Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

“Нафис ғунчалар” тўгараги аъзолари ижодидан

21.04.2014
58 марта ўқилди
“Нафис ғунчалар” тўгараги аъзолари ижодидан

Қатор йиллардан буён “Соғлом авлод” газетаси қошида ижодкор ёшларнинг “Нафис ғунчалар” тўгараги фаолият юритади. Саҳифамиз орқали тўгарак аъзоларининг ижод наъмуналарини ҳавола этамиз.

Ҳар ким экканини ўради

Бугунги ота-оналар мажлиси ҳар галгисидан бошқача ўтди. Нега дейсизми? Келинг, яхшиси бир бошдан гапириб берақолай.

Уч нафар синфдошимиз – Зокир, Ҳусниддин, Аҳрор баъзи дарсларга дафтар-китобсиз келадиган одат чиқарди. Синф раҳбаримизнинг бир неча бор танбеҳ беришига қарамай, улар бу одатига содиқ қолди. Шунда ўқутувчимиз зудлик билан навбатдан ташқари ота-оналар йиғилиши кунини белгилаб, ҳар бир ўқувчини ҳам отаси, ҳам онаси билан бирга йиғилишда иштирок этиши лозимлигини айтди. Устозимиз ўқувчилик бурчига содиқ қолмаган ҳалиги уч нафар синфдошларимизнинг ота-онасини ўзи алоҳида йиғилишга таклиф қилгани боис, улар ҳаммадан олдин синфга кириб келишди. Мажлис қатнашчиларининг ҳар бирига фарзандининг хулқ-атвори, ўзлаштириши борасида айтиб ўтган ўқитувчимиз Муҳтабар Тўлаганова ўз навбатида ота-оналарнинг ҳам фикрини обдон тинглади. Устозимизнинг сўнгги сўзлари нафақат биз ўқувчиларни, балки ота-оналарни ҳам чуқур ўйга толдирди.

– Қадрли ота-оналар сизлар тун-у кун тинмай меҳнат қилиб, болаларингизнинг қорни тўқ, усти бут бўлиши учун заҳмат чекасиз. Аммо фарзандингизнинг кўнглини топиб, у билан дилдан суҳбат қуришни унутиб қўясиз. Агар ҳозир сиздан болангиз билан қачон бирга ўтириб ўқиган китоби ҳақида сўзлаб беришини сўрадингиз ёки унинг учун қадрли бўлган бирон-бир касб ҳақида қизиқишларини ўргандингиз, деб сўрасам табиийки, кўпчилигингиз жавоб тополмай қийналасиз. Бугун мен ҳеч бирингизнинг фарзандингиз ҳақида шикоят қилмадим, чунки “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейди доно халқимиз. Бу борада хулоса чиқариш ўзларингиздан.

Йиғилиш тугаб ҳамма уй-уйига тарқалди. Эртаси куни дарсга келиб биринчи кўрган нарсам ҳалиги қулоқсиз синфдошларимнинг сумкалари китоб-дафтарларга тўлиб қолгани-ю, дарс давомида уларнинг янада фаоллашгани бўлди.

Нозима МУРОДОВА,

пойтахтимиздаги 40-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси

Онамга аталган гуллар

Бугун онажонимнинг туғилган куни. У оқ ва қизил атиргулларни хуш кўради. Шу боис эрта тонгданоқ ўрнимдан туриб, ҳеч кимга билдирмасдан гул дўконига йўл олдим. Раста устида қатор қилиб териб қўйилган гулдасталар кўзни қувонтиради. Уларнинг нафис ифори димоққа хуш ёқади. Мана, ойижоним ёқтирадиган табиатнинг ажиб мўжизаси – атиргуллар.

Сотувчи амакидан оқ ва қизил рангидан аралаштириб гулдаста ясаб беришини илтимос қилдим. У мийиғида жилмайиб ишга киришди. Дастлаб узунроқ қирқилган бир жуфт оқ атиргулни олиб ёнига худди шундай узунликдаги икки дона қизил атиргулни қўяр экан, уларни жуда авайлаб бир-бирига жуфтлаштирди.

– Эҳтиёт бўлмасак, танасидаги тикони бир-бирини шикастлаб қўйиши мумкин. Энди атрофига бир дона оқ ва бир донадан қизил туслисини териб чиқамиз. Гуллар ҳам худди одамларга ўхшайди. Улар ҳам ўзига хос эъзознинг, ширин сўзнинг шайдоси бўлади, – дея таъкидлар экан, менга қараб – гулларни пайҳон қилиш, уларни босиб-янчиб ўтиш яхши эмас, – дея қўшиб қўйди. Кўзни яшнатувчи нафис гулдастани харид қилдим-у сотувчи амакига қайта-қайта миннатдорлик билдириб уйга югурдим.

Ҳар галгидек ошхонада биз учун нонушта тайёрлаш баҳонасида куймаланиб юрган ойижонимга қўлимдаги гулдастани узатдим. Нигоҳлари қувончдан порлаб кетган волидамнинг бир қўлида гулдаста, бир қўли билан мени қайноқ бағрига босиб пешонамдан ўпар экан, шу пайтда сотувчи амакининг – гуллар ҳам эъзозга муҳтож бўлади, – деган сўзларининг мағзини чаққандай бўлдим.

Аббос ҒАНИЕВ,

Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги академик лицейнинг ИИ босқич ўқувчиси

Шўх синфдошга сабоқ

Жуда қайсар, жуда шўх,

Синфимизда бир бола.

“Ҳа” деб дакки эшитар,

Шумлигига йўқ чора.

Исмининг бош ҳарфини,

Партасига ўйибди.

Ёнига лақабини,

“Бек” ҳам дея қўйибди.

Деворий газетага,

Қилиқларин этдик фош.

Кўриб синф ойнасин,

Хатосин билди бебош.

Мақтанчоқ эди бирам,

Ўзин кўз-кўз қиларди.

Бугун у дўстларининг

Олдида хўп уялди.

Мадина НЭъМАТОВА,

Тошкент шаҳридаги 65-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси

Физика дарсида

Физикани болалар

Жуда севиб ўқийди.

Аммо, бизнинг Собиржон

Дарс қилмай гап тўқийди.

Ҳар гал янги баҳона

Ўйлаб топиб, толмайди.

Вазифани бажармас,

Лек ўйиндан қолмайди.

Кундалигин варағин,

Икки баҳо безади.

Энди Собиржон ўзин,

Қолоқлигин сезади.

Адолат АМИНБОЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 37-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси

Футбол майдонида

Жума куни пешинда,

Чиққан эдим кўчага.

Бироз ўйин ўйнай деб,

Йўл олдим майдончага.

Урилди оёғимга

Учиб келиб катта тўп.

Бундан жуда севиндим,

Гол ураман энди хўп.

Дарвозани мўлжаллаб,

Тепган эдим шу замон.

Дарвозабон қайтарди,

Алишер эпчил ҳамон.

– Оширмайсанми менга,

Эссиз, гол урар эдим.

Ютқазамиз энди биз,

Мен, – йўқ, енгамиз дедим.

Абжир, чаққон бўлишиб,

Аҳил, хушёр, тўп сурдик.

Рақиб урди тўртта гол,

Биз ҳам тўртта гол урдик.

Мўминжон ТЎЛҚИНОВ,

пойтахтимиздаги 178-умумтаълим мактаб ўқувчиси

Оймомо

Туннинг шамчироғи кўкда тўлин ой,

Бугун тўлишибди само кўксида.

Сокин оқар эди сувлар жилвакор,

Сойга нигоҳ солсанг ойнинг аксида.

Оймомо, юлдузлар суҳбат қуради,

Шивирин эшитиб сукутда тоғлар.

Дарахтлар бир ширин хаёл суради,

Нурга чўлғонади дала, чорбоғлар.

Маҳбуба ҚЎЛДОШЭВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Учтепа академик лицейи ўқувчиси

Чорлар баҳор ҳавоси

Тарихинг жуда қадим,

Шон-шавкатга эрур кон.

Кундан-кунга яшнайсан

Ватаним Ўзбекистон.

Боғларинг кезиб шодон,

Гуллар меҳрин қозондим.

Булбуллар васфин тинглаб,

Шод бўлдим тонг-азондин.

Сенга меҳрим беҳисоб,

Ҳур кўнглимнинг навоси.

Ана, васлингдан сарҳуш

Юртим, баҳор ҳавоси.

Лобар МАҲМУДМУРОДОВА,

Сергели туманидаги 277-мумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси

Ҳаёт завқини суринг

Ҳаёт завқини суринг,

Булбуллар сайраганда.

Ёмғир ёғиб ям-яшил,

Майсалар яйраганда.

Ҳаёт завқини суринг,

Қуёш кулиб боққанда.

Қувноқ, шодон, шарқираб,

Сойлар тўлиб оққанда.

Ҳаёт завқини суринг,

Нур тўлса гулистонга.

Капалаклар қаноти,

Етгач боғу бўстонга.

Юлдуз ШЭРАЛИЕВА,

пойтахтимиздаги 285-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси

Болали уйда сир ётмас

Меҳмон кутишга тараддуд кўраётгандик. Бундай пайтда табиийки, болалар тузатилган дастурхон атрофида “парвона” бўлишади.

Уч яшар қизим – шоколадли пахлавадан битта беринг, бошқа сўрамайман, – деди олдимга келиб.

– Майли битта бераман. Меҳмонлар кетгач, хоҳлаганингча ейишинг мумкин, – дедим.

Теглар:#2014/16

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?Жамият

Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?

Хол одамнинг бўйин ёки бош каби аъзоларида жойлашган бўлса, уни жароҳатланишдан эҳтиётлаш лозим. Чунки бўйинга ҳар куни кийимларнинг ёқаси тегиб ишқаланади. Бошда бўлса, сочни тара

11.08.2023670
Болаларда нафас аъзолари касалликлари:  ОЛДИНИ ОЛИШДА НИМАЛАР ҚИЛИШ ЖОИЗ?Табобат

Болаларда нафас аъзолари касалликлари: ОЛДИНИ ОЛИШДА НИМАЛАР ҚИЛИШ ЖОИЗ?

Ҳозирда болалар касалликларига эътибор ҳар қачонгидан ҳам ошиб боряпти. Бунга бир томондан аҳолининг тиббий маданияти юксалганлиги сабаб бўлса, бошқа томондан атроф-муҳит таъсирида

04.11.2021164
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031