Президентимиз Ислом Каримовнинг доимий эътибори ҳамда қўллаб-қувватлаши туфайли мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт жадал ривожланмоқда. Соҳага оид ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, юртимизнинг барча ҳудудида замонавий спорт иншоотлари бунёд этилаётгани самарасида аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида спорт билан шуғулланишга қизиқиш, шу орқали соғлом ҳаёт тарзига интилиш кучайиб бораётир.
Жорий йилда Бухоро вилоятида бўлиб ўтадиган "Универсиада – 2013" спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиш учун Хоразм вилояти талабалар жамоалари ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ал-Хоразмий номидаги Урганч давлат университети ректори Рўзимбой ЭШЧОНОВ университет талабаларининг мусобақаларга кўраётган тайёргарлиги ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига гапириб берди.
– Университетимизда "Универсиада – 2013" спорт мусобақалари дастурига киритилган ҳар бир спорт тури бўйича махсус режа ишлаб чиқилиб, машғулотлар изчил олиб борилгани ўз самарасини бераётир, – дейди Р.Эшчонов. – Жумладан, талаба-ёшларнинг нуфузли спорт мусобақасига муносиб спортчиларни саралаш мақсадида маънавият ва маърифат бўлими, касаба уюшмаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида факулътетлараро ва университет биринчилиги мусобақалари ташкил этилди. Ушбу баҳсларда саралаб олинган спортчилар билан мунтазам машғулотлар ўтказиб келинмоқда.
Ўтган йили вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган "Универсиада – 2013" спорт мусобақаларининг иккинчи босқичида университетимиз жамоаси энг юқори ўринни эгаллади.
Жорий йилнинг апрель ойида Нукус ва Урганч шаҳарларида бўлиб ўтган жамоавий ўйинлар бўйича минтақавий саралаш босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти талабалар жамоалари спортнинг футбол, волейбол, баскетбол ва қўл тўпи турлари бўйича ўзаро баҳслашди. Унда футбол, волейбол, қўл тўпи бўйича вилоятимиз ўғил болалар жамоалари, шунингдек, қўл тўпи бўйича қизлар жамоаси баҳсларда ғолиб чиқиб, мусобақанинг финал босқичига йўлланма олди.
Бугунги кунда спортчи талабаларимиз нафақат вилоят, балки республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Масалан, дз-юдо бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси Диёрбек Ўрозбоев бир неча бор мамлакат ва жаҳон чемпионатларида ғалаба қозонган. У ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё биринчилигида кумуш ва жаҳон биринчилигида бронза, Тошкент шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги баҳсида олтин медаль соҳиби бўлган. Яна бир дз-юдочимиз Шаҳзод Собиров Германияда ўтказилган халқаро турнирда иккинчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари Робияжон Қурбонова, Гулёр Отажонова, Замира Аҳмедова сингари спортчи қизларимиз кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт усталаридир.
Ана шундай истеъдодли спортчилардан иборат жамоаларимиз "Универсиада - 2013" мусобақаларида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларга эришиш учун машғулотларда астойдил шуғулланмоқда. Қатнашчиларнинг дам олиб, ўз саломатлигини янада яхшилаши учун университетимиз қошидаги сиҳатгоҳ улар ихтиёрига берилган. Спортчиларимизнинг соғлиғи тажрибали шифокорлар томонидан доимий назорат қилиб борилаётир. Шу билан бирга талабаларнинг тинимсиз изланиб, маҳоратларини ошириши учун спорт залларимиз керакли анжом ва жиҳозлар билан таъминланган.
Айни кунларда "Универсиада – 2013" мусобақаларига тайёргарлик пухта режа асосида олиб борилмоқда. Машғулотлар Урганч шаҳридаги замонавий спорт иншоотларида ўтказилмоқда. Ишонаманки, спортчиларимиз мазкур нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиб, вилоятимиз спорт мухлисларини хушнуд этади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СпортБола неча ёшдан спорт билан шуғулланишни бошлагани маъқул?
Фарзандлар соғлом ўсиши учун уларнинг тўғри овқатланиши билан бирга, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ота-оналар ўғил-қизлари учун спорт тўгараги танлашда уларнинг ёш
СпортБодибилдинг ва жисмоний спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати
Тошкентдаги «Ҳумо Арена» спорт мажмуасида бодибилдинг бўйича ХII жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақада 150 дан ортиқ делегация вакиллари иштирок этаяпти. – Юртбошимизнинг спор
СпортЮртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилди
Пойтахтимиздаги Гимнастика федерациясида бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерац
СпортМарафон: халқаро мусобақа якунига етди
V Тошкент халқаро марафони ўз якунига етди. Мусобақада 34 мамлакатдан ташриф буюрган спортчилар ғолиблик учун курашди. Унда минглаб спортчилар 3 км, 10 км, ярим марафон ва марафон
