Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Кўкламойнинг кўйлаги

20.03.2015
53 марта ўқилди
Кўкламойнинг кўйлаги

Қаҳратон совуқ ортга чекиниб ўз ўрнини йил фаслларининг келинчаги бўлмиш баҳоройга бўшатиб берибди. Қирқ ўрим сочлари этак узра тўлғониб ям-яшил кўйлагини кийиб олган Кўкламойнинг этагидан тўкилаётган ям-яшил майсалар қиру адирлар бағрига жойлашиб майин шамоллар қўйнида нафис тебранади.

Йил фаслларининг бетакрор маликаси ҳув олис далалар томон юз ўгиргани ҳамон бобо қуёш нурларига чулғанган майсалар она Ер оғушида баҳор қўшиғини бошлаб юборишди. Ёлғизоёқ сўқмоқларни кезиб келаётган нафосат маликасининг ҳиноланган қўли билан бутун борлиқ узра сочаётган гул-чечаклари заррин нурларга чулғаниб аста юз очади. Во ажаб Кўкламойнинг ёноқлари акси бўлмиш қирмиз лолалар, дудоқларига хос оппоқ бодом гуллари, боши узра елкасига сирғалаётган ним пушти ҳарир рўмоли янглиғ беҳисоб чечаклар “қиқирлаб-қиқирлаб” аллақачон Наврўз сайлини бошлаб юборишган.

Зангор само узра кенг қанотларини ёйган учқур лочинлар парвози, қушларнинг ажиб сайроғи, қаноти ёй мисол қалдирғочларнинг эзгуликлар ошиёни бўлмиш она Замин узра ҳалинчак солиб учаётгани киши кўнглини ажиб шодликка ошиён этади. Бобо деҳқон елкасига кетмон олиб кенг даласи томон йўлга отланди. Нуроний отахон ҳамда онахонлар юзларига фотиҳа тортиб “Яна бир омонлик фаслига етказганингга шукур Раббим!”, – дея тилак билдиришида дунёча маъно мужассам. Бир сиқим тупроқ тафти бунчалар хушбўй! Дошқозонда сумалак, дастурхон кўрки кўк сомсаю, чучваралар ёнига қўйилган патир-нонлар тўкинлик тўйини намойиш этмоқда.

Гуллар билан бурканган йўлида давом этаётган Кўкламой ўнг қўли билан бир имо қилган эди шарқироқ шалолалар сойлар бағрини тўлдириб юборди. Нафосат маликаси сойлар бўйидан одимлаб мажнунтоллар шохларини силаб ўтди. Ажабо уйғониш маликасининг бармоқлари гўё уларга жон ато этгани каби енглари учи андозаси зумда мажнунтоллар сочларига кўчиб ям-яшил тусга бурканиб, бошидаги нафис чамбараги янглиғ чирой қўйнига чўмиб қолди. Ариқларда “чулдираб” оқаётган сувлар лабига тегиб ўтган Кўкламойнинг этаклари учидан тўкилиб қолган ялпизлар бўй таратади. Кўкламой кўйлагидаги қаҳраборанг тугмалари акси кўчган қоқигулларни ҳам йўлма-йўлакай этакларидан тўкиб кетаётгани боис изларида тенгсиз гўзаллик намоён бўларди. Фасллар маликасининг қошларидаги ўсмаларига, кўзларидаги сурмаларига ҳавас қилган қиз-жувонлар кўзгу сари шошилиб ўсма сувларига ботирган пилик чўпларига қош тутишади. Бир зумда шодланиб рақсга тушаётган қизалоқлар қоқигулли сочбаргакларини кўз-кўз этиб сайхонлик сари жам бўлишади. Дугоналар қўл ушлашиб даврани кенг олганича майсаларнинг шодон рақсига ҳамоҳанг хиром айлайди. Бир сафга тизилиб олишган болакайлар тол хивчинли отида сайхонлик сари ошиқади.

Кўкламой тоғлар ёнбағридаги шаффоф булоқлар кўзини очиб борар экан, бир зум само сари кўз ташлади. У ўзининг буллур ёноғидан ранг олган оппоқ булутларнинг ортидан эргашиб келаётган яккам-дуккам қора булутлар томон қўл чўзиб кафтларини очганича имо қилгани ҳамон улар бирлашиб кўк юзидан шаррос ёмғирларини бошлаб юборишди. Она табиат чексиз муъаттар ифорлар оғушига ғарқ бўлиб Кўкламойнинг қўлидаги софлик ҳамда тиниқлик кўзгуси гуллар жамолини яна бир бор кўз-кўз этди. Бутун жумлаю жаҳонни шодлик ила яшариш, яшнатиш қўйнига жо айлаган фасллар келинчаги тоғлар бағридаги тошларга ҳам жон ато этишни асло канда қилмади. Во ажабо тош бағридан ёриб чиққан майсалар ҳам Кўкламойнинг кўйлагидан андоза олиб уйғониш қўшиғига жўр бўлишди. Уларнинг қўшиғидан шодланиб учаётган турналарнинг “қурей-қурей”лари эса ҳамон эшитилиб турарди. Кўкламой эса зар варақли йил китобининг йигирма биринчи март саҳифасига кўз ташлаб юртга ТИНЧЛИК, ОМОНЛИК, эл– улусга СОҒЛИК-САЛОМАТЛИК мудом ҳамроҳ бўлсин!, – дея яна йўлида давом этарди. Унинг йил отаси совға қилган ям-яшил кўйлаги дилидаги поклик, софлик, ўзаро ҳурмат, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, биродарлик ва энг муҳими дунёни қутқарувчи гўзаллик рамзи бўлиб майин шамоллар бағрида ҳилпираб турарди.

Теглар:#2015/12-13

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783