Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Меҳрдан бунёд бўлган маскан

03.07.2015
55 марта ўқилди
Меҳрдан бунёд бўлган маскан

Бола – ҳаёт гултожи. У бор экан, келажак ҳақида ҳар қанча эзгу режалар тузса арзийди. Унинг умри қувончли лаҳзаларга бой ўтиши эса атроф-муҳит билан боғлиқ. Зеро, шодон болалик бахтиёр дамлар сари етаклайди. Мамлакатимизда ҳам болалар тақдирига масъуллик, уларнинг навқирон авлод сифатида бўй кўрсатиши мақсадида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларини катта ҳаёт сари йўналтириш, соғлом фикр ва соғлом дунёқараш эгаси бўлиб улғайиши борасида юртимизда барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Тошкент шаҳридаги Антонина Хлебушкина номидаги 22-“Меҳрибонлик” уйидаги фаолият фикримизнинг тасдиғидир.

Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги мазкур меҳр маскани 1942-йилда ташкил топган. Муассаса бир вақтлар Иккинчи жаҳон урушида ота-онасиз қолган Россия, Белоруссия, Украинанинг турли шаҳарларидан келтирилган болаларнинг бошпанасига айланган. Мазкур даргоҳнинг илк фаолияти А. Хлебушкина номи билан бевосита боғлиқ. У муассаса ташкил этилишида жонбозлик кўрсатган. Умрининг охиригача, яъни 1997-йилгача шу “Меҳрибонлик” уйи болаларига ўз ҳаётини бағишлаган.

Ушбу муассаса ҳовлисига кириб борар эканмиз, у ерда саранжом-саришталикни кўриб дилингиз яйрайди. Бир тарафда гуллар, иккинчи томонда ям-яшил дарахтлар тароватини кўз-кўз этмоқда. “Меҳрибонлик” уйи раҳбари Шаҳрихон Бердиуева бизни очиқ чеҳра билан қарши олар экан, ўқувчилар тарбияланадиган хоналари сари йўл бошлади. Хоналар замонавий мебеллар, керакли техника буюмлари билан таъминланган. Муассасада фаолият юритаётган ходимлар эса ширинсўз ва меҳрибон. Ҳар бир болага эътибор билан муомалада бўлишади.

– Муассасамизда айни вақтда камол топаётган тарбияланувчиларни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол қилиб вояга етказиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Хурсаной Меҳриддинова.

Муассасадаги тарбиячилар ниҳоятда меҳрибон, самимий, очиқ чеҳра. Болалар мактабдан қайтгач дарсини тайёрлашини, вақтида овқатланишини назорат қилади. Тарбияланувчиларнинг кийиниш маданияти, одоб-ахлоқи ва тарбия масалаларида ҳам талабчан. Қисқа қилиб айтганда, меҳрибон она вазифасини бажаради.

У ердаги шароитни кўриб дилимиз равшан тортади кўнглимиз кўтарилади. Бинони айланар эканмиз, хоналардан бири диққатимизни жалб этди. Бу муассаса қошидаги “Меҳрибонлик уйи тарихий музейи”. У ерда А. Хлебушкина ҳаёти, қаҳрамон она тимсоли расмлари акс этган. Талайгина мукофот ва фахрий унвонлар, тарбияланувчилар томонидан эришилган ютуқлар кўргазма сифатида қўйилган.

Ундан ташқари “Меҳрибонлик” уйи қошида турли тўгараклар, ташкил этилган. Уларда барча тарбияланувчилар фаол қатнашади. Тўгаракларни ташкил этишда “Баркамол авлод” Республика болалар техник ижодиёт марказлари кўмаклашмоқда. “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларининг 30 фоизини 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар ташкил этади. У ерда Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган, “Ораста қизлар” тўгараги тузилган. Қизлар билан алоҳида иш олиб борилади. Бунга оилавий психологлар, маҳалланинг фаол хотин-қизлари жалб этилган бўлиб, қизлар учун керакли маслаҳатлар берилади. Йилнинг муҳим саналарида тарбияланувчилар томонидан турли тадбирлар уюштирилади.

Болалар орасида иқтидорлилари талайгина. Муассаса тарбияланувчилари тарих, математика фанларидан “Билимлар беллашуви”, фан олимпиадаларида иштирок этиб совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Шаҳар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган футбол, воллейбол, стол тенниси, арқон тортиш бўйича мусобақаларда муассасанинг спорцевар болалари биринчи ўринни эгаллади. Шу кунгача мазкур даргоҳни тамомлаган икки мингдан ортиқ тарбияланувчилар орасидан кўплаб фан доктори ва фан номзодлари, санъаткор, шифокор, ўқитувчилар ҳамда халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритаётган малакали мутахассислар етишиб чиқди.

Тарбияланувчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” Республика Болалар жамоатчилик фонди, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда ўтказилган барча тадбирлар, кўрик-танловларда доимо юқори ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

Болаларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида уларнинг юртимизнинг баҳаво жойларда дам олиши йўлга қўйилган. Шу билан бир қаторда муассаса тасарруфида ташкил этилган оромгоҳ ҳам болажонлар ихтиёрида. У ерда болалар дам олиш билан биргаликда оромгоҳ ҳудудидаги кўчатлар, анвойи гулларни парваришлашади. Бу уларни табиат билан ҳамнафас бўлишга ва уни асраб-авайлашга ўргатади. Шунингдек оромгоҳда шахмат-шашка каби турли-туман ақлни чархлайдиган ўйинлар уюштирилади. Табиийки, бу жараён болаларнинг ақлий фаолиятини ривожлантиришда ўзининг самарали натижаларини беради.

“Меҳрибонлик” уйидаги тарбияланувчиларнинг яхши таълим-тарбия олиб, маънавий дунёқарашини кенгайтириши, замонавий технологиялардан фойдалана олиши учун кенг имкониятлар яратилган. Чет тилларини аъло даражада ўзлаштириб, юртимиз равнақини ривожлантирадиган ёшларимиз етишиб чиқишига катта эътибор қаратилмоқда. Уларни рағбатлантириш мақсадида муассаса миқёсида стипендиялар ташкил этилган. Мазкур яратилган шароит боланинг келажакда етук инсон бўлиб камол топишида ёрдам беради. Энг муҳими бу ғамхўрликлар замирида эртамиз эгаларининг комил инсон бўлиб шаклланишлари, эл корига, ватан равнақига ҳисса қўшадиган ёшларни тарбиялашдек эзгу мақсадлар мужассам.

Теглар:#2015/27

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талабиЖамият

Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби

Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бош­лашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.

31.05.2021335
Тошкентда Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми старт олдиЖамият

Тошкентда Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми старт олди

Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумининг очилиши бўлиб ўтмоқда. "Учинчи ренессанс бунёдкорлари" шиори остида ўтказилаётган тадбирда бир қатор учрашувлар, танлов в

29.06.2021171
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032