Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Оғиз қуриши жиддий касаллик аломати(ми?)

13.07.2022
299 марта ўқилди
Оғиз қуриши жиддий касаллик аломати(ми?)

Кўпчилик инсонлар доимий оғиз қуришидан азият чекади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу жиддий касалликлар аломати бўлиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу мавзу юзасидан суҳбатлашиш учун терапевт-шифокор Ҳилола АБДУЛЛАЕВАга мурожаат қилди.

– Оғиз қуриши нима?


– Бу ҳолат тиббиётда ксеростомия деб аталиб, сўлак безлари фаолиятининг бузилиши натижасида келиб чиқади, – дейди Ҳ.Абдуллаева. – Сўлак суюқлиги антибактериал хусусиятга эга бўлиб, оғиз бўшлиғини турли хавфли инфекциялардан ҳимоялайди. Оғиз қуриганда эса зарарли микроорганизмлар фаоллиги ортиб, организмда турли муаммолар келиб чиқади.

– Бу салбий ўзгаришлар нималардан иборат?


– Бундай пайтда, асосан, лаблар ёрилиб, оғиз бурчакларида яралар пайдо бўлади. Қолаверса, оғиздан ёқимсиз ҳид келиши ва у тишларни ювганда кейин ҳам кетмаслиги мумкин.
Тилнинг қизариши ва таъсирчан бўлиб қолиши, таъм билишнинг бузилиши, ютиниш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам кўпинча оғиз қуришининг белгиси ҳисобланади. Шунингдек, бу пайтда овқат ҳазм қилиш фаолияти бузилиб, ўткир респираторли инфекциялар ва ЛОР касалликлари хавфи ҳам ортади.
Шу билан бирга, оғиз қуриши кариес, милкларнинг шамоллаши каби тиш билан боғлиқ касалликларнинг ривож­ланишига сабаб бўлиши мумкин. Энг ёмони, бу ҳолат инсон саломатлигида жиддий муаммолар борлиги ва бир неча хавфли касалликлар ривожланаётганидан дарак беради.

– Ушбу касалликлар ҳақида кенг­роқ маълумот берсангиз.


– Энг аввало шуни айтиш керакки, оғиз қуриши қандли диабетнинг эрта ва кенг тарқалган белгиларидан бири ҳисобланади. Касаллик пайти глюкоза таъсирида ҳужайралардан қон оқимига суюқлик чиқиши тезлашиб, пешоб ажралиши кучаяди. Натижада организм тезроқ сувсизланиб, чанқоқлик ва оғизда доимий қуруқлик ҳосил бўлади. Бу ҳолат, айниқса, кечаси ва эрталаб кўп кузатилади.
Шунингдек, бурундан яхши нафас ололмаслик натижасида ҳам оғиз қуриши мумкин. Яъни, мунтазам равишда оғиздан нафас олиш унинг шиллиқ қавати қуришига олиб келади.
Қолаверса, оғиз бўшлиғи дисбактериози, турли юқумли ва аутоиммун касалликларга чалиниш, антибиотиклар, антигестаминлар, антидепрессантлар, диарея, Паркинсон ва бошқа асаб хасталикларни даволаш учун ишлатиладиган дорилар, юқори қон босими пайти ичиладиган айрим препаратлар, нур ёки кимё терапияси, мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва кучли стресс ҳам оғиз қуришига сабаб бўлиши мумкин.

– Оғиз қуришини ташхислашда қандай текширувлар талаб этилади?


– Аввало, шифокор беморнинг шикоятлари билан танишади ва унинг сўзларидан бу муаммога олиб келиши мумкин бўлган касалликлар бор-йўқлигини аниқлайди.
Шундан сўнг, зарурат бўлса, пешоб ва қон анализлари, сўлак безларининг ультратовуш текшируви ўтказилиши мумкин. Айтиш лозимки, ушбу муаммонинг асл сабабларини аниқлаш учун бир вақтнинг ўзида психолог, невролог, терапевт, ревматолог каби шифокорларнинг иштироки талаб этилади.

– Касаллик қандай даволанади?


– Агар оғиз қуришига сўлак безларининг нормал ишламаётганлиги сабаб бўлса, бу муаммони бартараф этиш учун стоматолог бир неча дориларни тавсия қилиши мумкин.
Шунингдек, овқатни яхши ва узоқ чайнаш тегишли сўлак безларининг етарли миқдорда шира ажратишига ва оғиз қуриб қолмаслигига ёрдам беради.
Бундан ташқари, бурундан нафас олиш, кўп суюқлик ичиш, оғизни сув билан мунтазам чайиб туриш, зарарли иллатлардан воз кечиш, газланган ичимликлар, чой, қаҳва, шўр ва аччиқ овқатларни чеклаш, кўп асабийлашмаслик, дори воситаларини ўзгартириш ҳам бу ҳолатдан тезроқ халос бўлишга кўмаклашади.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?Тиббий сабоқлар

Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?

Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало

28.12.20241244
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726
Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...Тиббий сабоқлар

Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...

Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».

20.01.20251592
Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?Тиббий сабоқлар

Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?

Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад

13.12.20241251