Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Нонни эъзозлаганнинг насибаси бутун

15.08.2013
55 марта ўқилди
Нонни эъзозлаганнинг насибаси бутун

Кенг кўчадан ёш ота-она боришарди. Ота тўрт ёшлардаги ўғилчасини етаклаб олган. Она эса болалар аравачасидаги бир ярим-икки ёшлардаги қизалоғини дам-бадам эркалатиб борарди. Қизчанинг қўлида ширин кулча. Шу пайт қизчанинг "Манг, ая", деган овози эшитилди. Шу лаҳзада кутилмаган ҳолат рўй берди. Онаси қизига нимадир деди шекилли, бола қўлидаги кулчани йўл четига ирғитиб юборди. "Бопладимми", дегандай онасига қараб шодон жилмайди. Она қизининг уддабуронлигидан завқи келди шекилли, уни эркалатиб қўйди.

Ширин кулча эса коптокдай думалаб тупроққа беланганча йўлнинг четига бориб тушди. Бу манзара менга оғир таъсир қилди. Хаёлимда бундан бир неча кун аввал Раҳмонжон ака билан бўлган суҳбат жонланди.

У кишини йигирма мингдан зиёд ҳам­қишлоқларимнинг барчаси жуда ҳурмат қилишади. Боиси, қайси хонадонда қандай маросим бўлмасин, Раҳмонжон аканинг тандиридан чиққан бўрсилдоқ, мазали, кишининг ҳавасини келтирадиган нонлари дастурхонни безайди. Ана шундан бўлса керак, уни эл кўпроқ "Новвой ака" деб эъзозлашади.

Ҳар бир инсон нимагадир эътиқод қилади, унга талпиниб яшайди. Раҳмонжон аканинг ҳам ҳаёт тўғрисида ўз фалсафаси, эътиқоди бор. Айниқса, у нонни чиндан ҳам юксак даражада қадрлайди. Унинг ҳикоясини тингласангиз, сиз ҳам бугунги кунда кўзимизга анча сероб кўринаётган ноннинг нечоғлик табарруклигига, усиз ҳаётнинг қанчалар машаққатга айланиши мумкинлигига қайта-қайта имон келтирасиз.

– Баъзиларнинг тутумига ҳайрон қоламан, – деганди суҳбатдошим. – Очиқроқ айтганда, озгина бойидими, у албатта бошқалар олдида ким ўзарга ҳаёт кечиришга ўтиб олади. Бу нарса тўй-ҳашамларда, айниқса, яққолроқ кўзга ташланади. Орамизда шундайлар ҳам борки, улар ўтказаётган маросимларнинг дабдабасини новвойларга берилган буюртма нонларнинг сони билан ҳам баҳолашга ўрганишган. Мен новвой сифатида нон ёпиб, сўнгра ўша тўйга борганимда исрофгарчиликларни, болаларнинг оёғи остида қолаётган табаррук нон бўлакларини кўрганимда минг бор ачинаман. Шундай пайтларда бир бурда нонга зор бўлган ёшлигим ва кунжара еб бевақт дунёдан кўз юмган ҳамқишлоқларим кўз олдимга келади.

Отам урушга кетганида мен ўн ёшда, синг­лим саккиз ёшда эди. Нон – анқонинг уруғи. Бу дегани жонингни гаровга қўйсанг ҳам нон топилмайди. Онда-сондагина бир бурда ёки ярим бурда зоғора нон есак, ўзимизни энг бахтиёр инсон ҳисоблар эдик. Онам далага иккимизни бошлаб чиқар, бир қўлида кетмон, бошида тугунчаси бўлар эди. Энди шуни ўйласам, онам бечора далага меҳнат қилишдан ҳам кўра, суюқ атала билан бизнинг қорнимизни тўйдириш учун борар экан. Ёш бошимиз билан емиш топиш ташвиши бизнинг зиммамизга ҳам тушганлигини ўйласам, яна ҳам эзилиб кетаман. Қишлоқ ёнидан оқиб ўтадиган сойдан кечиб не машаққатлар билан адирлардан бошоқ терганларимиз, чумолидек ризқ-рўз излаб зир югурганларимизни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади. Дон топа олмаган пайтларимизда олабута, қичитқи каби ўтларни ўриб келардик. Онам эса уларни офтобда обдон қуритиб, келида туйгач, озгина туз, яна қандайдир бирор нарсани солиб хамир қиларди ва ўчоққа кўмиб қўярди. У кулга беланган ҳолатда пишгач, талашиб ердик. Буни одамлар кўмач дейишарди. Қорнимизнинг ўта очлигидан бўлса керак, кулга беланган ўша кўмач жуда ширин татир эди.

Ўтмишда нонга қанчалик зор бўлганлигимизни, бир бурда нон учун одамлар не кўйларга тушганлигини ёшларга айтсак, эртакдек туюлади. Гоҳида ўйланиб қоламан, қандай замонда яшаяпмиз! Бизнинг фарзанд­ларимиз бунчалик исрофгарчиликка йўл қўйсалар, уларнинг авлоди қандай иш тутаркин? Ота-боболаримиз "Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан", деган ўгитини ёшларга қандай тушунтириш мумкин?

Ҳа, новвой аканинг куюнчак фикрларида жон бор. Ёдимда, болалик пайтимизда ота-оналаримиз: "Дастурхонга тўкилган ушоқларни есанг, савоб бўлади, товоқдан дастурхонга тўкилган ош гуручидан етти дона есанг, бой бўласан", деб уқтиришарди. Не ажабки, биз ҳеч оғринмасдан уларнинг айтганларини бажарардик. Тўкилган ушоқ ва гуручларни ака-укалар ёки опа-сингиллар билан талашиб ҳам кетардик. Фарзандларимиз-чи, ортиб қолган овқатни ёки ноннинг суви қочганлигидан ейишга ўзини тортиб туришади.

Халқимизнинг нимаси кўп, маросими кўп. Ҳозирги тўқчилик кунларида ҳам дастурхон кўрки – нон. Аммо меҳмоннинг ҳурмати қанча нон қўйилгани ёки синдирилганлиги билан ўлчанмайди? Ноннинг муқаддаслигини фарзандларимиз онгига сингдира олсак, юқоридаги қизчадек ирғитиб ташлашларига бепарво бўлмасак, ноннинг уволи борлигини унутмасак, айни муддао бўлур эди.

Теглар:#2013/32

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782