Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг “Умумий педагогика” кафедраси профессор-ўқитувчилари турли ташкилотлар билан ҳамкорликда талабаларнинг бўш вақтларини кўнгилли ташкил этиш, уларни умрининг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдалана олишга ўргатиш, бўлажак ўқитувчиларнинг сиёсий, ахлоқий, фуқаролик, ҳуқуқий, экологик, жисмоний, эстетик тарбиясига алоҳида эътибор беришади. Талабаларнинг нафақат назарий, балки касбига бўлган меҳр-муҳаббатини шакллантириш доирасида ҳам тадбирлар уюштиришади. Кафедра аъзолари янги йил арафасида “Мусиқа” факултети талабалари билан бирга Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган 21-сонли “Меҳрибонлик” уйида меҳмон бўлишди.
Тадбирда “Умумий педагогика” кафедрасининг мудири Бекзод Хўжаев ва профессор Дилноз Рўзиева болаларни кириб келаётган янги йил билан табриклаб, уларни бахтли келажагига ишонч, унинг учун доимо саъй-ҳаракатда бўлиш, эзгуликка интилиш, ҳаётдан яхшиликлар қидириб яшашга даъват этдилар. “Ўзбекистонимиз – буюк давлат” мавзуида университет талабалари билан болаларнинг самимий мулоқати бўлиб ўтди. Қуйида профессор Дилноз Рўзиеванинг “Меҳрибонлик” уйидан олган тассуротлари, мушоҳадаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Тадбир кўтаринки руҳда ташкиллаштирилди. Университетимиз талабалари болалар билан улар истаган мавзуда очиқ мулоқот, самимий суҳбат олиб бордилар. Куй-қўшиқ ҳамоҳанглигида барча болалар ва ўспиринлар яйраб рақсга тушдилар. Уларнинг даврасига қўшилар эканман, шу пайт менга қараб, тақлид қилиб рақсга тушаётган қизчага назарим тушди. Қуралай кўзлари, нимтабассум юзларида менга интилишни сездим. “Қизим, исминг нима?” – сўрадим сочларини силаб. “Зилола” – деди-да мени қаттиқ қучоқлаб олди. “Сиз менинг онамга ўхшайсиз” деди у астагина хўрсиниб. Тадбир якунигача менинг атрофимдан кетмади, қизчанинг бот-бот нозик қўлчалари билан мени маҳкам қучиб, бошини кўксимга босиб, кўзларини юмиб туриши тадбир қатнашчиларининг қалбларини ларзага солди...
Зилолани кузатар эканман, талабалик йилларим ёдимга тушди. Талабалигим Россия Федерациясининг Белгород шаҳрида ўтган. Дастур бўйича 2-курсдан бошлаб бошланғич амалиёт ўтишимиз керак эди. Ётоқхонамиздан унча узоқ бўлмаган жойда Болалар уйи жойлашган эди. Биз дугонам Раҳима билан ўша муассасада педагогик амалиёт ўтаганмиз. Бизнинг вазифамизга кирмаса-да, эрталаб соат олтида туриб, у ерга борардик, болаларнинг ювиниб, кийинишларига ёрдамлашиб, ошхонага кузатиб, сўнг дарсимизга кетар эдик. Ўқитувчиларимиз берган топшириқларни бажариш билан бирга меҳрга муҳтож болаларга яқинлашиб, уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилардик. Тушдан кейинги тадбирларида ҳам иштирок этар эдик. Нозиккина Светлана исмли 5-синф ўқувчиси бўлар эди. Бир гал кичкинагина суҳбатдошим кўзимга тикилиб, ненидир пичирлаганини эшитдим. Бошимни эгиб, унга қулоқ солдим. “Дилноз Исомжоновна, сиз менинг онам бўлганингизда эди”, деди қизча ўзининг тилида...
Ҳозир Светлана Харченко Белгород шаҳридаги “Болалар” уйининг директори. Биз у билан яқин қариндошлардек бўлиб кетганмиз. Яқинда у Ўзбекистонга келди. Мамлакатимиздаги “Меҳрибонлик” уйлари билан танишиб, улардаги шарт-шароитларга юқори баҳо берди. Юртимизда ижтимоий ҳимоя устувор вазифалардан бири эканини мамнуният билан таъкидлади.
Мен унга кўнгли яримларга ғамхўрлик қилиш, ота-онасиз ва боқувчисини йўқотган болаларга меҳр кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлганини айтдим.
Хусусан, ХИ асрда яшаган аллома Юсуф Хос Ҳожиб ҳам ўз асарларида “қашшоқ, тул, етимларга меҳрибон кўнгил” бўлиш энг юксак инсоний фазилатлардан бири эканлигини таъкидлайди. Бу тоифа кишиларга мушкул вазиятларда ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнглини кўтариш, меҳр-шафқат кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш “чин адолат”нинг ёрқин кўриниши эканини ёзиб қолдиради.
Сўфийлик тариқатининг намояндаларидан бири – аллома Аҳмад Яссавий фаолиятида ғариб, фақир кишилар ва етимларга меҳрибонлик қилиш, уларга ёрдам қўлини чўзиш алоҳида ўрин тутгани унинг мазкур сатрларида ўз ифодасини топган:
Ғариб, фақир кишилар, етимларни(нг) кўнглин овлаб,
Кўнгли қаттиқ халойиқдан қочдим мано.
Улуғ мутафаккир Алишер Навоий етим болаларнинг бошини силаган шахслардан бири саналади. Тарихда унинг жамоат арбоби сифатида мадрасаларни бунёд этишдаги хизматлари эътироф этилган. Мазкур мадрасаларда етим болалар учун ҳам мактаблар очганлиги эътиборга молик. Аллома меҳрга эҳтиёжманд болаларнинг нафақат таълим олишлари учун шарт-шароитни яратибгина қолмай, шу билан бирга уларни ўз ҳисобидан кийим-кечак, озиқ-овқат, китоб ва ёзув қуроллари билан ҳам таъминлаган. Мадрасани тугатганидан кейин эса уларни истеъдоди ва қизиқишига қараб ишларга жойлаштирган.
Истиқлол йилларида ана шундай миллий урф-одат ва қадриятлардан келиб чиқиб, аҳолини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Президентимиз “Аҳолининг муҳтож табақаларини ижтимоий ҳимоялаш сира кечиктириб бўлмайдиган энг устувор вазифа, амалий ҳаракатларнинг энг асосий қоидаси бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади”, деб мустақилликнинг илк йилларидаёқ таъкидлаган эди. Шундай экан, бўлажак ўқитувчиларни тарбиялашда талабаларга нафақат назарий билимларни бериш, балки касбий фазилатларни шакллантириш асосий вазифамиздан биридир. Шулар ҳақида суҳбатлашарканмиз, у юртимизда бу борада олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Жойларда ана шундай тадбирларни кўплаб уюштиришимиз керак. Зеро, ўқув режада педагогик амалиётга чекланган соатлар ажратилади. Менимча, ҳар бир соҳада бўлажак мутахассисга бериладиган назарий билимлар амалиётда ўз тасдиғини топмагунча, талаба назарияда олган билимини ўзи бажариб кўрмагунча эсдан чиқариш эҳтимоли юқорироқ. Хитой файласуфи Конфуцийнинг фикрларини талабаларимга кўп такрорлайман: “Эшитганимни унутаман, кўрганимни эслаб қоламан, чунки уни ўзим бажараман ва эслаб қоламан”. Демак талаба ўқиши давомида ўзи ўқувчи билан бевосита яқин алоқада бўлса, унинг психологиясини тушуниши, педогогик усулларни қўллаш принсипларини ўзлаштириб бориши осонроқ кечади. Мутафаккирларимизнинг яхши ҳикмати бор: Чуқур билимга эга бўлган киши ўқитувчи эмас, ўз билимларини юксак маҳорат билан етказиб берадиган инсон яхши ўқитувчидир. Зўр устоз-мураббий бўлиши учун эса билим ва юксак педагогик маҳоратга эга бўлиши билан бирга болаларни сева олиши лозим. Мураббийлик маҳоратининг олтин қоидаси бу бола билан ишлашда авваламбор ўқитувчининг ўзида хоҳиш бўлиши керак. Демак, талабаларимиз фақатгина педагогик амалиёт даврида эмас, балки бўш вақтида мактабларга, болалар уйларига бориб, ўқувчилар билан муомалага киришиб, уларга ёрдам бериб, болалар билан ҳар хил маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилиб, шундай тадбирларга бошқа курсдошларини ҳам жалб қилишга ҳаракат қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Биз профессор ўқитувчилар уларни қўллаб-қувватлаймиз. Бу бўлажак мутахассиснинг касбий фазилатларини шакллантиришга бениҳоя ёрдам бўлади.
“Меҳрибонлик” уйларида давлатимиз томонидан барча шароитлар яратилган. Ҳомийлар болаларни эътибордан четда қолдирмайдилар. Жонкуяр, фидойи устозлар “Меҳрибонлик” уйларининг педагог, психологлари болалар билан доим бирга, уларга сирдош, мададкор.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СаломатликСоғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси: «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида саломатлик акцияси бошланди
Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир янгиланиш ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққо
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
