Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

НУРЛИ КЭЛАЖАКНИНГ ПОЙДЭВОРИ МУСТАҲКАМ

29.01.2015
58 марта ўқилди
НУРЛИ КЭЛАЖАКНИНГ ПОЙДЭВОРИ МУСТАҲКАМ

Телефон қўнғироғи жиринглади. Норқул Тоғаев гўшакни кўтарар экан аста жавоб берди:

– Алло.

– Ассалому алайкум, Устоз! Яхшимисиз? Бу менман, Рафаел! Устоз табрикланг, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаб, Масква давлат университетининг магистири бўлдим. Бунда, албатта, сизнинг меҳнатингиз катта. Барчаси учун раҳмат...

Мамнун қиёфада Норқул Тоғаев гўшакни қўяр экан бироз ўйга толди. Рафаел Сатторов Норқул ака бошчилигидаги Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли 29-”Меҳрибонлик” уйига келганида бироз тортинчоқ, кайфияти тушкун эди. Мана йиллар ўтиб, болада илгариги ҳорғинлик буткун йўқолиб, аксинча, қатъиятли, ҳаракатчан, билимдон йигитга айланди.

Ҳа, кўп йилдан буён муассасага раҳбарлик қилиб келаётган Норқул ака ходимлари билан биргаликда қилган меҳнати-ю, машаққатининг маҳсулини ҳар гал учирма қилган қалдирғочларининг мустақил ҳаётда эришган ютуқларида кўради. Ҳар сафар болалари бирор бир муваффақиятга эришса суюнчининг биринчисини Норқул аканинг ўзларидан олишади. Орадан кўп вақт ўтмади ҳамки, болаларидан бири Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган Эдуард Афонин шу кунларда хорижликлар билан самарали лойиҳа устида шартнома тузиб иш бошлагани ҳақида хушхабарни эшитиб қувонди.

Сир эмас ҳар бир ютуқ ва муваффақиятлар замирида ғамхўрлик ва эътибор мужассам. 29-”Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчилар ҳам юртимиздаги барча болаларлардан қолишмайдиган қулай шарт-шароитда таълим-тарбия олиб, ўз орзу мақсадлари томон илдамламоқдалар.

– Бола қалбида ҳамиша иштиёқ ва интилиш гуркираб туради. Бунинг учун эса уни тўғри йўналтириш, унинг куч ғайратини эзгу ишларга сарф эттиришга ўргатиш лозим, – дейди муассаса раҳбари Норқул ака Тоғаев. – “Катта хонадонимиз”даги болаларнинг барчаси одоби ва қобилияти билан бир-биридан қолишмайди. Қайси биридан сўраманг оламга татигулик орзулар билан яшаётганига ва бунинг учун барча иқтидорини намоён этишга уринаётганига гувоҳ бўласиз. Ахир, бу ҳам бежиз эмас-да. Зеро, ўз орзуларини амалга ошириши учун Ватанимиз барча имкониятлар эшигини кенг очган, оқ йўл берган.

1994-йил ташкил топган, 140 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса 2006 – 2007-йилларда қайта таъмирланиб, спорт зал, шинам ётоқхоналар, 110 ўринга мўлжалланган ошхона, компютер жамланмалари билан жиҳозланган синф хонаси, кутубхона, тиббиёт ва шу каби бир қатор хоналар замонавий қиёфа касб этди.

Бу ерда 24 нафар педагог, тўгарак раҳбарлари ўқувчиларни ҳам руҳий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаб туришади. Бу ерда болаларнинг ҳар бир вақт-соати мақсадли, аниқ белгилаб қўйилган. 29-”Меҳрибонлик” уйидаги болаларнинг 97 нафари мактаб ўқувчиси ҳисобланиб, улар Жиззах шаҳридаги 4-5-умумтаълим мактабларининг ўзбек, рус гуруҳларида ҳамда 32-махсус мактаб интернатида таълим олмоқдалар. “Меҳрибонлик” уйида таълим – тарбия жараёнига янги ахборот коммуникация ва педагогик технологиялар, электрон дарсликларни киритиш орқали таълим-тарбия сифати тубдан яхшиланди. Муассасада видеопроект ўрнатилди, тарбияланувчиларни замонавий ўқув ресурслари билан тубдан таништириш мақсадида “Меҳрибонлик” уйи “Зиёнет” тармоғига уланиб, барча педагог ходимлар ва тарбияланувчилар ундан мақсадли фойдаланмоқдалар.

– Сир эмаски, ўтиш, улғайиш ёши руҳий ўзгаришлар палласи ҳам саналади, – дейди муассасанинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Гавҳар Худойқулова – Бундай пайтларда муассаса руҳшуноси тарбияланувчиларнинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб уларга психопрофилактик, коррексион ривожлантирувчи ишлар олиб бориб, улар билан суҳбатлар, психологик-педагогик ҳаракатли ва тренинг ўйинлар, тадбирлар ўтказиб боради. Аммо биргина психолог билан иш битмайди. Шунинг учун “Меҳрибонлик” уйимизда саккиз хилдаги зардўзлик, юмшоқ ўйинчоқлар, тикувчилик, тасвирий санъат, мусиқа, спорт, компютер сабоғи каби тўгаракларга алоҳида эътибор қаратамиз.

Бу боланинг маълум қобилиятини шакллантиришга, уларнинг бўш вақтини фойдали ва мақсадли сарф этишга кўмак беради. Спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка, футбол, воллейбол, баскетбол, бокс турлари бўйича муассасада тез-тез мусобақалар ўтказилиб турилади. Натижада бола синовларда тобланиб мусобақаларда “суяги қотади”. 1998-йилда туғилган Степан Партнов спортнинг бокс тури буйича 2013-йилда Қозоғистон Республикасида ўтказилган Халқаро мусобоқада фахрли 1-ўринни, 1997-йилда туғилган Озодбек Тўхтаев фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Анвар Эргашев, Ният Шербўтаевлар ҳам жаҳон чемпионларга издош саналади.

6 ёшли Достон Бердиевнинг расм чизишга иштиёқи баланд. У “Меҳрибонлик” уйининг “Тасвирий санъат” тўгараги аъзоси. 2013-йилда Достон “Камалак ранглар жилоси” Республика кўрик танловида фахрли 1-ўринни эгаллади. Ажаб эмас келажакда болакай ранг-тасвир йўналишида катта ютуқларни қўлга кирица. 8-синф ўқувчиси Муҳиддин Норматов ҳам мазкур танловда рағбатлантирувчи ўрин билан тақдирланди. Ўтган йили 5-синф ўқувчиси Беҳруз Жумабоев 1-ўринни, 2-синф ўқувчиси Ўрол Тиловов эса 2-ўринни қўлга киритди. Хореография, доира йўналишига қизиқувчан болалар йилда икки маротаба ўтказиладиган “Меҳржон” Республика фестивалида фаол иштирок этиб келишмоқда.

Сир эмас бола кузатувлар орқали тарбияланиб боради. Дарс соатларидаги амалий машғулотлар улар учун том маънодаги синов мактаби саналади. “Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчи болаларни Ватанга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбийлик соҳасига қизиқишни уйғотиш, мамлакатимиз Қуролли кучлари салоҳиятини яқиндан таништириш мақсадида Вилоят Ҳарбий прокуратураси ва Марказий Ҳарбий округ гарнизони томонидан юқори синф ўқувчилари учун ҳарбий-ҳуқуқий синф очилди ва ҳар ойда машғулотлар ўтказилиб, горнизонларга саёҳат уюштирилмоқда. Бу эса камолот пилапоясига қадам қўяётган ёшларга ҳақиқий маҳорат соатлари ҳисобланади. Болаларга “Меҳрибонлик” уйларининг ўқувчилари ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида турли беллашувларда иштирок этиб туришади. “Сен Ёлғиз Эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан ташкил этилган Тошкент шаҳрида ҳар ойда ўтказиладиган “Билимлар камалаги” интеллектуал телевикторинасида республикамизнинг барча вилоятлари қаторида мазкур муассасанинг олти нафар тарбияланувчисидан иборат жамоа ҳам иштирок этиб, совринли ўринни эгаллади.

“Меҳрибонлик” уйидаги болалар фаолияти билан танишар эканмиз, уларнинг фаоллиги кишига завқ бағишлайди. Бу масканда ҳар бир бола орзулар оғушида таълим олмоқда. Улар биргаликда ёрқин истиқбол сари дадил одимламоқда. Бир-бирининг ютуқларидан ака-укадек қувониб, дардли дамларда тиргак бўлишмоқда.

Айтишадики, замин бола кулгиси-ю, кексаларнинг дуоларидан ўз маромида сокин айланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, кўнгли ярим болалар дилига яхшилик уруғини қадаб, унинг бахтли ҳаётига оқ фотиҳа тилаган юртнинг келажаги ҳамиша нурли ва равон бўлиши муқаррар.

Теглар:#2015/4

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Эзгулик йўлиЖамият

Эзгулик йўли

«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол

31.05.2021327
Cоч илдизининг мустаҳкам бўлишини истайсизми?Тиббий сабоқлар

Cоч илдизининг мустаҳкам бўлишини истайсизми?

Одатда соч толалари қуруқ, ёғли ёки мўътадил бўлади. Агар сочни ювганингиздан икки-уч кун ўтибоқ кирланиб қолса, демак у ёғли. Сочларингизни ҳафтасига икки марта ювиш етарли бўлса,

10.09.2021276
Хотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?Тиббий сабоқлар

Хотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?

Кўпчилик 60 ёшдан ошгандан кейин (айримларда ундан 5-10 йил олдин ҳам) эшитган, кўрган, ўқиган нарсаларини, воқеа-ҳодисалар (хусусан, таниш-билиш­ларнинг исми-шарифи, жой номлари,

11.01.2024159
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176