Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Меҳрибон онанинг қадрдон болалари

06.05.2015
50 марта ўқилди
Меҳрибон онанинг қадрдон болалари

Оқ олтин қишлоғи Урганч туманидаги ўзига хос масканлардан бири. Қишлоқ кўчаларини кезсангиз, равон йўллар, гўзал боғ-роғлар дилингизни яйратади. Халқимизга хос бунёдкорлик анъаналари асосида барпо қилинган замонавий уйлар, гўзал ва шинам ҳовлилар юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан далолат беради.

Республикамизда иккита оилавий болалар уйи мавжуд бўлиб, унинг бири шу баҳаво қишлоқда жойлашган. Мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат натижасида бу муассасада ҳам тарбияланувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Турфа оилалардан келган турли ёшдаги болаларнинг маънавиятини, турмуш тарзини, эзгу интилишларини, гўзал саъй-ҳаракатларини уйғунлаштирган ҳолатда фаолият юритаётган мазкур муассасада том маънода ўз касбининг фидойилари фаолият олиб боришмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Оилавий болалар уйига кириб борар экансиз, дарвоза олдида давлат томонидан муассаса учун берилган “Дамас” автомашинаси болажонларнинг хизматида шай турибди. Ахир, ўн нафар боланинг ширин ташвишлари кам дейсизми!

Муассаса раҳбари Раҳима Дурдиева бизни самимий кутиб олди ва болаларга яратилган шарт-шароитлар билан бирма-бир таништирди. Бир пайтлар мўжазгина болалар боғчаси бўлган мазкур муассасани кезар эканмиз, тадбирларга мўлжалланган кенг айвон, ётоқхона, умумий тамаддихона, ошхона, компютерхона бари-бари жуда чиройли, шинам, озода ва саранжом-саришта эканлигига гувоҳ бўлдик.

Асли касби педогог бўлган Р. Дурдиева саъй-ҳаракатлари билан 2003-йили ташкил қилинган мазкур муассаса бугунги кунда бу ерда тарбияланаётган болажонлар учун ҳақиқий муқаддас масканга айланди.

Мамлакатимизда мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб ижтимоий ҳимоя давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Меҳрибонлик”, “Саҳоват”, “Мурувват” ҳамда “Гўдаклар” уйларининг фаолият доираси янада такомиллаштирилди. Шу билан бир қаторда сўнгги йилларда анъанавий тарбия муассасаларидан шакли-шамоили билан тубдан фарқ қилувчи таълим-тарбия беришнинг янги муқобил шакллари пайдо бўлди. Жумладан, “СОС – Ўзбекистон болалар маҳалласи” ва “Оилавий болалар уйлари” шулар жумласидандир. Аммо мазкур муассасаларнинг мақсади бир.

“Оилавий болалар уйлари”нинг фаолияти болаларнинг оилавий муҳитга мослашишини, элимиз одамларининг анъаналарига янада чуқурроқ кириб боришини кўзлайди. Бугунги кунда Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида 2 та “Оилавий болалар уйлари” мавжуд бўлиб, улар ҳам худди “Меҳрибонлик” уйларидек давлат назорати ва таъминотидадир. Ўн нафар бола тарбияланаётган мазкур муассасага болалар тўрт ёшдан бошлаб жойлаштирилиши мумкин. Болалар қишлоқ мактабларига, мактабгача таълим муассасаларига қатнаб таълимни давом эттирадилар.

Муассаса тарбияланувчиларидан бири Муштарий ҳозирда Урганч туризм коллежида таҳсил олмоқда.

– Аслида коллежда ўқийдиган “Меҳрибонлик” уйида тарбияланган болалар учун махсус ётоқхоналар мавжуд. Бироқ, укам Оғабек шу ерда бўлгани учун ундан ажралгим келмади. Шунинг учун истагимни эътиборга олиб, онамиз Рахима опа шу ерда қолишимга рухсат берди. Бу ер ўтган йиллар давомида ўз уйимдек қадрдон бўлиб қолди, – дейди Муштарий.

– Қишлоғимизда кўплаб замонавий спорт мажмуалари, футбол майдонлари бунёд этилди. У ерда ташкил қилинган спорт тўгаракларига мунтазам қатнашиб борамиз. Уй ишларини ҳам биргаликда бажарамиз. Мен, айниқса, ўчоқда хоразмча ош пиширишни хуш кўраман, – дейди суҳбатимизга қўшилиб Садоқат.

– Зебинисо нимани хуш кўради? – сўрайман бир чеккада тортинибгина турган қизалоқга қараб.

– Мен турли пишириқлар пиширишни яхши кўраман. Байрам дастурхони, туғилган кунларга тайёрланадиган ширинликлар менинг зиммамда, – жавоб қилади у.

– Сунбула, Гулҳаёт тикиш-тўқишга уста, уларнинг маҳсулотларини кўринг. Ёстиқ жилдлари, чойшабларни ўзимиз тикиб оламиз. Қиз болалар бу ишларни билиши керак, ҳаммасига ўзим ўргатаман. Шунингдек, савобталаб ҳунармандларимиз ҳам кўплаб топилади, – дейди Рахима опа, – Динара эса қишга консерва қилишни хуш кўради.

Дарҳақиқат, оилавий болалар уйининг қошида бир гектар мевали боғ ташкил этилган бўлиб, унда кўплаб дарахтлар мавжуд. Уларга ишлов бериш, суғориш асосан Азамат, Наврўз, Ҳаёт, Нодирбекларнинг зиммасида. Худди катта оилалардаги каби барча болаларга уй юмушлари бўлиб берилган. Улар таълим-тарбия олишларида ҳам бир-бирларига ёрдам берадилар. Бу оилавий муҳит уларнинг келажакда мустақил оила тебратишида қўл келиши табиий.

Энг асосийси бу ерда қишлоқдаги турмуш тарзининг, қўшничиликнинг ўзига хослиги мавжуд. Боғда етиштирилган сархил мевалардан хирмон уюлганида қишлоқ кексалари, касаллар йўқланади. Наврўз айёмларида сумалак, кўк сомса сингари баҳорий таомлар пиширилиб тарқатилади. Қишлоқнинг тўй-у томошасига чиқишади.

Теглар:#2015/18

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783