Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Кексаларга тиббий кўмак

14.03.2015
58 марта ўқилди
Кексаларга тиббий кўмак

Уларнинг умрини узайтиришда сифатли тиббий хизматнинг ўрни катта

Инсоннинг ёши улғая бориши билан организмда пайдо бўладиган ўзгаришлар натижасида муқаррар рўй берадиган жараён бу қаришдир. Ушбу ўзгаришлар организмнинг аста-секин ҳаётга мослашув имкониятлари сусайишига олиб келади. Шуни айтиб ўтиш керакки, физиологик қариш бошланганда ақлий ва жисмоний қувват, маълум иш қобилияти, хушчақчақлик ва қизиқишлар сақланади. Турли хил нохуш ташқи таассуротлар ва ички омиллар сабабли бу жараён тезлашиб барвақт ёки патологик қаришга олиб келади.

Одатда қариликнинг дастлабки белгилари одамда етуклик давридан (шартли равишда 60 ёшдан) сўнг намоён бўлади. Бироқ, аслини олганда қариш жараёни организмнинг ўсиши ва ривожланиши тўхтагандан кейин бошланади.

Қариш биринчи навбатда юрак қон-томир ва асаб тизимига таъсир қилади. Юрак қон томир тизими қариш жараёнида ҳужайралар, тўқималар ва аъзоларни бироз зўриқиш билан таъминлайди. Бу ўз навбатида уларда сўниш жараёнини тезлаштиради. Кексаларда асаб толалари ҳаракатчанлигининг ёмонлашиши туфайли ташаббускорлик, меҳнат қобилияти маълум даражада сусаяди. Бир фаолиятдан иккинчисига ўтиш қобилияти қийинлашади – тормозланиш жараёнларининг етарли бўлмаслиги асаб тизими қўзғалувчанлигининг ошиши билан кечади. Шу туфайли атрофдаги нарсаларга мослашиш ва жавоб реакциялари асоси бўлмиш шартли рефлекслар суст ишлайди ва секин йўқолади. Эмоционал беқарорлик кучаяди. Қариш жараёнида организмда иммунитетнинг сусайиши, касалликлар авж олиши ва уларнинг анча оғир ўтишига сабаб бўлади. Шунинг учун касалликнинг олдини олиш кишининг барвақт қаришига йўл қўймасликка ёрдам беради. Қарилик атрофдагиларга, биринчи навбатда қариётган одамнинг яқинларига катта талаблар қўяди. Улар қарияга нисбатан мурувватли ва сабр-тоқатли бўлишлари, кекса инсонга ғамхўрлик қилишлари лозим.

Кексаларнинг тўғри овқатланишлари катта аҳамиятга эга. Масалан, ҳаддан ташқари кўп тўйимли овқат ейиш саломатликка путур етказади. Шу билан бирга таом таркиби дармондориларга бой бўлиши лозим. Қариганда одатдаги ухлатадиган, оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи дориларни, шунингдек асаб тизимига салбий таъсир этувчи қуюқ қаҳва ёки аччиқ чойни ичмаслик керак. Бу ёшда чиниқиш муолажаси жуда муҳим, у организмнинг мосланувчанлик механизмини рағбатлантиради. Унинг касалликларга чидамини оширади. Бироқ, чиниқиш муолажалари турини ва қанча вақт шуғулланишни албатта шифокор билан маслаҳатлашиб олиш лозим. Чунки, организмдаги ёшга хос ўзгаришлар биронта сурункали касаллик мавжудлиги чиниқишни чегаралайди, баъзан уни мутлақо қўллаб бўлмайди.

Геронтологларнинг кўпчилиги узоқ умр кўрувчиларнинг анча ёшгача бардам-бақувват яшай олиш қобилиятининг юқорилигини ирсий деб ҳисоблайди. Аммо узоқ умр кўришда ижтимоий омиллар ва аҳоли яшаш тарзининг аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Узоқ яшашга таъсир кўрсата олувчи ижтимоий ва иқтисодий омиллар жумласига меҳнат тури ҳамда шароитлари, моддий таъминот, овқатланиш хусусияти, аҳолининг маданий даражаси ҳамда яшаш тарзи, тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжнинг қанчалик қондирилиши киради.

Ҳозирги кунда ҳамширалар ўз фаолиятида узоқ умр кўраётган кишилар билан ҳам иш олиб боради. Шундай экан ҳамширалар геронтологияда ҳамширалик ишининг мақсад ва вазифаларини ҳам тушуниб етишлари лозим. Бунинг учун паллиатив даволаш тамойиллари мавжуддир. “Паллиатив” термини лотинча “pallium” – ўраб олиш маъносини билдиради. Беморга паллиатив ёрдам кўрсатиш: тиббий, ижтимоий, руҳий ёрдам йўналишлари бўйича амалга оширилади. Паллиатив даволашда бемор ҳаётини узайтириш эмас, унинг сифатини таъминлаш муҳимдир. Бу тиббий ёрдам умуминсоний қадриятларга асосланган бўлиб, унинг негизида азоб-уқубат ва ўлимга нисбатан меҳр-шавқатга йўғрилган инсонпарварлик муносабатлари ётади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра рак (саратон) касалликлари юрак-қон томир хасталикларидан кейин 2– ўринни эгаллайди. Беморларнинг 75 фоизга яқини амбулатор босқичда биринчи маротаба шифохонага мурожаат этганда касалликнинг терминал(ўта оғир) даврида бўладилар ва улар паллиатив тиббий ёрдамга муҳтождирлар. Ушбу ўринда радикал ва паллиатив тиббиёт орасидаги фарқни таъкидлаб ўтиш жоиз.

Радикал тиббиёт беморни тузатишга қаратилган бўлиб, соғайишга бўлган энг кичик имкониятдан фойдаланишдир. У ёрдам бермагандагина паллиатив тиббиёт ёрдамига ўтилади. Чет эл тиббиёт амалиётида бу даволаш усуллари “Хоспис” муассасаларида амалга оширилади. У ерда замонавий тиббиёт ёрдам беришга ожиз ҳолатига тушган беморлар парвариш қилинади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида “Хоспис”лар ташкил этилмоқда. Бу ҳам ҳар томонлама ёрдамга муҳтож одам учун беғараз инсонпарварлик ва меҳру мурувватнинг ёрқин тимсолидир, десак муболаға бўлмайди.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726
Кузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?Тиббий сабоқлар

Кузги аллергия шамоллаш ва гриппдан қандай фарқланади?

Куз фаслида бурун оқиши, аксириш, йўтал, кўз ёшланиши ва қичишиши каби белгилар тез-тез учрайди. Кўпчилик бундай аломатларни шамоллаш ёки грипп билан боғлайди. Аслида эса улар мавсумий аллергиядан ҳам дарак бериши мумкин. Хўш, кузги аллергиянинг асосий сабаблари нималар? Уни ЎРВИ ва гриппдан қайси белгилари орқали фарқлаш мумкин?

23.10.20261627
Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...Тиббий сабоқлар

Антибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...

Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».

20.01.20251592
Бошни ювиб,  кўчага чиқиш соғлик учун хавфлиТиббий сабоқлар

Бошни ювиб, кўчага чиқиш соғлик учун хавфли

Баъзи инсонлар қандай шароит бўлмасин, тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб бошини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бош

03.01.20251330