Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Муроджонни муродига етказган орзулар

04.08.2016
42 марта ўқилди
Муроджонни муродига етказган орзулар

Болалигида Муроджоннинг яқинлари, таниш-билишлар унинг нимжонлиги, жуссасининг кичкиналиги ҳақида кўп гапиришарди. Болакайнинг онаси Ойша опа эса доимо шундай дер эди: “Ўғлим улғайиб бир йигит бўлсин, бир йигит бўлсин. Ҳали кўрасизлар, келажакда Муроджон элнинг энг олди ўғлони бўлади”, дея яхши ният қиларди.

Ўшанда Муроджон Аҳмадалиевнинг бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори бўлиб, ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз.

Ойша опанинг орзулари рўёбга чиқиб, фарзанди ўзи ният қилгандек йигит бўлиб камол топди. У билан суҳбатлашарканмиз, ўғли ҳақида тўлиб-тошиб ҳаяжон билан гап бошлади.

– Фарзандим болалигидан спортга ўзгача меҳр қўйди. Футбол дейсизми, стол теннисими, сузишми барчаси билан жиддий шуғулланган. Лекин, боксга нисбатан қизиқиши ўзгача эди. Ёдимда, ўшанда Муроджон 2-синфда ўқирди. Дадасининг ёнига келиб, мени бокс тўгарагига олиб боринг, деб туриб олди. Отасининг ҳам спортга меҳри бўлакча бўлганли учун ўғлимизни Чустдаги бокс тўгарагига етаклаб борган. Фарзандимнинг боксга қизиқиши шу даражада ортиб кетдики, 6-синфни тугатгач, Чирчиқдаги олимпия заҳиралари коллежига ўқишга киришини айтди. Коллежга қабул қилингач, жуда кўплаб ютуқларга сазовор бўлди.

Ўзбекистон чемпиони деган унвонни Муроджон Аҳмадалиев 9-синфда ўқиб юрган кезларида Марғилон шаҳрида ўтказилган мусобақада қўлга киритди. Шундан сўнг у кўпгина халқаро турнирларда иштирок этиб, кетма-кет чемпион бўлди. Спортчимиз Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлгач, қўлга киритди.

– Ўқитувчилик фаолиятим давомида ўқувчиларга истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар, жумладан, Ўзбекистон номини бутун дунёга танитаётган машҳур спортчиларимиз ҳақида фахр билан сўзлаб бераман, – дейди Ойша опа Фаёзова. – Мақсад болалар қалбида Ватанга муҳаббат, қолаверса, спортга бўлган қизиқишни уйғотишдир. Шундай кезларда ич-ичимдан фарзандларим, ўқувчиларимнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишишини ният қилардим. Минг шукрлар бўлсинки, бугун кўплаб ўқувчиларим жамиятимизнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилишмоқда. Шу қатори фарзандим Муроджон ҳам. Бу ютуқларнинг барчаси мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар маҳсулидир. Бунинг учун юрт болаларини ўзимнинг ўғил-қизларим деб ардоқлаб келаётган Юртбошимизга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Жорий йилнинг 21-июль куни Тошкент халқаро аеропортида ХХХИ ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган ўзбекистонлик боксчиларни кузатиш маросими бўлиб ўтган эди. Ушбу тадбирда Муроджон Аҳмадалиев билан суҳбатлашиб, унинг Олимпиададаги иштироки ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик:

– Ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳар бир спортчининг улкан орзусидир. Мен ана шундай бахтга муяссар бўлганимдан бағоят хурсандман.

Шу ўринда айтиб ўтишим керак, юртимизда биз спортчиларнинг тўрт йилликнинг муҳим мусобақасига пухта тайёргарлик кўришимиз учун барча шароитлар яратиб берилди. Ушбу ғамхўрликларга жавобан мусобақада яхши натижаларни қайд этишга ҳаракат қиламиз. Насиб қилса, юртимизга ёруғ юз билан қайтамиз, – дейди М. Аҳмадалиев.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Дунё эътирофидаги бренд тиббиёт маҳсулотлари юртимизда ишлаб чиқарилмоқдаИқтисод

Дунё эътирофидаги бренд тиббиёт маҳсулотлари юртимизда ишлаб чиқарилмоқда

«CHIRANA ASIA» Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасига бир гуруҳ ОАВ ходимлари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар завод ишлаб чиқараётган ва миллий маҳсулот

10.08.2021126
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897