Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Меҳр – МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН

03.10.2014
52 марта ўқилди
Меҳр – МУСТАҲКАМ ҚЎРҒОН

Тонг отди. Сахий қуёш ўзининг заррин нурлари билан дераза ёнида ухлаётган болакайнинг сочларини силайди. Кўзларини очган бола она тафтини туйиб, илкис ўрнидан туради. Атрофга аланглайди. Ёнида ўзи каби онасини соғиниб, туш кўраётган болаларни кўриб, алам билан ёстиқ қучади. Шунда меҳридарё бир аёл кичкинтойни эркалаб бағрига босади. Хурсаной опа ширин сўзлари билан она мисол кўнгилга малҳам қидиради. Бу аёл ҳар куни ўксик қалбларга юпанч бўлишга интилади. Унинг асосий вақти мана шу болалар даврасида ўтади...

Ҳар йили 1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан матбуотда, телевидение орқали ўқитувчилар фаолияти ёритилади. Бугун эътироф этмоқчи бўлган қаҳрамонимиз эса бирор бир ўқув масканида сабоқ бермайди, аммо кези келганда дарс берувчи устозларданда зиёд меҳнат қилади. Хлебушкина номидаги 22-сонли “Меҳрибонлик уйи” мудираси Хурсаной Холова бутун умрини мана шу масканга бағишлаган.

Мазкур “Меҳрибонлик уйи” 1942-йил ташкил этилган. Шу кунга қадар беш мингга яқин болага бошпана бўлган.

Ҳозирда муассасада 14 та тўгарак очилган. Кулолчилик, ҳайкалтарошлик, зардўзлик, тикувчилик, пазандачилик ва спортнинг турли йўналишларида болалар машғулотларда фаол иштирок этмоқда. Уларда малакали устозлар фаолият юритмоқда. Замонавий жихозланган иккита спорт зали бор, у ерда болалар истаган вақтда шуғулланишлари мумкин. Қизлар учун алоҳида ошхона мавжуд. Улар бу ерда пазандалик сирларини ўрганишади. Ҳар йили болалар ўртасида бўлиб ўтадиган эстафеталарда 22-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари олий ўринларни қўлга киритади. Бу эса масканда яратилган шароитлардан болаларнинг унумли фойдаланаётганининг исботидир. Айни кунда 110 нафар бола бу ерда тарбияланади. Хурсаной опа ана шу 110 нафар боланинг онаси ҳисобланади.

– Эсимни таниганимдан бери Хурсаной онамнинг бағридаман, – дейди 11 ёшли Муҳриддин Ўролов. – Онамиз ҳаммамизга доим эътиборли, улар билан истаган пайтим турли мавзуларда суҳбатлашаман. Мен учун ҳеч қачон вақтини аямайди. Яқинда таеквондо бўйича ўсмирлар мусобақаси бўлиб ўтди. Финалгача етиб бордим. Охирги беллашувга тайёрланаётганимда Хурсаной онам ҳамма машғулотимни кузатиб турди. Мураббийимдан сабоқ олган бўлсам, онамдан куч-қувват, мадад олдим ва мусобақада 1-ўринни қўлга киритдим.

Мактабдаги ўқитувчидан фарқли ўлароқ Меҳрибонлик уйидаги устоз эрталабки еттидан кечаси ўнгача болалар билан ишлайди. Уларга ҳам дунёвий ҳам тарбиявий сабоқлар беради. Баъзи мураббийлар кечалари ҳам шу ерда қолишади. Туни билан болакайлар ҳолидан хабар олади, тўққизинчи синфда ўқиётган йигит ва қизларга суҳбатдош, сирдош бўлади. Бу эса мураббийдан чинакам матонат талаб этади. Шу боис бундайин заҳматли ишни ҳамма ҳам уддалолмайди.

“Меҳрибонлик уйи”да болаларнинг янада чуқурроқ билим эгаллашлари учун Хурсаной опанинг ташаббуси билан “Хлебушкина стипендияси” ташкил этилган. Энг яхши ўқиган, ҳар томонлама жамоат ишларида фаол, ахлоқ-одоби намунали болага мазкур стипендия берилади. Болаларнинг ким ўзарга дарс тайёрлашлари, ким кўп китоб ўқишга беллашишлари, албатта, уларда келажакда илғор жамоатчилар, теран фикрли тадбиркорлар етишиб чиқишидан дарак беради.

– Бир куни ўн ёшдаги Севара исмли қизалоғим мактабдан йиғлаб келди, – дейди қаҳрамонимиз. – Сабабини сўрасам, индамади. Уринишларим беҳуда кетди. Бағримга босиб, сочларини силадим, эркаладим барибир гапирмади. “Майли овқатингни еб олгин, кейин бафуржа гаплашамиз”, деб ортимга ўгирилсам келиб маҳкам қучиб олди. “Хурсаной она бугун мен математика дарсидан тўрт олдим. Ахир бу йилги “йил аълочиси” фахрий ёрлиғини мен олмоқчи эдим. Тўрт олсам қандай аълочи бўламан”, деб йиғлади. Кўнглим тинчланиб, хавотирим ариди. Жим туриб йиғлаганига кимдир қизимнинг кўнглини оғритган, қалбига озор бериб гапирган, хафа қилишган деб ўйлаб, ичимдан “зил” кетгандим.

“Асал қизим, кўзмунчоғим хафа бўлма. Бугун тўрт олган бўлсанг, яна ҳам яхшироқ ўқиб, эртага беш оласан”, дея юпатдим. Ўша куни кечаси анча пайтгача “Меҳрибонлик уйи”даги математика ўқитувчиси ва мен Севарага дарс тайёрлашда кўмаклашдик. Эртасига мактабдан келишини интиқ бўлиб кутдим. Ўрилган сочларига лента тақиб олган қизим дарсдан келиб, юзларимдан ўпиб, “Она бугун беш олдим” деди. Мен унданда кўпроқ севиндим. Бу ердаги ҳар бир бола менинг болаларим. 110 нафар боланинг ҳаммасини исм-шарифини, нималарни ёқтиришини, нимага қизиқишини ёддан биламан. Улар ҳам бир-бирларини ака-ука, опа-сингилдек кўради.

Оилада икки нафар фарзанднинг тарбиясини изга солгунча ота-онанинг сочларига оқ оралайди. Ана энди юздан ортиқ болани тарбиялашнинг захматини тасаввур қиляпсизми?! Бугунги қаҳрамонимиз ана шундай фазилатларга эга мўтабар зот, ҳам она, ҳам устоз.

Теглар:#2014/40

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Эзгулик йўлиЖамият

Эзгулик йўли

«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол

31.05.2021327
Cоч илдизининг мустаҳкам бўлишини истайсизми?Тиббий сабоқлар

Cоч илдизининг мустаҳкам бўлишини истайсизми?

Одатда соч толалари қуруқ, ёғли ёки мўътадил бўлади. Агар сочни ювганингиздан икки-уч кун ўтибоқ кирланиб қолса, демак у ёғли. Сочларингизни ҳафтасига икки марта ювиш етарли бўлса,

10.09.2021276
Хотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?Тиббий сабоқлар

Хотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?

Кўпчилик 60 ёшдан ошгандан кейин (айримларда ундан 5-10 йил олдин ҳам) эшитган, кўрган, ўқиган нарсаларини, воқеа-ҳодисалар (хусусан, таниш-билиш­ларнинг исми-шарифи, жой номлари,

11.01.2024159
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176