
Ўзбекистон болаларининг эртаси порлоқ. Сабаби уларнинг келажаги бугундан ҳозирланаётир. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”.
Ёшларнинг хатти-ҳаракати, ўй-тафаккури, интилаётган мақсадларида Ватанга бўлган садоқат, эртанги кунга дадил қадам акс этади. Яқинда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Мудофаа вазирлиги қошидаги жамоатчилик фонди ҳамкорлигида “Уруш бўлмасин жаҳонда” деб номланган иншолар танлови ўтказилди. Унда Самарқанд вилоятидаги 10-“Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Ашурбиби Баротованинг ёзган иншоси фахрли ўринга муносиб топилди. Қизалоқ ўзининг иншосида дориломон замонда яшаётганидан бахтиёр экани, Юртбошимиз, халқимиздан миннатдорлигини ўзига хос жумлалар билан теран ифодалаган.
Ашурбиби билан яқиндан танишиш ва у тарбияланаётган масканнинг шарт-шароитларини билиш истагида “Меҳрибонлик” уйи томон йўл олдик. Сўнгги қўнғироқдан кейин ёзги таътилни мароқли ўтказиш мақсадида болажонлар оромгоҳларга боришга тараддудланаётган экан. Атрофдаги анвойи гуллар, оқланган манзарали ҳамда мевали дарахтлар, райҳон ифорини таратиб ариқдан оқаётган зилол сув, турли хил эртак қаҳрамонларининг ҳайкалчалари, шинам ва қулай хоналарни кўриб масканнинг ўзи ҳам оромгоҳлардан қолишмайдиган даражада имкониятларга эга эканига гувоҳ бўлдик.
Бундан ташқари муассасага келган заҳотимиз байрам шукуҳини сездик. Атроф саранжом-саришта, дарахтларга шарлар ва қоғоз гуллар илинган, болалар шодиёнани орзиқиб кутишарди. Ўша куни масканда чинакам тантана нишонлаши режалаштирилган экан. Эстрада хонандалари, сирк томошалари ва қизиқарли шоу дастурлар болажонларга янада завқ бағишлаши шубҳасиз.
– Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди 10-“Меҳрибонлик” уйи директори Салоҳиддин Латипов бизни муассаса ҳаёти билан таништираркан. – Бундай эътибордан, айниқса, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари баҳраманд бўлишмоқда.
10-“Меҳрибонлик” уйи 1943-йилда ташкил топган. Ҳозирги кунга қадар бу ерни 2 минг 500 нафарга яқин тарбияланувчи битирган. Айни пайтда масканимиз 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 125 нафар бола истиқомат қилади. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, 150 ўринга мўлжалланган ошхона, кутубхона, қишки ва ёзги спорт майдончаси, 5 та замонавий тиббиёт хонаси, тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган катта зал, қисқасини айтганда барча шароитлар муҳайё.
Бино эшигидан кираверишда кўргазмалар зали ташкил қилинган. Бу ердаги барча ижодий ишлар муассаса тарбияланувчиларининг иқтидори маҳсули. Масалан, ям-яшил адир бағридан оқиб ўтаётган мовий ранг сув қишлоқ ариқларига келиб қуйилаётгани тасвирланган суратни томоша қилдик. Ранглар уйғунлиги, осуда замин ифодаси, сокин қишлоқ манзараси расмни чизган боланинг тасаввур олами нақадар кенглигини билдиради. Сал нарида турган мунчоқли дарахт қўли гул қизларнинг меҳнати эканлиги кўриниб турибди. Кўзмунчоқ, рангли тошлар, турли хил бисерлардан ясалган дарахтлар киши кўзини қувонтиради. Деворга илинган сўзаналар ҳам бу ердаги ёшларнинг маҳорат устаси эканидан далолатдир. Хуллас, кўргазмалар залини айлана туриб, кичкина музейга тушиб қолгандек баҳри дилимиз очилди.
Муассаса хоналаридаги мебеллар янги: кир ювиш машинасидан тортиб музлатгичгача, ҳамма маиший техника воситаларининг энг сўнгги русумдагиси ўрнатилган. Айниқса, спорт майдончасини айтмайсизми?! Ёзгиси ҳам, қишгиси ҳам турли спорт ўйинлари учун мослаштирилиб жиҳозланган. У ерга кириб борганимизда, ўғил болалар билан бир қаторда қизлар ҳам кимоно кийиб, устозидан курашнинг сир-асрорларини ўрганаётган эди.
– Беш ёшимдан кураш билан шуғулланаман, – дейди Ҳуснигул Шарипова. – Дарсдан сўнг бўш вақтимни шу ерда ўтказаман. Ҳозиргача кўплаб мусобақаларда иштирок этдим. Охирги марта янги йил арафасида вилоят бўйича ўтказилган беллашувда биринчи ўринни олиб, республикада муваффақиятли иштирок этдим. Келажакда халқаро мусобақаларда зафар қучиб, Ватанимиз байроғининг юксакларда ҳилпираб туришига ўз хиссамни қўшмоқчиман.
Сайримизни давом эттириб, тўгараклар хонаси томон йўл олдик. Ўғил болалар учун мўлжалланган машғулотлар спорт зали ҳамда чақириққача ёшларни тайёрлаш майдончасида, фанлар бўйича машғулотлар эса махсус хоналарда олиб борилади. Қизлар учун ҳам “Бисер тикиш”, “Карвинг санъати”, “Тикувчилик” каби бир қанча йўналишларда маҳорат дарслари олиб борилмоқда.
– Зардўзлик, каштачилик қадим ҳунармандчилигимизнинг бир намунаси, – дейди Хуршида Хожиева. – Бир куни тарбиячи опаларимиз бизни миллий ҳунармандчилик кўргазмасига олиб борди. У ердаги қўл меҳнати билан яратилган мўжизаларни кўриб ҳайратландим. Айниқса, зардўзликка қизиқишим ортди. Шу кундан бу санъат сирларини ўрганишга киришдим ва ҳозирда ўзим ҳам кўргазмаларда иштирок этяпман. Келажакда хусусий зардўзлик устахонаси очишни ният қилдим.
Албатта, обод юрт фарзандларининг орзулари ҳам осмон қадар бўлади. Шу йилнинг 6 май куни Хуршида Хожиева (зардўзлик йўналишида), Элзара Якубова (мунчоқли безак йўналишида) Ҳумоюн Пўлатов (ҳунармандчилик йўналишида) Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус – 2015” кўрик танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, “Энг ёш ҳунарманд” номинацияси ғолиби бўлдилар. Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланаётган болалар бирин-кетин муваффақиятларни қўлга киритмоқда.
Мухтасар айтганда, бир кун давомида муассасада ўтган вақтимиз мазмунли бўлди. Ҳар бир ўғил-қизнинг мақсади, танлаб олган йўли бор. Юртбошимиз ғамхўрлигида улғаяётган бу ёшлар келажакда, албатта, мамлакат равнақига ҳисса қўшадиган муносиб фарзанд бўлиб етишади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СаломатликБолаларда бўй ўсишининг секинлашиши кальций етишмаслигиданми?
Инсон соғлом бўлиши учун танада барча витамин ва минерал моддалар меъёрда бўлиши лозим. Хусусан, организмнинг тўлақонли ривожланишида кальций алоҳида ўринга эга. Унинг етишмаслиги
ТабобатЁз фаслида ўткир ичак касалликлари нега кўпаяди?
Ҳозир юртимизда айни пишиқчилик мавсуми. Ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Бу даврда аҳоли, айниқса болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлар бор. Шулардан бири – ўткир д
Тиббиёт оламиЧақалоқ нега туғма юрак нуқсони билан дунёга келади?
Шу кунларда туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган 2 минг нафар бола давлат томонидан ажратилган 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига юқори технологик операциялар орқали оғир дард
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
