Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

КИЧКИНТОЙИНГИЗ МАКТАБГА ТАЙЁРМИ?

30.10.2012
97 марта ўқилди
КИЧКИНТОЙИНГИЗ МАКТАБГА ТАЙЁРМИ?

Илк бор мактабга қадам қўйиш – нафақат бола учун, балки ота-она учун ҳам катта синовдир. Ота-оналарни: “Кичкинтойим қандай ўқийди?”, “Ўзига яхши дўстлар топа оладими?”, “Биринчи устозини қандай қабул қилади?” каби саволлар ўйлантиради. Шу каби саволларга психолог Розия Ниязимбетова жавоб беради.

– Фарзандни олти ёшдан мактабга беришнинг қандай ижобий жиҳатлари бор?

Кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини нисбатан эртароқ мактабга беришни орзу қилишади. Чунки, болаликда инсоннинг зеҳни, хотираси кучли, ўзи ҳаракатчан ва фаол, қизиқишлари эса чексиз бўлади. Бу даврда болани ҳар қандай муҳитга одатлантириш, кўниктириш ва унинг интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш мумкин. Ҳатто, бу орқали оламшумул ютуқларга эришганлар ҳам бор. Булардан хабар топган ота-она табиийки, ўз фарзандининг ҳам билағон ёки даҳо бўлишини хоҳлайди.

Бола улғайган сари унинг биологик ўсиши секинлаша боради. Бу ундаги ҳаракатларнинг ҳам бир қадар сусайишига олиб келади. Мана шу сусайиш даври бошлангунга қадар боланинг иқтидори юқори даражада бўлади. Бу даврда, масалан, ўнта сўзни икки марта эшитганда эслаб қолса, кейинчалик эса унинг эсида қолиши учун тўрт-беш марта такрорлаш керак бўлади. Шунинг учун ҳам олти ёшда мактабга борган бола бир йил ичида нисбатан кўпроқ нарса ўрганади.

– Боланинг мактабга тайёргарлик даражасини қандай аниқлаш мумкин?

Боланинг мактабга тайёргарлик ҳолатини аниқлашнинг бир нечта йўллари бор. Агар болакай ўқишни, санашни билсаю, бир оз одамови, камсуқум ва фақат уй шароитига ўрганган бўлса, мактабга боргач, ўқитувчи ва дўстлари ўртасидаги муносабатларга кўникишда муаммо пайдо бўлиши мумкин.

Фарзандининг олти ёшдан ўқувчи бўлишини истаган ота-она унинг ўқишга бўлган рағбати, қизиқиши, иштиёқи ва қобилиятини олдиндан кузатиб, тарбиялаб бориши керак. Боланинг кўпчилик бўлиб ўйналадиган ўйинлар қоидаларига риоя қилиши, катталар билан мулоқотга осон киришиши, бирор ишни ўзи эркин тарзда ёки мустақил ёндошув билан бажара олиши, ўз зиммасида қайсидир даражада масъулиятни ҳис қила олиши, фикрлашдаги мантиқийлик кабилар боланинг мактаб ҳаётига тайёр эканидан далолат беради.

Шу билан бирга, кўпгина олти ёшли болаларнинг мактабга бўлган қизиқиши керагидан ортиқ бўлади. Бундай ҳолларда ота-она бу хоҳиш ортига беркинган муҳим сабабни ўрганиб чиқиши, мактаб болани нимаси билан ўзига жалб этаётганини аниқлаши лозим. Бу ўринда янги билимларни эгаллаш, оиладаги ўрни ва нуфузининг ўзгариши, кун бўйи уйда ўтиришдан қутулиш ёки чиройли мактаб анжомларига эга бўлиш кабилар болани қизиқтираётган бўлиши мумкин.

– Олти ёшда мактабга чиқишга хоҳиши бўлмаган фарзандга қандай муомала қилинади?

Олти ёшли боланинг мактаб муҳитида ўзини эркин сезиши кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. Агар олти яшар боланинг мактабга боришга қизиқиши бўлмаса, бу ҳолда уни мажбурлаб ўқишга бериш керак эмас. Яхшиси, унга мактабга бориш ва ўқишнинг афзалликларини тушунтириб бориш воситасида унда етарли хоҳиш пайдо бўлишини кутиш керак. Акс ҳолда, ота-она ҳам, бола ҳам қийналади ва болада мактабга илк қадамлариданоқ салбий кайфият шаклланади. Кейинчалик боланинг ўзлаштириш даражасидан қониқмаган ота-онанинг фарзандининг келажагига бўлган умидлари бир оз пасайиб, болани ҳам шу ҳолга солиб қўйишади. Шунинг учун бу масалада адашмаслик зарур.

ФАРЗАНДИНГИЗНИ СИНАБ КЎРИНГ!

Ушбу тест болангизнинг билиш савияси қай даражада эканини аниқлашда сизга ёрдам беради. Бу орқали сиз болангизнинг ўзи, оиласи, атроф-муҳит ҳақидаги маълумотларни қай даражада билиш, муҳокама ва таҳлил қила олиш қобилиятини билиб оласиз.

1. Исминг, фамилиянг, отангнинг исмини айт.

2. Ота-онангнинг фамилиясини айт.

3. Қиз боламисан, ўғил болами?

4. Аканг ёки опанг борми? Уларнинг қайси бири катта?

5. Ёшинг нечада? Бир (икки, уч...) йилдан сўнг неча ёшда бўласан?

6. Ҳозир кундузими, кечасими ёки эрталабми?

7. Нонуштани қачон қиласан эрталабми, кечки пайтми?

8. Қаерда яшайсан? Уй манзилингни биласанми?

9. Отангнинг ва онангнинг исмлари ким?

10. Расм чизишни яхши кўрасанми? Бу қалам (китоб, девор) қайси рангда?

11. Ҳозир қайси фасл? Буни қандай аниқласа бўлади?

12. Чанада қачон учса бўлади ёздами, қишдами?

13. Нимага қор фақат қишда бўлади?

14. Почтачи (ўқитувчи, врач) нима қилади?

15. Мактабда парта, қўнғироқ нимага керак?

16. Мактабга боргинг келяптими? Нимага?

17. Ўнг кўзингни, чап қулоғингни кўрсат. Бизга қулоқ, кўз нима учун керак?

18. Қандай хайвонларни биласан?

19. Қандай қушларни биласан?

20. Қайси бири катта - сигирми, эчкими?

21. Қайси бири кўп 8 ми 5 ми? 3 дан 6 гача, 9 дан 2 гача санаб бер.

22. Бировнинг нарсасини бузиб қўйсанг, нима қилиш керак?

Боланинг ўзи ва оиласи ҳақида маълумотларга эгалигини - 1,2,3,4,5,8,9,17-саволлар; атроф-муҳит ҳақидаги тасаввурларини - 6,7,10,11,12,14,18,19-саволлар; таҳлил ва муҳокама қилиш қобилияти - 13,20, 21,22- саволлар; мактабга интилишини - 15,16-саволлар орқали билиб олиш мумкин.

БаҲолаш мезони:

Ҳар бир тўғри жавоб 1 баллдан, тўғри, лекин тўлиқ бўлмаган жавоб 0,5 баллдан баҳоланади.

Қуйидаги саволлар алоҳида баҳоланади:

· 5-савол - бола неча ёшда эканлигини билса - 1 балл, агар ойни ҳам инобатга олиб айтса - 3 балл (масалан, мени ёшим 6 ёш ва 4 ой, бир йилдан кейин ёшим 7 ёш ва 4 ой бўлади);

· 8-савол - тўлиқ манзилини айтса - 3 балл;

· 15-савол - мактаб нарсаларини тўғри ишлатилиши - 1 балл;

· 16-савол - ижобий жавоб 1 балл;

· 22-савол - тўғри мулоҳазали жавоб - 2 балл.

Фарзандингиз жавоб беришда 24-29 балл тўплаши унинг юқори савияда; 20-23,5 балл тўплаши ўрта савияда; 19,5 ва ундан кам балл тўплаши эса қуйи савияда эканидан далолат беради.

Эътибор беринг, қайси гуруҳдаги саволлар фарзандингизга жавоб беришида қийинчилик туғдирди. Кейинчалик болангиз тарбиясида бундай муаммоларни бартараф этишга бел боғланг. У билан кўпроқ шуғулланинг ва дарс тайёрлашига ёрдам беринг. Серсавол кичкинтойнинг ҳар бир саволига диққат-эътибор, сабр билан жавоб беринг. Шунда фарзандингиз ўз фикрини эркин баён этиб, мулоқотга тортинмай кириша олади.

Теглар:#2012/42

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Мактабгача таълим: Болажонлар экологияни қандай ўрганади?Жамият

Мактабгача таълим: Болажонлар экологияни қандай ўрганади?

Мамлакатимизда экологик маданиятни ривожлантириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори

28.01.2021118
“Ақлвой” ўз фаолиятини бошладиЖамият

“Ақлвой” ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 22 мартидан болалар учун мўлжалланган таълим ва кўнгилочар телеканал фаолият бошлади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманид

24.03.2021209
Қулупнай мавсумига тайёрмисиз?Тиббий сабоқлар

Қулупнай мавсумига тайёрмисиз?

Апрелнинг охири ва май ойи қулупнай айни пишиб етилган пайт ҳисобланади. Айниқса, рангини айтмайсизми, ёқутдек товланади. Тилни ёргудек мазали. Сизга антиқа бир маслаҳатимиз, қулуп

16.04.2021162
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176