Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Келажакнинг ёрқин ранглари

14.11.2015
71 марта ўқилди
Келажакнинг ёрқин ранглари

Хушхабарнинг учқур қаноти еру кўкни тўлдириб парвоз этаркан, минглаб кўнгил – ларга қувонч улашаверади. Ана шундай шодлик хабари Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчиларини тўлқинлантириб юборди. Қувонмай бўладими? Ахир, шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Шоҳсанам Муҳаммаджонова Москва шаҳрида ёш рассомлар ўртасида ўтказилган “Менинг қадрдон ўрмоним” (“Мой родной лес”) халқаро танловида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Албатта, бундай нуфузли танловда ғолиб бўлиш осон эмас. Чунки, мўйқаламда кўнгил тубидаги бетакрор ҳисларни баён қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун аввало ўзига хос ижодкорлик талаб этилади. Шоҳсанам эса буни теран англайди. Шу боис ҳам табиат қўйнида берилиб ижод қилади.

Ранглар уйғунлиги, манзаралар жилоси, бутун борлиқнинг ўзига хос гўзаллиги мафтун этган қизнинг дилида бир олам орзулар барқ уриб гулла­моқда. Икки ўрим сочларини шаббодалар тортқилаб ўтаётган адирлар бағри у­нинг учун ижод бўстонидир. Олис-олисларга кўз тиккан қиз гоҳ камалак жилосини, гоҳо қушлар парвозини, баъзида эса хаёлчан дарахтларни бус-бутунлигича расмларига кўчиради. Сўлим Ўзбекистонннинг “Куз манзараси”ни иштиёқ билан чизган қизнинг ижодий иши ҳакамлар тарафидан юқори баҳоланди. Ахир юзлаб чет эллик тенгдошлари орасида она Ватанимиз манзарасини маромига етказиб тасвирлагани учун ғолибликни эгаллаш бу ҳақиқатдан ҳам катта ютуқ эди.

Набижон Жумабоев, Дилаф­рўз Қаршибоева, Тўлқин Ярқулов каби устозларининг маслаҳатларини жон қулоғи билан тинглаган Шоҳсанам тасвирий санъат сирларини қунт билан ўрганиб бормоқда. У бир қатор танловларда ғолибликни эгаллаб тенгдошларига ўрнак бўлди. 2014-йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг “Тасвирий ва амалий санъат” фестивалида сертификат билан тақдирланган ёш ижодкор, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Ўзбекистон Рес­публикаси Халқ таълими, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамкорлигида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – болалар нигоҳида” республика расмлар кўргазмасида ғолибликни эгаллаб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Жорий йилда ҳам “Тасвирий ва амалий санъат” фестивалида муваффақиятли иштирок этиб ғолиб бўлган қизнинг муваффақиятлари бисёр.

– Ҳар куни кечқурун эртага бажарадиган ишларим режасини тузиб қўяман, – дейди биз билан суҳбатда Шоҳсанам. – Ушбу кундалик режамдан албатта уй-рўзғор юмушлари ҳам ўрин олган. “Қиз бола фақат яхши ўқиб, ораста кийиниб юришигина эмас, балки уй-рўзғор ишларини ҳам мукаммал уддалаши лозим”, – дея насиҳат қилади бувижоним. Шунинг учун у ўз уйида меҳмондир, – дея насиҳат қилишади катталар. Уларнинг ўгитларига ҳамиша амал қилишга интиламан.

Дарҳақиқат, Шоҳсанам мазали пишириқлар тайёрлаш билан бирга бежирим кашталар тикишга ҳавасманд. Унинг табиий ашёлардан ясаган ўзига хос амалий санъат асарлари киши кўзини қувнатади. “Оққуш парвози”, “Гуллар суҳбати” каби амалий санъат асарларини кўриб яна бир иқтидор эгаси юртимиз довруғини оламга ёйишга бел боғлаганидан шодланасан, киши.

Ёш ижодкор қиз Гулистон шаҳридаги 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида аъло баҳо­ларга ўқиши билан биргаликда турли спорт мусобақаларида ҳам қатнашиб келмоқда. Кўнгил оламининг мунаввар орзуларини мўйқаламда ўзига хос тарзда ифодалаётган Шоҳсанам Муҳаммаджонованинг бугунги муваффақиятлари эртаси учун қўйилган тамал тошидир.

Теглар:#2015/44

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241179
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783