Айтишларича Кун билан Тун ҳамиша ўзаро “сен зўрми, мен зўр” деб беғараз тортишар экан. Қиши билан қоронғу зимистон узайгандан узайиб, кучайгандан кучайса, ёзда эса кундуз ҳукмини ўтказар, тун бир тутамгина бўлиб, мунғайиб қоларкан. Қачонгача бу тортишув! Ниҳоят табиат унга чек қўйган кун ҳам келибди.
Бу тарихий кун – Қуёш Ҳамал буржига кирган кун экан. Шу куни Тун билан Кун теппа-тенг бўлиб, муросага келар экан. Шу кун яраш куни экан, шу кун сулҳ куни экан. Буни одамлар Наврўз – янги кун деб аташаркан. Шарқ мамлакатларида бу кун йил боши саналар экан. Шу куни Янги йил экан. Шу куни ҳамманинг юраги шодликка, яхши ниятларга тўларкан. Деҳқон бобо далага чиқариб, халқнинг ризқ-насибаси ғаллани тупроққа сепар экан.
Атрофни карнай-сурнай садоси, ноғоранинг навоси тутиб кетар, ҳамма ялла айтар экан. Бу алёрга қанотлари остида тўрғайни, елкасига қалдирғочни ортмоқлаб келаётган турналарнинг соғинчли саломлари, чавандозини чорлаган арғумоқларнинг кишнашлари, йўлидаги ҳар-хил хас-ҳашак, тўсиқларни чирпирак қилиб айлантириб оқаётган бўтана сувларнинг гувиллашлари жўр бўлар экан.
Байрам болаларники, боласиз байрам байрам бўптими?! Жажжи кафтларига шундоққина тупроқ, ҳаёт хиди анқиб турган бойчечак, ялпиз тутиб олган болакайлар қўшиқ айтиб уйма-уй югуришади:
Ҳули бўлсин, ҳули бўлсин
Бойчечакдек гулли бўлсин.
Келаси йил шу маҳалда
Ҳасан-Ҳусан улли бўлсин.
Бу яхши ниятдан эриб кетган келинчаклар болакайларнинг охорли этакларига қанд-қурслар солиб беришади. Ялпизни тўйиб ҳидлаб, бойчечакни кўзига суртган боболар ва момолар юртга, болаларга тинчлик, омонлик тилаб дуо қилишади. Дуо билан эл кўкаради. Худо хоҳласа йил яхши келади, юртда тинчлик, тўкинчилик бўлади. Болаларнинг шодлигига катталар ҳам қўшилади.
Ота-оналарни, кекса кишиларни, беморларни, ғарибу-мискинларни бир-бир йўқлашади, зиёрат қилишади. Бу билан ўзларини, дилларини поклаб олишади. Томорқаю ҳовлилар, кўчалару зовурлар тозаланади. Қозонларда сумалаклар, ҳалимлар қайнайди. Улар қиши билан толиқиб чиққан танларга куч-қувват бағишлайди. Шу куни аҳиллик янада қулоч ёзади, гина-кудратлар унутилади.
Яшасин Наврўз,
Яшасин Баҳор!
Баҳор болаликка ўхшайди. Ҳар иккиси ҳам беғубор, ҳар иккиси ҳам келажакдан умидвор. Ҳар иккиси ҳам сахий, мурувватли. Болаликнинг варраклари қанча баланд учса, баҳорнинг шодлиги шунча ошади. Болаларнинг қўшиғи қанчалик шўх янграса, баҳорнинг саҳовати ҳам шунча ошаверади. Бу йилги Наврўз янаям гўзал. Бу йилги Наврўз ўз бағрида Обод турмуш йилининг гўзал умид ва улкан муваффақиятларини олиб келмоқда.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМактабда Наврўз тантанаси
Шайхантоҳур туманидаги 10-сонли мактабда Наврўз байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Қадриятларимиз тараннум этилган тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган миллий либосла
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
