Набирам Фирдавс тонгда хонамга югуриб кирди.
– Болажоним, совуқ емайсанми, нега кўйлакчан юрибсан, – дедим уни бағримга босиб.
– Бувижон совуқ емайман, қуёшимиз бор-ку, – деди у хотиржам. Тоғасиникига меҳмонга кетган Фирдавс оқшом пайти уйга қайтди.
– Болажоним бир ўзинг келдингми, қўрқмадингми?
– Қўрқмадим бувижон, мени оймомо кузатиб қўйди. Ана у ҳали ҳам қараб турибди, – деди осмондаги тўлин ойни кўрсатиб.
– Набирангиз ажойиб-да, ойижон. Ою қуёш гўё фақат унинг маҳалласида чиқадигандек мақтанади. Уларни ўзиники қилиб олган, – дейди келиним жилмайиб.
– Бунинг нимаси ёмон, қизим. Осмонимизда йил ўн икки ой чарақлаб меҳр-муҳаббати билан заминни ҳам, кишиларни ҳам бирдай сийлайдиган Офтоббобони севмасдан бўладими? Бу юртимиздаги тинчлик, барқарорликнинг шарофати. Болаларимиз нафақат давлатимиз балки ою офтобимиз меҳрини ҳам сезиб бахтиёр камолга етаяпти, – дейман қувонч билан. Дилимда ажиб ҳис уйғонади. Кейин хаёлга бериламан. Набирам учун ҳам, мен учун ҳам Ватан мана шу ўзим туғилиб ўсган “Баҳор” маҳалласидан бошланади. Мен маҳалламда бўлаётган ўзгаришлар, маҳалладошларим онгида юз бераётган юксалишлар тимсолида Ўзбекистон аталмиш бахти бекам, ўзига бек элнинг равнақини кўраман. Маҳаллалар, овуллар, қишлоқларга, қишлоқлар бирлашиб туманларга Ватанимнинг бузилмас қўрғонларига айланади. Маҳаллам мен ҳар тонг, ҳар кеч соғиниб талпинадиган суюкли маскан, юртимнинг олтин остонаси.
Париваш келинлар саҳар туриб ризқ улашувчи фаришталар учун дарвозаларини очади. Гулзор ёқалаб оқаётган ариқчалардаги зилол сувлардан олиб нафақат ҳовлисига, кўчаларига ҳам сепади, салқинлатади, супириб-сидиради. Тонгданоқ жамбилу райҳонлар бўйи атрофга таралади. Нафас олиб тўймайди киши. Тозалик бор жойда файз бор. Саришта келинлар – баракамиз бекалари сизга илтифот билан салом беради, меҳрли нигоҳлари билан ишга кузатади. Маҳаллам кўчасининг икки чети бўйлаб қад ростлаган шинам, замонавий иморатларга ғурур билан боқаман. Бу уйлар кимникилиги, улар қачон, қандай қад ростлагани менга беш қўлдай аён. Чунки бу шинам хонадонларда менинг жон-жигарларим, туғишгандан аъло бўлиб кетган эгачи-сингилларим, оға-иниларим истиқомат қилади. Бу иморатлар менга Истиқлолнинг истиқболи бўлиб бўй кўрсатади. Негаки, Мустақилликдан аввал шағалли кўчамизнинг икки бетида ҳам пахсадан қилинган пастак уйлар, ночоргина ҳовлилар бўларди. Мана бу пишиқ ғиштдан қурилган икки қаватли уй Араббой амакиники. Шўролар даврида колхоз фермасида молбоқар бўлиб ишлаган амакининг меҳнати орқасидан орттиргани бруселлёз касаллиги бўлди. Мустақиллик туфайли сут-товар фермасини унинг ўғиллари хусусийлаштириб олди. Оталарининг тажрибасига таяниб иш кўришди. 25 бош қорамолни 100 бошга етказишди. Қўллари пул, дастурхонлари барака кўрди. Даромадга қараб кишининг диди ҳам, орзу ҳаваси ҳам ошар экан. Маҳаллада биринчи бўлиб замонавий, ҳамма талабларга жавоб берадиган иморат қуришди. Оталарини яхши шифокорларга кўрсатиб даволатишди. Меҳнати қадр топган амаки яна оёққа турди, ҳозир бир гектар ерда узумзор боғ барпо қилган, йигитлардай бардам.
Мана бу пойдевори мармарли данғиллама уй Рўзмат тоғаники. У собиқ колхоз шофёри. Абжағи чиқиб кетган юк машинаси бўларди. Далада терилган сабзавотларни омборга таширдик. Қачон қараса қўли қоп-қора мой, машинасини титгани титган эди. Иккитагина омонат темирдан қилинган “дарвоза”дан сиғмагани учун машина доим кўчада турарди. Баъзан бизни болаларига қўшиб машинасида сайр қилдириб келарди. Бугун унинг бир эмас иккита машинаси бор. Бири “Спарк”, бири “Ласетти”.
– У пайтлар “Москвич” машинасини олиш учун холангиз билан 5-6 қутилаб ипак қурти боқардик. Машина мўл пилла олганларга бериларди. Бу ипак қурти еб тўймас бўлади. Колхозимиздаги тут дарахтлари режадаги қуртни боқишга етмасди. Машинамда бошқа қишлоқларга бориб ялиниб-ёлбориб тут барги кесиб келардим. Аммо шундаям машина ололмаганман. Ўшанда агар менга биров “Рўзмат, ҳали сен бойиб кетасан, эшигингда қўша-қўша машинанг бўлади, деса ишонмаган бўлардим. Шукр, Мустақиллик тенглик дегани, меҳнаткаш одамнинг, тадбиркорнинг иши ўнгидан келади, меҳнатинг роҳатини ўзинг кўрасан, дегани экан. Катта ўғлим Қудрат автомобил муҳандиси. Асакадаги (қаранг, ўзимизнинг давлатимизда қандай ажойиб, чиройли енгил автомобиллар чиқяпти-я!) заводда ишлайди. Йўлларимиздаги машина оқимини кўриб кўзим чарақлаб кетади, бундай фаровон юрт ер юзида кам бўлса керак, – деганди тоға суҳбатимизда.
Мен йўлда давом этаман. Бекатга олиб чиқадиган йўлнинг чап томони бепоён боғ. Гилос, олхўри, олмазор – Ботир фермернинг боғи. Баҳорда чаманзорга айланган боғга суқланиб ўтардим. Бугун эса улар ғарқ пишган, атрофни олмаларнинг ифори тутган. Ботир аканинг боғида ўнлаб маҳалладошлар иш билан таъминланган. Унинг мева-сабзавотларни қайта ишлайдиган сехи бор. У ерда мазали шарбат ва мурабболар ишлаб чиқариляпти. Ўз дўконларимиздан орттириб чет элликлар дастурхонини ҳам безаяпти. Турмуш ҳам шунга яраша. Рўзғор бут, кўнгил тўқ. Болалари олий ўқув юртларида ўқияпти.
Муюлишдаги мана бу салобатли бино маҳалламиз мактаби. Давлатимиз томонидан тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган мактабнинг синфхоналари энг сўнгги русумдаги техникалар билан жиҳозланган. Авваллари яхши мактаб, яхши муаллим излаб шаҳар мактабига ўқишга қатнаган болалар бугун ўз мактабида мазза қилиб фақат яхши баҳоларга ўқимоқда. Тўрт ўқувчи спорт бўйича мамлакат чемпиони, ўнлаб ўқувчилар “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичи ғолиблари. Мактаб ёнида қурилган ҳашаматли спорт залида нафақат болалар, балки қишлоғимиз кексалари ҳам ўзларига маъқул спорт турлари билан шуғулланяпти. Бу спорт залини маҳалла оқсоқоли бошчилигида саховатли тадбиркорлар қуриб беришди.
Ўғлим бу йил 24 ёшга киради. Мустақиллик тенгдоши. Норғул, азамат йигит. Ҳарбий хизматни аъло баҳоларга ўтаб қайтди. Ўзига ишончи баланд. Қарашлари дадил, мақсади аниқ. Мен унинг қиёфасида келажаги порлоқ, улуғ мақсад йўлида дадил одимлаётган мустақилликни кўраман. Назаримда ўзини, ўзлигини қўлга киритган кўҳна Ўзбекистоним айни навқиронлик палласида. У ҳар куни чирой очиб фаровонлашиб бораяпти. Ғурурли қадди-басти билан дунёларга бўйлаяпти. Дунё аҳли Ўзбекистон аталмиш халқи бахтиёр, ўз эркига ёр мамлакатга ҳавас билан қараётгани бор гап, деб ўйлайман маҳаллам гузаридаги ободончиликка қараб.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ИқтисодДунё эътирофидаги бренд тиббиёт маҳсулотлари юртимизда ишлаб чиқарилмоқда
«CHIRANA ASIA» Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасига бир гуруҳ ОАВ ходимлари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар завод ишлаб чиқараётган ва миллий маҳсулот
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
