Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

“Ким ўзар?” – кўнгил бузар

22.01.2014
57 марта ўқилди
“Ким ўзар?” – кўнгил бузар

Эрталаб ишга отланар эканман, шаҳарнинг сершовқин кўчалари бўйлаб ғиз-ғиз ўтаётган машиналар хаёлимни бўлди. Шамолдай учқур автомашиналар оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилади.

Уларни бошқарувчи ҳайдовчилар эса манзилимизга етказиб қўйиб, қимматли вақтимизни тежашда катта ёрдам беради. Кўпчиликка осон бўлиб туйилган ҳайдовчилик касбининг ортида ниҳоятда катта масъулият, машаққат ётади. Кечани кеча, кундузни кундуз демай, баъзан ширин уйқуларидан воз кечиб, йўловчилар ҳожатини чиқараётган ҳайдовчилар доимо ҳушёрлик, диққат-эътибор ва масъулиятни ҳис этишлари лозим. Лекин айни пайтда бу касбга юзаки қараётганлар, унинг сир-синоатларидан мутлақо бехабар ҳолда ҳайдовчилик гувоҳномасини кўтариб юрганлар учраб туради. Машина ҳайдашнинг ўзи ҳайдовчилик касби учун етарли эмас. Серқатнов кўчаларда ҳаракатланаётганда довдираб қолса, хавфли вазиятларда тезкорлик билан чора қўллай олмаса, ундай ҳайдовчи фақат ўзи эмас, бошқалар ҳаётини ҳам хавф остида қолдиради.

Ҳайдовчидан юқорида таькидланган фазилатлардан ташқари сабр-тоқат ҳам талаб этилади. Агар ҳайдовчи тоқатсиз, шошқалоқ бўлса, бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди. Баъзи ҳайдовчилар светофорнинг қизил чироғи ёниб турганига ҳам қарамай, машинани катта тезликда “учириб” юришади. Ишга, ўқишга шошилаётган пиёдалар эса йўлдан ўтишга ҳайиқиб, пиёдалар йўлакчасида анча вақт кутиб қолишларига тўғри келади. Аксарият бахтсиз ҳодисалар, автоҳалокатлар ана шундай вазиятларда юзага келади.

Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Орқасига сумка осиб олган 8-9 ёшлардаги болакай машиналар тирбанд кўчадан югуриб ўта бошлади. Шу вақт юқори тезликда келаётган автомашина ҳайдовчиси тормозни босишга улгурмай қолди. Лекин ҳайдовчи боланинг жонига жабр бўлмасин деб, рулни бошқа ёққа буриб юборди ва ўзи қаттиқ жароҳатланди. Бирпасда йўл патруль хизмати назоратчилари етиб келиб, ҳайдовчини зудлик билан шифохонага олиб кетишди. Хуллас, бир лаҳза ичида кўз ўнгимизда ана шундай нохуш ҳодиса рўй берди.

Бу ҳодисада ким айбдор? Албатта, бу ўринда “қарс икки қўлдан чиққани” кўриниб турибди. Светофорга яқинлашиб келаётган ҳайдовчи ҳар қандай вазиятда ҳам тезликни меъёридан оширмаслиги, болакай эса пиёдалар учун мўлжалланган светофорнинг яшил чироғи ёнмай туриб, кўчадан кесиб ўтмаслиги керак эди. Арзимаган эътиборсизлик ортидан, инсон ҳаёти барбод бўларди. “Йўл қоидаси – умр фойдаси” деб бежиз айтишмаган. Шошқалоқлик билан манзилга тезроқ етишни кўзлаб, йўл қоидаларини бузаётган ҳайдовчи нафақат бошқаларнинг, балки ўз ҳаётини ҳам хавф остига қўяди. Ўйламай босилган биргина қадам кишини чоҳга етаклаганидай, ҳайдовчининг эътиборсизлиги кўплаб кишилар ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Шунингдек, йўловчилар ҳам ўзига керакли тартиб-қоидалардан хабардор бўлишлари лозим. Эрталаб яхши ният билан уйдан чиқиб кетар эканмиз, бизга оқ йўл тилаб қолган яқинларимиз олдига соғ-саломат боришни, албатта, чин дилдан истаймиз. Бу хоҳишимиз ижобати эса умримиз фойдаси бўлмиш йўл қоидаларига амал қилишимизга боғлиқ.

Теглар:#2014/3

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
“Ақлвой” ўз фаолиятини бошладиЖамият

“Ақлвой” ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 22 мартидан болалар учун мўлжалланган таълим ва кўнгилочар телеканал фаолият бошлади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманид

24.03.2021209
Овқатланишдан кейин кўнгил айниса...Тиббий сабоқлар

Овқатланишдан кейин кўнгил айниса...

Овқатланишдан кейин оғриқ ва ноқулайлик сезишнинг кўплаб сабаблари бор. Агар оғриқ овқатдан кейин дарҳол сезилса ва у бир оздан кейин ўтиб кетса, бунга кўпинча овқат сабаб бўлади.

11.01.2023297
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031