Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

МИЛЛАТ БУЮКЛИГИ ВА БИРЛИГИНИНГ ТИМСОЛИ

27.10.2014
76 марта ўқилди
МИЛЛАТ БУЮКЛИГИ ВА БИРЛИГИНИНГ ТИМСОЛИ

Тил – инсониятга ато этилган бениҳоя мўътабар неъмат. У миллатни ўз атрофида бирлаштириб, олға бошловчи муқаддас маёқдир. У одам боласи учун беминнат дастёр, хокисор ҳамроҳ эканлиги билан ҳам қадрлидир. Дунёда маълум-у машҳур ҳар тилки бор, унда миллатнинг ўтмиши, бугуни ва эртаси мужассам. Онадек мўътабар она тилимиз ҳам ҳар қанча эъзоз-у эҳтиромга, арзигуликдир.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган қутлуғ сана муносабати билан ҳар йили юртимизда тилга бағишланган илмий-амалий анжуманлар, адабий кеча ва тадбирлар бўлиб ўтади. “Ўзбек тилига Давлат тили мақомини бериш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қлиниши Она тилимизнинг мақоми юксалишига хизмат қилди. Минг йиллик халқ тилининг хира тортган кўзлари қайтадан очилди. Албатта, кўп йиллик бу орзуга етишиш осон кечмади. Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ўтган асрнинг 80-йилларида Ёзувчилар уюшмасида ўтган бир асар муҳокамаси билан боғлиқ воқеани эсламай бўлмайди: адибларимиздан бирининг ўзбек тилида нашр этилган асари муҳокамаси ўзбек тилида олиб борилар эди (албатта, мажлис иштирокчиларининг барчаси ўзбек бўлгани сабабли). Ногаҳон русийзабон фаррош аёл кириб қолгани боис йиғилиш рус тилида давом этади. Бу, қанчалар аччиқ бўлмасин, ҳақиқат. Шукрки, бугун ундай қилишга ҳожат йўқ: ўзлигимиз – ўзбеклигимиз қайта тикланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “ўтган давр мобайнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, уни том маънодаги миллий қадриятга айлантириш йўлида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган улкан ишлар амалга оширилди. Истиқлол йилларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайгани, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатлар кўплаб чоп этилаётгани жамият тафаккурини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда”.

Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир.

Ислом КАРИМОВ

Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унда республикамиздаги бошқа тилларнинг камситилишига йўл қўйилмаган. Аксинча, уларнинг ўзбек тили билан тенг ривожланиши учун қонуний ҳуқуқ берилган. Бу ҳақда “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қуйидагилар қайд қилинади: “Қабул қилинган қонунда давлат тили билан бирга юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тилларини ривожлантириш, давлат йўли билан ҳимоя қилиш, тили, дини ва миллатидан қатий назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида таълим, ахборот, керакли маълумот олиш каби ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилган эди. Бу қонун ўша пайтда бошқа республикаларда қабул қилинган тилга оид ҳужжатлардан ўзининг демократик моҳияти билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, мазкур Қонун давлат идораларида ишлаш, таълим олиш, мансаб лавозимлари бўйича кўтарилиш, фуқаролик сингари масалаларда одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини камситадиган турли шартлар ва “ценз”лардан холи экани билан жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган талаб ва қоидаларга тўлиқ жавоб берар эди. Шунинг учун ҳам у кўпмиллатли халқимиз томонидан ижобий кутиб олингани бежиз эмас”.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қонун ва республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ҳозирги ўзбек тилшунослигида тилни ўз соҳиби билан ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу уни “алоқа воситаси”гина деган тамғадан халос қилиб, халқнинг кўҳна, бой маданияти ва маънавиятининг рамзи, инсонга хос табиий туйғуларининг ифодачиси, тарихи ва бугунини келажакка авлодга мерос сифатида етказувчи восита каби кўпдан-кўп вазифаларини тадқиқ қилиш юксалиб бораётганида кўриш мумкин. Шу маънода тилшунослигимизда этнолингвистик, социолингвистик, лингвокултурологик тадқиқотларнинг кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол. Айни йўналишдаги тадқиқотларнинг кўпайиши бир томондан, ўзбек тилининг тугал тадқиқига хизмат қилса, иккинчи томондан, жаҳон илми – тилшунослиги интеграциясига қўшилувига, уни бой назарияларидан озиқланиши ва унга ўз ҳиссасини қўшишига олиб келади.

Хулоса шуки, ўзбек тили халқимизнинг бебаҳо бойлиги сифатида завол билмай яшайверади. Ҳали бу тилда не-не авлодларга аллалар айтилади, не-не байтлар битилади. Негаки, унинг эгаси, келажагининг соҳиби бор. Бу тил, маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, миллатимизнинг дунёда борлигини, абадий яшашини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти, миллий руҳиятининг ифодаси бўлиб қолаверади.

Теглар:#2014/43

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782