Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Мен учун унутилмас кун

01.09.2018
158 марта ўқилди
Мен учун унутилмас кун

... Ҳовлида янграётган карнай-сурнай садолари уйда телефонда гаплашаётган отамнинг овозини босиб кетаман дейди. Отам ҳам ён бермайди – овозини бир парда кўтаради:

... “Сўғдиёна” стадионини биласан... Ҳа-ҳа, сайилгоҳ ҳам бор. Унга ёнма-ён кўп қаватли янги уйлар келади. Ўшалар билан бир қаторда”.

Отам гапини тугатиб, телефонни дераза токчасига қўяр экан, дастурхоннинг кам-кўстига қараётган онамга ҳазил қилади.

– Шу тоғаларигаям қойилмасман, – дейди орада менга кўз қисиб, – Жиззахнинг маркази ҳақида гапиряпман, улар бўлса нима, қаерда, дейди қайта-қайта. Бошқаларнинг етиб келганига ярим соат бўлди-ку!

Ўша кунни эсласам, ҳозир ҳам яйраб кетаман. Хаёл хаёлларга уланади.

...2018 йил 24 июнь, якшанба. Отам билан шахмат ўйнаётган эдик. Ёшлар иттифоқидан қўнғироқ бўлди. Масъул ходим 30 июнь куни янги уйни тантанали топшириш маросими бўлишини, эрта-индин кўчиб ўтишимиз лозимлигини айтди.

– Шу гап чинми ишқилиб? – онам жавобимни кутмай давом этади. – Боламга давлат уй берди, деб қўни-қўшнига мақтаниб қўйганман-а?! Бирин-кетин уйли-жойли бўлаётган тенгқурларинг сафига қўшилганинг рост бўлсин, илоҳим...

Ҳовлида ўйнайвериб терга ботган ўғлимнинг “Эна, чой-чой” дейиши онамнинг гапини бўлиб қўйди.

– Ўттиз шанба бўлади, – дейди отам “фил”ни бир катак суриб, “шоҳ” берар экан. – Онанг айтганидай уй ҳақида унга-бунга гап очиб қўйганмиз. “Қуллуқ бўлсин”га қишлоқдан ҳам 20-25 беш чоғли одам боради. Яна бола-чақа дегандай. Шунга яраша тайёргарлик кўриш керак.

 

Қўшалоқ байрам тантанаси

Кутилганидек 30 июнь куни қўшалоқ байрам бўлди. Жиззах шаҳридаги Кимёгар маҳалласида 32 хонадондан иборат тўрт қаватли “Ёшлар уйи” фойдаланишга топширилди. Барча хонадонлар меҳмонга, улар сабаб файзга тўлди.

Қутловчилар орасида мактабда она тили ва адабиётидан дарс берган, ҳозир кексалик гаштини сураётган ўқитувчим Мелибой Бекназаров ҳам бор. Устозга разм соламан, назаримда у мендан ҳам кўпроқ хурсанд эди. Ҳеч кимга гап бермайди.

– Шу хонадонларга Бахмалдан уч киши муносиб кўрилибди, – дейди устоз тўлиб-тошиб. – Ана шу учтанинг бири бизнинг шогирд бўлади. Мен бир нарсага қойил қолдим. Чойдан қуй... “Ҳовли олма, қўшни ол”, деган мақол бор. Бунда ҳикмат кўп. Тўғридаги хонадон эгаси дзюдо бўйича жаҳон чемпиони экан, бу ён томондагиси эса шоира. Ана энди шу муҳитда ўсган невараларимиз қандай инсонлар бўлишини тасаввур қилаверинг. Зўр-а? Бунақасини биз орзу ҳам қилолмаганмиз.

...Уй қурган бир-икки синфдошнинг ҳашарида қатнашганман. Иморат қилиш яхши. Ўзига яраша харажати, ширин ташвиши бор. Бундай ташвишларга доим ҳавас қилганман. Ҳавас муродга элтади, деб шуни айтсалар керак-да. Ишдан ҳориб келганингда уй ўзингники эканини ҳис қилиш чарчоқларингни аритади. Кўнглинг хотиржам, орзу-режаларинг бир олам. Яна ўз уйингга меҳмон чақиришнинг ҳам гашти бўлакча. Ўзимда ҳис қилганман буни. Ижара уйнинг шифтига қараб эмин-эркин хаёл суриш, орзу қилиш, режа тузиш осон эмас. Ўша кайфият баъзан фарзандингга мириқиб эртак айтишинга ҳам халал беради.

Бир сафар шу гапларни Германияда магистратура босқичида таълим олаётган ўртоғимга айтганимда, у жилмайиб қўйганди.

– Европанинг кўп давлатларида бўлганман, – деганди у ўшанда. – Уй масаласи у томонларда бошқача. Кўпчиликнинг ўз бошпанаси йўқ, умр бўйи ижарада яшайдиганлар ҳам оз эмас. Ўйлашимча, жамиятда фаол, уй-жойга эҳтиёжи бор ёшларга ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга давлат томонидан имтиёзли шартлар асосида уй берилиши дунёда камдан-кам ҳодиса, эҳтимол, ўхшаши йўқ амалиётдир.

Рост гап. Ўзим ҳам касбим тақозоси сабаб янги уйлар топширилиши муносабати билан ўтказилган кўп тадбирларда иштирок этганман.

Бекобод туманида ҳарбий хизматчилар оилалари учун уй топшириш маросимида бир отахон айтган гаплар ёдимда: “Борар манзилинг тайин, оилангдан кўнглинг тўқ бўлса, ишингда унум бўлади. Шунинг учун ота фарзандига уй-жой қилиб бермагунча тинчимайди. Беш ўғилни катта қилдик, ўқитдик. Қўлдан келгунча бошпанали қилдик. Фақат кенжамизга қўлимиз сал калталик қилиб турганди. Мана, давлат уй берди – ташвишим ариди. Энди хотиржамман. Мендай минг-минглаб кекса оталарга шундай хотиржамлик бераётган, болаларимизнинг эртасини биздан кўра кўпроқ ўйлаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Энди сизлардан, болаларим, шу ғамхўрликка муносиб бўлиш, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратни аямаслик талаб этилади”.

...Ноутбук мониторини ёпаман. Беихтиёр шифтга қарайман. Шифт эса ижара уйда қилган орзу-армонларимни ёдга солади. Овозимни баланд қўйиб “Етказганига шукр!”, дейман. Бундай шукрона келтираётган ёш оилалар, оталар эса юртимизда кўп. Ушбу қораламаларни ўқиётганлар орасида ҳам улар кўплигига ишончим комил.

Теглар:#2018/35-36#2018/39

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?Жамият

Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?

Хол одамнинг бўйин ёки бош каби аъзоларида жойлашган бўлса, уни жароҳатланишдан эҳтиётлаш лозим. Чунки бўйинга ҳар куни кийимларнинг ёқаси тегиб ишқаланади. Бошда бўлса, сочни тара

11.08.2023670
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.2024781
Ёш оналарга  фойдали 10 маслаҳатТиббий сабоқлар

Ёш оналарга фойдали 10 маслаҳат

Кичкинтойингизни парваришлар экансиз, ўз-ўзингизга мунтазам савол берасиз: мен ҳаммасини рисоладагидек бажаряпманми? болажон эса кундан-кун янги қилиқлар чиқариб, сизни бу ҳақда та

05.10.2023255