Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Одам тафтини одам олади

27.01.2018
85 марта ўқилди
Одам тафтини одам олади

ХХI аср – техника жадал суръатлар билан ривожланаётган тезкор давр. Инсоният учун оғир юк бўлган кўпгина вазифаларни техника ва роботлар ўз зиммасига олмоқда. Одамлар учун барча соҳада қанча қулайликлар яратилмасин бироқ, улар ҳамиша вақт камлигидан нолишади. Ҳатто, оилада ҳамма бир дастурхон атрофида жамул-жам ўтириш ҳоллари камайиб кетмоқда.

Кимдир барвақт туриб нонушта қилади-ю ўқишга ёки ишга шошилади. Тушликда ҳам шу аҳвол. Баъзи оилаларда кечга томон уйга келган ёшларни эса албатта, яна ўртоқлари қўнғироқ қилиб ёнига чақириб олади. Ота-оналарнинг оила аъзолари билан ўзаро жонли мулоқот қилиши оиладаги психологик муҳитга ижобий таъсир этади. Эшикдан кириб келган каттаю кичик ҳуда-беҳудага, зарурат бўлмасада қўл телефонини “қулоғига ёпиштириб” олади. Гўёки бу дунёда ундан “ишбилармон” ва “уддабурон” кимса йўқдай.

Азалдан халқимизда “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор” деган мақол мавжуд. Қўни-қўшниларнинг ғийбатлашмасдан дилдан суҳбатлашишлари ўзларининг соғлиқлари учун фойдали. Зеро, “Одам тафтини одам олади” деб беҳудага айтилмаган. Чет элларда жонли мулоқотга муҳтож инсонлар соатига фалон АҚШ доллари тўлаб психиолог ҳузурига ошиқади. Ҳозирда бу каби психологик марказлар ўзимизда ҳам мавжуд. Ўша марказларнинг бирида бўлганимда хона расмий идора каби эмас, балки уй муҳитига мослаштириб жиҳозланганининг гувоҳи бўлдим. Қизиқиб мутахассисдан бу ҳақида сўраганимда унинг дастурида айнан жонли мулоқотга бағишланган боб ҳам борлиги ҳақида айтиб берди. Бу дастурга асосан мижоз бир пиёла чой ёки бир финжон қаҳва ичиб, психиолог билан ўзининг оила аъзоси ёки энг яқин дўсти каби мириқиб, уни қийнаётган муаммолар хусусида суҳбатлашар экан.

Айни кунларда кексалик нафақасига чиққан ота-оналаримиз, бобою бувижонларимиз ҳам бизнинг дийдоримизга ва ширин суҳбатларимизга муштоқ. Бир оз бўлсада ўз муаммоларимиз гирдобига “ғарқ” бўлмай, улар билан суҳбатлашишга ҳам вақт топайлик. Катталарнинг дардларига ҳам қулоқ тутайлик. Зеро, уларнинг кўпчилигининг яқин жону жигари дўсту дугоналари бу ёруғ оламни тарк этишган. Энди уларнинг болалик ва ёшлик хотираларини тинглаш ёшларга малол келмасин. Зеро, кексалик – бу донишмандлик ва тажрибага бой фасл. Умр кузагининг серҳосил даврида етилган пурмаъно сўз гавҳарларидан барҳаманд бўлайлик. Ёши катталар биз учун тирик китоб кабидир. Юзларидан нур ёғилиб турган, ўзгаларга яхшилик тиловчи, қўллари ҳамиша эзгу дуоларга очиқ кайвонилар суҳбатига интиласиз. Аммо, бунинг акси бўлса, “ёмон қариган одам”дан узоқроқ юришга интиласиз. “Кимнинг қандай қаригани унинг ёшликда қилган амалларига боғлиқ”, деб ўқиган эдим бир китобдан.

Телефон орқали суҳбат қилиш ёки яқинларига “СМС” юбориш ёҳуд ҳозирда урф бўлган “skipe” ёки “imo” лар орқали бир-бирини эфирда кўриб суҳбатлашиш жонли мулоқотга етмайди. Жонсиз мулоқот жараёни худди чанқаган одамга чўлда сароб дарё бўлиб кўрингандай гап. Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” асаридаги бош қаҳрамон салкам ўттиз йил атрофида кимсасиз оролда яшайди. У кишилик жамиятидан олисда яшасада ўзлигини йўқотмайди. Чунки у аввало Яратганга умид ва ишонч билан илтижо қилади. Сўнгра ўзи ҳам кундалик тутиб, бошидан ўтказган воқеа-ҳодисаларни ёзиб боради. Шунингдек, атрофдаги тилсиз жонзотлардан садо чиқмасада, гўёки улар билан “суҳбатлашади”. Орадан бир неча йил ўтиб унинг ҳаётида Жумавой пайдо бўлади. Унга устозлик ва оталик қилиш, энг муҳими тирик жон – инсон билан мулоқот қилиш бахти Робинзон Крузони яшашга бўлган иштиёқини оширади. Аммо асардаги шу оролга кема ҳалокати сабабли келиб қолган яна бир одам эса (у Робинзоннинг таниши бўлиб чиқади) ҳеч ким билан мулоқот қилмаганлиги сабабли ақлдан озади.

Катта шаҳарларда кекса ота-оналари ёки қариндош-уруғларини бутунлай ёлғиз қолдириб, хорижга яшаш ва ишлашга узоқ муддатга ёки буткул кетганлар қарияларнинг аҳволи билан қизиқишмайди. “Инсофли”лари эса уларни “Саховат” – қариялар уйларига топширишади. Қачонки ўша кекса ота-онаси ёки қариндоши дунёдан ўтса улар маҳалла-кўй ёки милиция ходимларининг кўмагида сўнгги манзилга “эсон-омон” кузатилгач, меросхўрлар кўкдан тушгандай мерос даъво қилиб зумда пайдо бўлишади.

Бундай воқеаларнинг бир нечасига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Афсуски, “Бу дунё – қайтар дунё”. Ўша лоқайд, тирик ҳайкал меросхўрларни ҳам кексаликда шу қисмат кутса не ажаб. Шифокор-мутахассислар фикрига кўра қарияларда деменция – кексалар ақли заифлиги ривожланишига узоқ вақт ҳеч ким билан жонли мулоқот қилмаслик ҳам сабаб бўлар экан. Шунингдек, кўнгил яқин инсонлар билан дилдан суҳбатлашиш депрессия (тушкунлик), стресс (руҳий зўриқиш)нинг олдини олади.

Теглар:#2018/4

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Инсон нега ўз жонига қасд қилади?Жамият

Инсон нега ўз жонига қасд қилади?

Суициднинг кўпайиб бораётганлиги ҳар биримизни хавотирга солади. Ушбу долзарб ижтимоий-психологик муаммони фақат суицидологларга юклаб қўйиш билан унинг ечимини топиш анча мушкул.

29.11.2022743
Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?Жамият

Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?

Хол одамнинг бўйин ёки бош каби аъзоларида жойлашган бўлса, уни жароҳатланишдан эҳтиётлаш лозим. Чунки бўйинга ҳар куни кийимларнинг ёқаси тегиб ишқаланади. Бошда бўлса, сочни тара

11.08.2023670
Грипп ҳар мавсумда хавф солади...ми?Тиббий сабоқлар

Грипп ҳар мавсумда хавф солади...ми?

Ҳаво ҳарорати бироз совуши билан мавсумий касалликлар ҳам авж ола бошлайди. Айниқса, болаларда тез-тез йўталиш, бурун оқиши ҳолатлари кузатилгач, сезамизки, грипп хавфи ортиб, ўз т

28.12.2023341
«Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати нималарни ўз ичига олади?Саломатлик

«Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати нималарни ўз ичига олади?

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Президент Фа

23.03.2023308