Шифокорлик касбини танлаган кишининг зиммасида инсонлар саломатлигини асраш, уларнинг дардига малҳам бўлиш масъулияти туради. Зеро, бу дунёда инсон ҳаёти ва унинг саломатлигидан қадрлироқ нарса йўқ. Шу сабабдан шифокорлардан ўз вазифаларига нисбатан ўта масъулият ва эътибор билан ёндашиш талаб этилади.
Пойтахтимиздаги 37-оилавий поликлиникада кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган тиш шифокори Абдуғаффор Мавлонов ҳам аҳоли саломатлиги йўлида ўз меҳнатини аямай келаётган шифокорлардан биридир. Қабулига келган ҳар бир бемор дардига малакали хизмати ва ширинсўзлиги билан малҳам бўлмоқда.
– Тиш шифокори бўлишимда отам Ҳусан Набиевнинг хизматлари катта, – дейди Абдуғаффор Мавлонов. – Отам ҳамиша фарзандларим эл корига ярайдиган инсонлар бўлсин деб ният қилган эканлар. Шу сабаб мен айнан шифокорлик касбига меҳр қўйганман.
Тошкент Тиббиёт Академиясининг стоматология факультетини битирган Абдуғаффор шифокорлик ишини дастлаб пойтахтимиздаги 28-оилавий поликлиникада бошлади. Сўнгра фаолиятини “Denta light” хусусий клиникасида давом эттирди. У бугунги кунда касби орқали топган – эл корига яраш бахтини устозлари, жумладан, Норим ака Рустамовнинг кўмаги ва талабчанлигида кўради. Ҳозирги кунда шифокор ўз касбига бўлган меҳри, ҳар бир киши дардига жиддий ёндашиб, унга тезда самарали даво тайинлаши сабаб, кўпчилик ўртасида ҳурмат қозона олди.
– Абдуғаффор Мавлоновнинг фаолиятидан аҳоли мамнун, – дейди 37-оилавий поликлиника бош шифокори Дилнозахон Қаюмова. – Иши юзасидан ўзига нисбатан талабчанлиги, шунингдек, соҳада тинимсиз изланиши унинг тажрибасини янада ортишига замин бўлмоқда. Абдуғаффорнинг ташаббускорлиги, жамоадошлари орасидаги ташкилотчилиги, кекса ва имконияти чекланган беморларни жойларга бориб назорат қилиб, уларга даво чораларини тайинлаши алоҳида эътирофга сазовордир.
Шифокорнинг қабулига келган беморлар ҳам унинг хизматларидан мамнун бўлишмоқда.
– Абдуғаффор болаларни даволаш чоғида унинг ёшини, шунингдек, боланинг феъл-атворини ҳам инобатга олади, – дейди шифокор қабулида набирасини етаклаб навбат кутиб турган отахон. – Шу қадар боланинг кўнглини топадики, набирам навбатдаги даво муолажага ҳам ҳеч қандай эътирозларсиз келди.
Қўли енгил ва ширинсўз шифокор Абдуғаффор Мавлонов ҳузурига шифо истаб келган ҳар қандай беморнинг кўнглини кўтаришга, кайфиятини яхшилаш асносида дардидан халос этишга ҳаракат қилади. Беморларга ўз соғлиқларини мунтазам назоратда тутиб туришларини маслаҳат беради.
– Ҳар бир инсон бир йилда икки марта тиш шифокори кўригидан ўтиб туриши шарт. Чунки вақт ўтиши билан оғиз бўшлиғида турли касалликларнинг пайдо бўлиш хавфи мавжуд. Унинг ўз вақтида аниқланиши эса турли касалликларнинг олдини олишда ёрдам беради, – дейди Абдуғаффор Мавлонов.
Эл орасида тажрибали шифокорларни “қўли енгил, сўзи малҳам”, дея алқашади. Шифокор Абдуғаффор Мавлоновни ҳам шундай сифатлар билан эътироф этса арзийди. Зеро, буни шифокор қабулига келиб шифо топган беморларнинг мамнун чеҳрасидан кўришимиз мумкин.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиДОИМО ГЎЗАЛ БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ? Аслида бунга эришиш унчалик ҳам қийин эмас
Инсон доимо гўзалликка интилиб яшайди. Ҳатто улғайганда ҳам ёшлик жозибаси ва мафтункорлик сира тарк этмаслигини истайди. Аслида бунга эришиш мумкин ва у қадар қийин ҳам эмас. Кўпч
ОИВ инфекцияси нима?
ОИВ инфекцияси манбаи – бемор одамлар бўлиб, яширин давр бир неча ойдан 10-15 йилгача давом этиши мумкин. Бу даврда касаллик белгилари намоён бўлмайди ва ОИВ билан зарарланган шахс
Тиббиёт оламиКуз мавсуми болалар соғлиғига қай даражада таъсир кўрсатади?
Куз – пишиқчилик мавсуми, ўзгаришлар фасли. Унинг табиатига монанд об-ҳаво ҳам тобора салқинлашиб бораверади. Шу боис шифокорлар мазкур фаслда саломатликка кўпроқ эътиборли бўлишни
Тиббиёт оламиҚулоқ пардасининг тешилиши тикланадими?
Қулоқ пардасининг тешилишида қон кетиши, эшитиш қобилияти пасайиши, бош айланиши, қулоқда кучли оғриқ пайдо бўлади. Ташхис отоскопик текширув орқали амалга оширилади. Инфекцияни да
