
“Бола бошидан”, – дейди доно халқимиз. Бу гап бежизга айтилмаган. Зеро, бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аллома-ю донишмандларнинг кўпчилиги гўдаклигиданоқ ўзларининг ноёб қобилиятлари билан барчани ҳайратга солиб келган. Буюк мусиқа даҳоси, бастакор Волфганг Амадеус Моцарт ҳам ўзининг илк мусиқасини 4 ёшидаёқ басталагани бунга яққол мисолдир.
Мен бу йигитчани илк бор кўрганимда унинг юз-кўзларида ўзига ва эртанги кунига бўлган ишонч ёғилиб турганини ҳис этдим. Бу ҳиссиётни қаҳрамонимиз фақат менгагина эмас, балки бутун дунёдаги шахмат ишқибозларига ҳам улаша олди. Гап ким ҳақида кетаётганини англагандирсиз? 8 ёшли Нодирбек Абдусатторов 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўз тенгдошлари ўртасида жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлиб, афсонавий гроссмейстер Гарри Каспаров қўлидан кубокни қабул қилиб олди ва бутун дунёга Ўзбекистон чинакам истеъдодлар мамлакати эканини яна бир бор намоён этди.
– Нодиржон шахмат билан тўрт ёшидан буён шуғулланиб келади – дейди ёш чемпионимизнинг онаси Марзия опа. – Эсимда, ўша вақтларда Нодиржоннинг акаси билан опаси шахмат тўгараги машғулотларига қатнай бошлаганди. Ишдан қайтаётганимда, Нодирни боғчадан олиб, акаси ва опасининг олдига борардик. Ёш бўлишига қарамай, ўша пайтдаёқ Нодиржонда шахматга меҳр уйғонган.
Шундан сўнг Нодиржон Равшан Шукуров раҳбарлигидаги “Вундеркинд” шахмат клуби машғулотларига қатнай бошлади ва устозидан шахматнинг сир-асрорларини қунт билан ўрганишга киришди. Тинимсиз машғулотлар аста-секин ўз самарасини бера бошлади. Нодирбекнинг ҳозиргача қўлга киритган натижаларига ҳар бир ўқувчи ҳавас қилса арзийди. У 3 карра Ўзбекистон чемпиони (2011-йил 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида, 2012-йил 8 ва 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида), 2011-йил Филиппинда ўтказилган болалар ўртасидаги Осиё чемпионатида классик шахмат бўйича 3-ўрин, тезкор шахмат бўйича 2-ўрин соҳиби, шу йили Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкиллаштирилган Халқаро болалар фестивалида 1-ўрин, яна шу йили Ҳиндистонда бўлиб ўтган 7 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпиони ва ҳар қанча фахрланиб айца арзийдиган 2012-йилнинг ноябрь ойида Словенияда бўлиб ўтган болалар ўртасидаги шахмат бўйича жаҳон чемпионатида 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида жаҳон чемпиони!
Чемпионат таассуротлари ҳақида Нодирбекнинг ўзи шундай дейди: “Ҳар бир ўйин қийин кечди. Ҳатто баъзи бир матчлар 4-5 соатгача чўзилди. Айниқса, эронлик рақибим Муҳаммади Арбати Пояга қарши кечган баҳс кескин вазиятларга бой бўлди. Устозларимдан ўрганганларимни барчасини қўллашга ва ғалаба қозонишга астойдил ҳаракат қилдим. Якунда ниятимга етдим”.
Ёш шахматчимиз умумий 11 ўйинда 9 ғалаба, 2 дуранг билан 11 имкониятдан 10 очко тўплаб, чемпионлик шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Эътиборлиси, ўзбек ўғлони биронта ўйинда ҳам мағлубиятга учрамади.
Нодир Абдусатторов шахмат билан мунтазам шуғулланиш билан бир вақтда мактабдаги ўқишини ҳам асло эсдан чиқарган эмас. У ўзи таҳсил олаётган 152-мактабнинг аълочи ва наъмунали ўқувчиларидан ҳисобланади.
– Нодиржон ниҳоятда тиришқоқ йигит, айниқса математика фанига жуда ҳам қизиқади. Мусобақалар сабаб қолдирилган дарсларини индивидуал тарзда ўрганиб синфдошларига етиб олишга ҳаракат қилади, – дейди чемпионимизнинг синф раҳбари Румия Сафиулина.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятга эга авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Юртбошимизнинг “Ҳеч бир нарса мамлакатни спортчалик дунёга тез танита олмайди” деган сўзлари нақадар тўғри эканлигига бугунги кунда бутун дунё аҳли Нодиржон мисолида яна бир бор гувоҳ бўлмоқда.
Яқиндагина Ҳиндистонда ўтказилган шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги ВИИИ Осиё чемпионатининг рапид – тезкор шахмат баҳсларида ҳам муваффақиятли иштирок этган Нодирбек Абдусатторов 9 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида олти имкониятдан беш очко жамғариб, кумуш медал билан тақдирланди.
Ҳозирда ўз устида тинимсиз ишлаётган Нодиржоннинг орзулари бир олам. Ҳар бир шахматчи сингари у ҳам катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мамлакатнинг порлоқ келажакли ёшлари қаторида Нодиржон ҳам албатта ўз орзуларига эришади. Зеро, Ўзбекистон том маънода истеъдодлар юртидир.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
МаданиятБИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на
