
Осмонни тўлдириб мактублар ёғади: сарғиш, қизғиш, шафақ ранг, зарғалдоқ барглар шамолнинг беланчагидан тушиб қолаётгандек. Кузбобо еру кўкни кафтига олган сеҳргарга ўхшайди: япроқларнинг ҳар бирини эринмасдан ранглайди, кейин уларга қанот бериб, парвозга йўллайди. Сафарга отланган куз кемаси йўлидан давом этади. Кечагина боғлаб қўйилган шамол ипини узади. Кема чайқалади. Баргларнинг боши бир-бирига урилиб “сўқ-сўқ” бўлади. Шунда япроқларнинг шивири қулоққа чалинади. Ҳақиқий куз бошланади.
Йўлакда ўйнаётган болакайлар баргларни дўппи қилиб бошига ёпишади. Қўл ушлашиб “чайқалишади”. Энди улар дарахтга ўхшагиси келади. Чанг-тўзонли шамол тиниб, ёмғир шивалайди. Одамларнинг қадамлари тезлашади. Мактабдан қайтаётган болалар ҳозиргина пайдо бўлган сув кўлмакларини кечиб, завқланади. Ўқувчилар сумкаларини соябон қилиб бошларига қўйишади. Ота-оналари кўтариб олишган боғча болалари эса қўлларини ёмғирга тутади. Кейин ҳўл қўлини дадасига кўрсатиб:
– Ёмғир ширинми? – дейди.
Ота қизчасини бағрига босади. – Ширин, қизим, ширин.
– Мени айтаяпсизми, ёмғирними? – қизалоқ отасига юзланади. – Ёмғир ширин бўлса, ичсам майлими?
– Ёмғир ширин, лекин уни ичиб бўлмайди. Негалигини катта бўлганингда тушунтириб бераман...
Ота-боланинг суҳбати тугамайди. Йўлда набирасини етаклаб олган бувижон кўринади.
– Жон болам, ёмғирда шалаббо бўласан, соябонингни тутиб олгин, – дейди.
– Йўўўқ, – бола соябонини курткасининг ичига яширади. – Ёмғирда ивиб кетса, соябон шамоллаб қолади.
...Устимиздан ёмғир ёғаётгани эсимиздан чиққанди... Табиатни кузатиш мароқли эди. Энди саккизинчи қаватга кўтарилиб, деразани к-а-а-т-т-а очамиз. Пастга қараймиз. Манзара бошдан оёқ кўринади. Шамол гоҳ меҳрибон, гоҳ жаҳли чиққан одамга айланиб қолади. Қуёш совуқдан беркиниб олганга ўхшайди: кўзини сааалгина очган. Дарахтларнинг боши, қўли, оёғи бор-у, улар ранглар билан ажратилгандек. Адоқсиз осмоннинг бир бўлагига ёмғирпўш ёпилганми, бир қулоч ер қуп-қуруқ кўринади. Сал наридаги ёнғоқ дарахтининг тепасидан қушлар аримайди. Ҳаккалар энг баланд шохларда қолиб кетган ёнғоқларни қишга ғамлайди. Улар илолмаган ёнғоқлар “тап-туп” ерга тушиб, пўчоғидан ажралади. Аҳён-аҳёнда кўринадиган олмахонлар дарахт шохларида қушдек енгил югуради. Қўлидаги ўлжасини маҳкам тутиб, атрофга бир қарайди-ю, ғойиб бўлади... Кичкинагина кўринган майдонча ўрмонга айланиб қолгандек туюлади. Кутилмаганда осмондан барглар ёмғири тўкилгандек бўлди. Деразадан қўлларимни чиқариб, уларни тутишга шайландим. Шунда бир барг қўлимга илинди. Қувониб кетдим. Қарасам, унга икки чумоли ёпишиб олганди. “Чумолининг соябони”, дедим овозимни баландлатиб. Ёки чумолилар баргни кема қилишмоқчи бўлганмикин? Энди топдим, улар парашют қилиб сакрамоқчи бўлишган! Атрофга қарайман: ёмғир ҳам табассум қилгандек, шамолнинг кўзлари чақнагандек. Ариқдаги сувлар ҳам жим. Ёмғир тиниши билан узоқлардан қушларнинг “чуғур-чуғури” эшитилди. Иссиқ ўлкаларга йўл олган қушларнинг хайрлашув хабари эди, бу овоз.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБолалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар
Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса
Тиббий сабоқларАломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?
Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало
Тиббий сабоқларКузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?
Куз фаслида бурун оқиши, аксириш, йўтал, кўз ёшланиши ва қичишиши каби белгилар тез-тез учрайди. Кўпчилик бундай аломатларни шамоллаш ёки грипп билан боғлайди. Аслида эса улар мавсумий аллергиядан ҳам дарак бериши мумкин. Хўш, кузги аллергиянинг асосий сабаблари нималар? Уни ЎРВИ ва гриппдан қайси белгилари орқали фарқлаш мумкин?
Тиббий сабоқларАнтибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...
Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».
