Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Оила меҳри олтиндан қиммат

14.11.2014
82 марта ўқилди
Оила меҳри олтиндан қиммат

Эртаклар яхшиликка етаклар”, деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Зеро, эзгу орзулар ва яхши амаллар, қаҳрамонликлар-у доруломон кунлар ҳақида эшитиб катта бўлган боланинг кўнгли ҳам эзгуликларга эш бўлади. Яхшиларга ёндошади. Одамларга қайишадиган бўлиб улғаяди.

Андижонда ана шундай эртакнамо бир маскан бор. Унда орзулар ушалади. Нима ҳақида гапираётганимизни англаган бўлсангиз керак. Лавҳамиз Андижон вилоятидаги Болалар шаҳарчаси ҳақида. Бу масканда ота-она меҳридан бевақт жудо бўлган болалар, фарзанд ҳидини қўмсаб дили ўртанган оналарнинг армонлари рўёбга чиқади.

Болалар шаҳарчасига кирар эканмиз у ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишдик. Болаларга ажратилган уйлар ниҳоятда файзли. Болалар хоналарининг ҳар бири ўзига хос жиҳозланган. Кўплаб ўйинчоқлар, турли китоблар...

Вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги мазкур муассасада ота-она қаровисиз қолган 89 нафар бола 13 та оилада тарбияланмоқда. Уларга 13 нафар тарбиячи-она ва 7 нафар тарбиячи-холалар парвона бўлишмоқда.

Дурдона Мўминова раҳбарлик қилаётган ушбу болалар шаҳарчаси шаҳардаги энг кўркам бинолардан бири ҳисобланади.

– Шаҳарчамизнинг бош мақсади – ҳар бир хонадонда чинакам оилавий муҳитни шакллантириш, болалар қалбида оилага меҳр уйғотиш, – дейди шаҳарча раҳбари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” Дурдона Мўминова. – Чунки, бола оиласида меҳр кўриб улғайсагина келажакда ўзгаларга меҳр улаша оладиган, бағри кенг инсон бўлиб вояга етади. Шу билан бир қаторда болалар тарбиясида шубҳасиз тарбиячи-она ва холаларнинг ўрни беқиёс. Биз муассасамизга тарбиячиларни ишга олишдан аввал уларни обдон синовдан ўтказамиз. Зеро, оиладаги муҳит яхши бўлса, бола келажакка ишонч билан интилади.

Икки нафар фарзанднинг онаси Д.Мўминова ўзи раҳбарлик қилаётган шаҳарчадаги 89 нафар болага ҳам худди ўз фарзандидек муносабатда бўлади.

Шаҳарчада тарбияланаётган болалар Андижондаги 5-, 14 – ва 33 – мактабларда таълим олишади. Муассасага Юртбошимиз томонидан болаларни мактабга олиб бориб келишга мўлжалланган “ИСУЗУ” микроавтобуси совға қилинган.

Оила бекаси ҳақиқий оила муҳитини шакллантириш йўлида барча ишни амалга оширмоқда. Бозор қилишдан тортиб, мактабга боришгача бўлган жараёнларнинг барчасида болалар ҳам бевосита иштирок этиши уларда ўзларига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига замин яратади. Айниқса, оила билан мактаб алоқаси ҳам яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир онанинг ўқитувчилар билан мулоқот дафтари мавжуд. Унга фан ўқитувчилари боланинг билими, тарбияси ҳақида фикрини ёзиб беради. Энг қизиғи улар ўртасидаги алоқачи-боланинг ўзи. Шу сабабли ҳам у ўз камчилигини билиб туради. Бу эса ўз-ўзидан болага камчиликлари устида ишлашга туртки бериши табиий.

Муассасада тарбияланган болажонлар катта ҳаётга қадам қўйганларидан сўнг ҳам бу ердаги оила аъзоларини ҳеч қачон эсдан чиқаришмайди. Шаҳарча тарбияланувчиси Муҳаббат Каримованинг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлгани бу ерда болаларнинг таълим олишларига қаратилаётган эътиборнинг нақадар юксак эканини кўрсатади.

– Шу ерда улғайган фарзандларимиз Бахтиёр ва Илҳомжонларнинг уйлангани-ю, Заҳро қизимизнинг турмушга чиққани ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири сифатида ёдимда қолган, – дейди Дурдона Мўминова.

Болалар шаҳарчасида 20 та замонавий бино ва турар-жойлар, сузиш ҳавзаси, бокс ва гимнастика заллари, спорт мажмуаси, стадион, болалар ўйингоҳлари ёзги амфитеатр ҳамда мусиқа заллари мавжуд. Уларнинг барчаси замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида хореография, бичиш-тикиш, мусиқа ва инглиз тили тўгараклари мунтазам ишлаб турибди. Тикувчилик устахонасида қизлар бичиш-тикиш сирларини ўрганишмоқда. Болалар ижодиёт марказидаги ижодий ишларни кўриб, уларнинг вақтлари ва иқтидорлари беҳуда сарфланмаганига гувоҳ бўласиз. Ўқувчилар томонидан тайёрланган юмшоқ ўйинчоқлар, турли либослар, техник қурилмалари билан нафақат вилоят, балки республикада ҳам муваффақият қозонишмоқда.

Шунингдек, болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларини таъминлаш йўлида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Малакали ва ширинсўз шифокор Мадина Фаттоҳова кўп йиллардан бери болалар саломатлигини асраш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб келмоқда. Муассаса билан Темир йўл шифохонасининг болалар бўлими ўртасида имзоланган шартномага кўра жорий йилда 67 нафар болажон соғломлаштириш оромгоҳларида бўлишди.

Меҳрибон тарбиячи-оналардан бири бўлган Муножатхон Каримованинг 7 нафар фарзанди бор:

– Президентимиз бу ерда бўлганида шаҳарчамизга икки автобус юмшоқ ўйинчоқлар совға қилган эди, – дейди тарбиячи-она кўзида севинч ёши билан. – Давлатимиз раҳбари томонидан берилган ушбу ўйинчоқларни болаларимиз ниҳоятда авайлашади. Юртбошимизни “бобожон” дейишади. Шаҳарчамизнинг ташкил топиши-ю, яратилган шарт-шароитлар ва кўрсатилаётган ғамхўрликлар ташаббускори Президентимиз эканини юракдан ҳис этишади.

– “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан “Ёш ватанпарвар” клуби аъзоларига “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида иншо ёздирдик, – дейди маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р. Мирзаакбарова. – уларни бир ўқиб кўринг-а.

“Келажакда ҳарбий муҳандис бўлиб Ватанимнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ишида фаол бўламан. Бу билан мен нафақат Ватанни, балки оилам тинчлигини, фаровонлигини таъминлайман. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Оила соғлом экан жамият мустаҳкам, мамлакат барқарор”, – деб ёзибди Элдор Раҳмонқулов.

– “Мен шаҳримнинг “Ўзбекистон” кўчасидан юриб борар эканман, Ватанимни бор бўйи билан кўргандек бўламан, унинг Мустақиллик давридаги юксалишларини юракдан ҳис қиламан. Шаҳарчамни оқшом чоғлари айланар эканман, эртаклардагидек бу бетакрор масканда ўртоқларим, қўшни болаларнинг бахтиёр кулгуларини тинглаб, мана шу бахтиёр чеҳраларда, Ватан меҳрини кўраман. Шунда Ватан меҳридан энтикиб кетаман. Уни жуда-жуда яхши кўраман, кўравераман... “ – бу Паҳлавон Азимжонов туйғулари.

Чинакам ўзбекона оила, ўзбекона урф-одатлар... Болаларнинг оналари атрофида парвоналиги, ҳар бир ишда кўмакдошлигини кўриб севиндик. “Болам”, “болажоним” деб ўғли-қизини эркалаётган, бутун меҳрини уларга бахшида этаётган тарбиячи-оналарни қутлагимиз келди.

Нозик елкасида Ватаннинг ҳароратли қўлини ҳис қилиб, оиласи-ю устозларидан меҳр кўриб, меҳрга суяниб камол топаётган ёш юраклар эртага улғайиб Ватаннинг чинакам фарзанди бўлишлари шубҳасиз. Зеро, тарбиячилари ва устозларидан чин инсоний фазилатларни кўриб ўрнак олаётган бу ўғил-қизлар эртага юрт корига ярайдиган, унинг келажаги учун жонини фидо қиладиган комил инсонлар бўлиб улғайишади.

Теглар:#2014/46

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.2024781
Эзгулик йўлиЖамият

Эзгулик йўли

«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол

31.05.2021327
Болажонлар мароқли дам оладиЖамият

Болажонлар мароқли дам олади

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг таътил вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда соғломл

01.07.2021143
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176