Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

MУҲИДДИН ОМОН БЎЛСИН!

16.03.2013
59 марта ўқилди
MУҲИДДИН ОМОН БЎЛСИН!

Азим Тошкентнинг Навоий шоҳ кўчасида жойлашган 30-бинода ўндан ортиқ нашриёт ва бир қатор газета, журналларнинг таҳририятлари ҳам фаолият кўрсатишади. Мақоламиз қаҳрамони бир нечта таҳририятлар кекса ходимлари учун шогирд бўлса, ўнлаб ёш муҳаррирлар, нозиму носирларга устоздир. Зеро, унинг бу мўътабар бинога келганига ҳам қарийб ўттиз йил бўлди.

Мутафаккирлардан бири айтган экан: “Нотўғри танланган касб бир умр эгасидан қасд олади”. Тўғри, танланган касбу кор одамларга фақат обрў-эътибор, фаровонлик келтирганини эса ёнимизда сидқи дилдан меҳнат қилаётган ажиб инсонларнинг ҳаётидан ҳам биламиз. Агар ушбу тўғри танланган касбга маҳорат қўшилса нур устига аъло нур...

Бугунги кунда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг ОАВ ва нашриётлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида Бош муҳаррир лавозимида ишлаб келаётган моҳир журналист, соҳирқалам шоир Муҳиддин Омон айнан ўз касбининг фидойиси. Бу фазилат унда йиллар давомида оддий муҳаррирликдан тортиб, бўлим мудири, бош муҳаррир даражасигача, “Ўзбекистон” нашриёти, кейин “Соғлом авлод учун” журнали, Тошкент матбаа комбинати, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида талабчанлик билан ишлаш натижасида шаклланган.

2009-2012 йиллар давомида Муҳиддин Омоннинг бевосита таҳрири остида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 40 дан ортиқ китоб нашр этилди. Шу тариқа у ўз ижодий фаолияти давомида турли нашриётларда чоп этилган 300 дан зиёд турли мавзулардаги ижтимоий-сиёсий, бадиий-адабий, илмий-оммабоп китобларни ҳамда таълим масканлари учун дарсликларни нашрга тайёрлаган. Бу айтишга осон. Биргина Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонини олдинги нашрлар билан таққослаб, ҳар бир сўзини идрок этиб, чоп этишга тайёрлаш халқ таъбири билан айтганда, “игна билан қудуқ қазиш” билан баробардир.

Аслида китобга чексиз меҳр Муҳиддинда болалик чоғида уй­ғонган эди. Бу юксак туйғу қандай шаклланганини унинг “Ҳазрати КИТОБга таъзим” номли эссесидан ҳам батафсил билиб олиш мумкин. Маълум бўлишича, болалигида уни китоб ўқишга энг аввало отаси Саттор бобо ундаган экан.

– Бугун ақлимни таниб, энди отамнинг нега китобга бу қадар меҳр қўйганлари-ю, не сабабдан китобларни жилдлаб ўқишларини, нега уларни фақат сандиқда сақлаганининг сирини очгандайман. Мен адабиёт соҳасини танлаганимдан, ношир бўлиб китоб­ларга доимий ошно тутинганимдан отам қанчалар севинганлигини, илк китобимни қўлларига олиб, кўзларига суртар экан: “Ҳе, қудратингдан Эгам, оққан дарёларингни тиндирма!” – дея қилган илтижоларининг маъносини янада теранроқ англайман, – дейди Муҳиддин Омон.

Адабиёт мухлислари М.Омонни ширинкалом шоир сифатида яхши билишади. Унинг қаламга оладиган мавзулар кўлами ниҳоятда кенг, улар инсон учун азалий қадриятлар ишқ-муҳаббат, садоқату вафо, инсоннинг бу ўткинчи оламда фақат эзгуликка интилиб яшашигина Навоий таъбири билан айтганда “Барчанинг сарварига “айлантириши мумкинлиги хусусидаги фикрлари, шоирнинг ўзига хос ҳаётий кредосини белгилайди. Унинг “Кўнгил дарбозаси” (1993 й.), “Толе фасли” (1997 й.), “Мунаввар соғинч” (2009 й.) номли китоблари болалар учун ёзилган. “Дакан хўроз ва унинг жўжалари”, “Соғломжон алифбоси”, “Ўттиз тўққиз топишмоқ”, “Буюмлар тилга кирса” шеърий китоблари ҳам шулар жумласидан. Унинг шеърлари асосида Б.Лутфуллаев, Д.Омонуллаева, Ш.Шоҳимардонова, Н.Норхўжаев каби бастакорлар қўшиқлар яратганлар. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналист­лари ижодий уюшмаси аъзосидир.

М.Омон таржимон сифатида ҳам халқимизни жаҳон адабиётининг мумтоз асарлари билан таништириш ишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. У португал шоири Луис де Камоэнс сонетларини, инглиз ёзувчиси С.Моэм эсселарини, америкалик адиб Р.Блох асарларини, атоқли рус шоирлари С.Маршак, А.Барто, Л.Каминскай, Б.Заходер, А.Усачевларнинг болаларга аталган қувноқ шеърларини рус тилидан, Мирзо Ҳасан Қорабоғий ғазалларини эса озарбайжон тилидан ўзбек тилига ўгирган.

Теглар:#2013/11

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Мактабда Наврўз тантанасиМаданият

Мактабда Наврўз тантанаси

Шайхантоҳур туманидаги 10-сонли мактабда Наврўз байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Қадриятларимиз тараннум этилган тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган миллий либосла

24.03.2022154
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.20241222
Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформасиМаданият

Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси

"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C

12.09.2024431
БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗМаданият

БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на

01.12.2021353