ҳолат. Мутахассисларнинг бу ташвишида асос бор. Чунки ҳ

05.11.2022230
Болалардаги  тошмалар қандай хасталик белгиси?Тиббий сабоқлар

Болалардаги тошмалар қандай хасталик белгиси?

Мана, куз ҳам ниҳояламоқда. Салқин кунлар бошланган. Демак, ҳозир мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган пайт. Шулардан бири – чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учра

28.11.2023119
Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?Саломатлик

Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она

22.06.2023322