Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

НАЖОТКОРЛАР

21.09.2012
89 марта ўқилди
НАЖОТКОРЛАР

“Тез тиббий ёрдам”га иши тушмаган киши бўлмаса керак. Баъзан ўзимизнинг ёки яқинлармизнинг тоби қочса, уйдаги “дори қути”да бор дори-дармондан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Аммо бу дори воситалари ёрдам бермаса ёки беморнинг аҳволи ўнгланмаса беихтиёр “03” рақамига қўнғироқ қиламиз. Кўзимиз тўрт бўлиб “Тез тиббий ёрдам” машинасини кутамиз. Лекин кутганингда аксига олиб, вақт ўтиши қийин бўлади. Дақиқалар соатларга чўзилгандек туюлади. Ана шундай дамларда оппоқ халатда нажоткор фаришталар мисол кўнглимизни нурга тўлдириб, шифокорлар ташриф буюришади. Бу ташрифдан сўнг нотинч юраклар ҳаловат топади. Чунки, жисму жонимиз ҳам яқинларимизнинг соғлиғи ҳам энди ишончли қўлларда эканлигига амин бўламиз.

Бироқ, “Тез тиббий ёрдам” хизмати тарихи хусусида ҳамма ҳам тушунчага эга бўлмаса керак. Бу хизмат тури илк бора Москва шаҳрида 1898 йилда полиция участкаси ҳудудида ташкил этилган эди. Уфа шаҳрида эса 1923 йил 1 январдан “Тез тиббий ёрдам” станцияси очилди. Унинг таркибида иккита отлиқ экипаж бўлиб, туну кун шифокорлар ва фельдшерлар навбатчиликда туришган.

Ўтган юз йилдан ортиқ вақт давомида “Тез тиббий ёрдам” тизими хизматининг иш фаолияти ўз моҳияти жиҳатидан ўзгармади. Аммо бу тизим такомиллашиб, замонавий тиббий асбоб- ускуналар билан таъминланди.

Илгари ҳар бир чақириқ журналга белгиланган бўлса, ҳозирда компьютерга киритилмоқда.

Мана 11 йилдан буён 10 сентябрь халқаро “Тез тиббий ёрдам куни” сифатида нишонланмоқда.Сир эмаски, турли хил фавқулодда вазиятлар (зилзила, тўфон, сел келиши) авто ва авиаҳалокатларда инсон ҳаёти қил устида туради. Агар жароҳатланган одам ёки беморга атрофидагилар биринчи тез ёрдам кўрсатишни билмаса бу ҳолат фожеа билан тугайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун малакали ва тажрибали мутахассис-шифокор ёрдами зарур. Ана шунда жонимизга “Тез тиббий ёрдам” хизмати оро киради. Ўзбекистонда мустақилликдан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлаш тизимининг миллий модели яратилди ва унинг юксак самараси дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлди. 1998 йилда давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан қабул қилинган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурида сифатли тиббий хизматлардан умумий фойдаланишни таъминлашга асосланган аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ривожлантириш стратегияси белгилаб берилди. Шошилинч тиббий ёрдам хизмати мазкур тизимнинг муҳим таркибий қисмларидандир.

Мамлакатимизнинг барча туманлари, энг чекка ҳудудларида ҳам аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул ва юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ушбу хизматнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкентда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибасига бағишлаб ўтказилган халқаро симпозиумда дунёнинг кўплаб давлатларидан иштирок этган етакчи шифокор-олимлар, амалиётчи шифокорлар, халқаро ташкилотлар вакиллари мамлакатимизда ташкил этилган шошилинч тиббий ёрдам хизматининг ўзига хослигини эътироф этдилар. Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари, “03” тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда санитария авиацияси ушбу хизмат таркибига киради.

Мазкур хизматга қарашли барча бўлинмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий технология ва ускуналар, зарур дори-дармонлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майда қабул қилинган "Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг автомобиль парки янгиланди. Тўрт юздан ортиқ махсус автомашина ушбу тизим ихтиёрига берилди. Соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда хизматнинг 2 минг нафардан зиёд мутахассиси мамлакатимиз ва хориждаги етакчи марказларда малака оширди. Касалликни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича янги истиқболли усулларни мунтазам ўзлаштириш ва амалиётга жорий қилиш, бу борадаги илғор халқаро стандартлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати ходимларини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили республика танлови ўтказиб келинмоқда. Танлов “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси”, “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори” ва “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали ҳайдовчиси” номинациялари бўйича ўтказилмоқда.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726
Кузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?Тиббий сабоқлар

Кузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?

Куз фаслида бурун оқиши, аксириш, йўтал, кўз ёшланиши ва қичишиши каби белгилар тез-тез учрайди. Кўпчилик бундай аломатларни шамоллаш ёки грипп билан боғлайди. Аслида эса улар мавсумий аллергиядан ҳам дарак бериши мумкин. Хўш, кузги аллергиянинг асосий сабаблари нималар? Уни ЎРВИ ва гриппдан қайси белгилари орқали фарқлаш мумкин?

23.10.20261627
Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...Тиббий сабоқлар

Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...

Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».

20.01.20251592
Бошни ювиб,  кўчага чиқиш соғлик учун хавфлиТиббий сабоқлар

Бошни ювиб, кўчага чиқиш соғлик учун хавфли

Баъзи инсонлар қандай шароит бўлмасин, тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб бошини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бош

03.01.20251330