
Бадиий адабиётга, умуман китобга муносабат ҳақида ёзишга қарор қилди-му, ўйланиб қолдим. Чунки, гап фақатгина китобга қизиқиш ҳақида эмас, балки бу қизиқиш ортида турган маънавий-руҳий тарбия, инсоннинг шахс сифатида улғайиши ҳақида бормоқда. Мақолани ҳаётий бир мисол билан бошласам.
Яқинда хориж сафаридан қайтган танишим Прага боғларида сайр қилиб юрганида ўзини таажжубга солган бир ҳодиса ҳақида сўзлаб қолди. Истироҳат баҳона шаҳар боғига келган ота-она, бобо-буви, хуллас ёш-у қари майсазорда, дарахтлар соясида ўйнаб юрган кичкинтойлардан бохабар бўлган ҳолда китоб ўқиш билан банд экан.
Одамларнинг метро вагонлари, бекатларда ҳам китобни қўлдан қўйишмаганини кўриб, дўстим ҳайратга тушганини таъкидлади. Юзимдаги ишончсизлик аломатини кўриб, айтаётганлари шу кеча-кундузнинг гаплари эканини таъкидлаб, мени ҳам ўз таажжубига шерик қилди...
Китоб – буюк мўжиза! Бир донишманд айтганидек, “Китоб ҳаётнинг эгри-бугри сўқмоқлари, алғов-далғов паст-баландликларидан ўтишда инсонга мадад беради, ғамли онларида юпатади, беморлик пайтларида ўрнак бўлади”.
Танишимнинг гапи ўйга толдириб, хаёлим олис болалик томон учди. Энди мактабга қатнаб, дунёда китоб деган улуғ қадрият борлигини мурғак қалбим ила ҳис қила бошлаган, кейинроқ шеър машқига дил боғлаб, ижод ҳиссиёти асирига айланган кунларим хотиротига берилдим.
Раҳматли бувим узоқ йиллар бошланғич синф ўқувчиларига дарс берган, зиёли инсон эди. Биз набираларига китоб олиб беришни канда қилмасдилар.
“Болам, “Донишманд чўпон”ни ўқидингми? “Кенжа ботир”ни-чи?”, дея сўроққа тутардилар. “Ширин қовунлар мамлакатида”, “Миттивой ва Карлсон”, “Менинг исмим – Хўжа” каби қизиқарли китоблар олис болалигим дунёсини ёритган асарлардир.
Австрия ёзувчиси Стефан Свейгнинг бошдан-оёқ китобга бағишланган “Китоб – турфа дунёнинг очқичи” номли ажойиб мақоласи бор. Унда китоб ҳақидаги теран ва батафсил мулоҳазалардан ташқари саводсиз, умрида бирор асар ўқимаган, умуман, хат танимайдиган одамнинг қиёфасини чизиб беради. Адиб ўзининг ҳайратини бундай ифодалайди:
“... қандай қилиб китоблардан эсувчи дунё шабадаларидан бебаҳра нафас олмоқ мумкин. Мен... китоб ўқишни билмайдиган ва шу важдан маънавият оламидан ажралган одамнинг аҳволини тасаввур қилишга уриндим... Аммо бунақа одамнинг миясини тасаввур қила олмадим, гаранг одам биров гапириб берганига қараб мусиқанинг сеҳрли кучини англамаганидек, мен ҳам бутун умр давомида китоб ўқимаган инсоннинг фикрлаш тарзини англай олмадим”.
Мени бир нарса ҳар дамда ўйлантиради: биз аслида жон қадар, иймон қадар авайлаш зарур бўлган жуда кўп нарсаларни ўткинчи ҳою-ҳавас, мол-дунё, ялтироқ ҳаётнинг арзон гаров безакларига алмашамиз. Жумладан, китобни ҳам... Ахир биз инсонмиз! Инсон онгу тафаккурини, билим ва заковатини ошириш йўлида заҳмат чекиши сув ва ҳаводек зарур, деб ўйлайман.
Фарзандлар – жон томиримиз. Ҳар бир инсон насли давомчиси билан фахрланишни истайди. Бунга эришиш учун тўғри тарбия ва китобнинг аҳамияти катта. Фарзанд юрагида китобга меҳр ўйғотиш, келажаги учун бебаҳо хазинага йўл кўрсатиш билан баробар. Хўш, болада мутолаага меҳрни қандай уйғотиш мумкин? Бу мураккаб иш эмас. Дилбандингизга туғилган кунида китоб совға қилинг, албатта, вақт ажратиб у билан китоб дўконига боринг, болалар адабиётининг сара намуналаридан танлашга кўмаклашинг. Тўғри танланган китоб – яқин дўст кабидир. Яхши асар фикрлашга ўргатади, дунё ҳақида билим беради. Турли мамлакатлар тарихи, жўғрофияси, урф-одатлари ҳақида бир умрга хотирадан ўчмайдиган тасаввурлар беради. Шунингдек, “инсон” деган ғоятда мураккаб, зиддиятли, тилсимли бир мавжудотнинг психологияси, ички дардлари, яшаш учун кураши, зўрлиги ва ожизлиги ҳақида тасаввур беради.
Аслида ҳар бир боланинг ўз олами, қизиқиши ва қобилияти бўлади. Демак, ҳар бир болага эътибор керак. Уяли алоқа, интернет, параболик антенна орқали эшик тақиллатмасдан кириб келаётган ёт ғоялар, ғайриахлоқий таъсирлар фарзандларимиз онгини заҳарлашга улгурмасин. Зеро, бунга қарши қудратли қурол китоб, маърифатдир.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ИқтисодОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар
Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
