Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Мафтунбек мададдан мамнун

23.04.2013
50 марта ўқилди
Мафтунбек мададдан мамнун

Фарзанд – орзулар ибтидоси. Унинг беғубор, мунчоқдек кўзларига боқиб, қалбда орзуларингиз бўй чўзаётганини ҳис этаcиз. Шунда кўнгил энтикиб, гўдакнинг қўлларидан тутганингизда шукуроналик туйғуси вужудингизни эгаллайди.

Навоий вилояти, Нав­баҳор тумани, Янгиобод маҳалласида яшовчи Абдуваҳоб ака Жумабоев ҳам тўнғич фарзандлари Мафтунбекнинг дунё юзини кўрганида кўнгиллари осмон қадар эди. Эҳтимол, оталик бахтидан масрур бўлган Абдуваҳоб ака фарзандини келажакда Ватан байроғини юксакларда тутгувчи, эл-юрт шарафини доимо алқагувчи машҳур спортчи бўлиб етишадиган кунларга умид боғлаган бўлса, ажаб эмас.

Спорт билан мунтазам шуғулланиб бориш инсонда мардлик, шижоат ҳиссини шакллантириб, жисмоний бақувватликни ривожлантиради. Тумандаги 20-умумтаълим мактабида 17 йилдан буён жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб, болаларга сабоқ бераётган ­Абдуваҳоб ака буни жуда яхши англаган ҳолда фарзанди Мафтунбек билан кичиклигиданоқ биргаликда турли машқларни бажаришга уринарди.

Ота фарзанди билан илк машқ­ларини бажаришаётганида негадир Мафтунбек ҳаракатлари бироз секин, ўнг оёғининг беўхшов босиши эса отанинг эътиборини тортди.

Фарзандининг соғлиғидан ташвишга тушган ота ўғлини малакали мутахассислар кўригига олиб борди. Ташхис: ўнг оёқдаги гигантизм.

Бола – қалб гули. Унга етказилган озор дилни жароҳатламай қўймайди. Қўйилган ташхис Фотима опа билан Абдуваҳоб акани ҳам саросимага солиб қўйди. Аммо ота-она фарзандидаги дард­ни жимгина қабул қилишмади. Унинг соғлиғи учун ҳаракат қилишди. Доимо шифокорлар назоратида бўлишди.

Мамлакатимизда 20 йилдан буён ўз фаолиятини олиб бораётган, кўплаб хонадонларга хайрия кўрсатиб, инсонларга соғлик бахтини инъом этиб, кўнгилларга обод­лик улашаётган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жам­ғармасининг минтақавий филиалига 2008 йил январь ойида умид билан мурожаат қилиши ҳам Мафтунбекнинг соғайиб кетиши йўлида ташланган биринчи қадами бўлди.

Кўп ўтмасдан ўша йилнинг июнь ойларида мамлакатимизга Германиядан ташриф буюрган мутахассислар кўригига Мафтунбек ҳам жалб этилди. Натижада, болакай Германияда даволаниш учун йўлланма олди.

– Жамғармага мурожаат этгандан буён, турли ташхис ила кўплаб болалар ва уларнинг ота-оналари билан мулоқотда бўлдим. – дейди Мафтунбекнинг отаси Абдуваҳоб ака. – Уларнинг аввалги ва жам­ғарманинг кўмагидан кейинги соғ­лиғини кўриб, фарзандимнинг буткул соғайиб кетишига умидим янада ортди. “Соғлом авлод учун” жам­ғармасининг кўмаги билан ўғлим уч бора Германияда даволаниб, бепул мураккаб операцияларни ўтказди. Ҳозирда унинг соғ­лиғи жуда яхши.

Эндиликда Мафтунбек жамғарма томонидан зарурий дори-дармонлар билан таъминлаб турилиши билан бирга мунтазам жамғарма назоратида туради.

Эзгулик дунёни тутиб тургувчи улуғликдир. Мафтунбекни ҳам ширин орзулар сари ундаган ана шу улуғ куч эмасмикин?! Болакайнинг айтишича, келажакда у моҳир таржимон бўлиш ниятида экан. Бу истак унда Германияга борган чоғида уйғонган.

– Насиб қилса келажакда Германияга даволаниш учун эмас, балки буткул тузалиб, саёҳат қилгани бораман – дейди Мафтунбек қалби тўла орзулар билан.

Дунёда энг катта яхшилик бемор инсоннинг соғайишига кўмаклашишдир. Имконияти чекланган болажонларга ёрдам қўлини чўзиб, дардларига даво бўлган, шунингдек, улкан орзулар тузишига рағбатлантириб, бу йўлда илҳомлантириш каби эзгуликнинг мезони борми?!

Теглар:#2013/16

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782