
Навоий наздида баркамол авлод тарбияси
Халқ, ҳақиқат ва нафосат ўлмайди, дейдилар ва буларни ардоқлаган, куйлаган улуғлар ҳам мангудирлар. Улар ҳамиша авлодлар дили ва тилида барҳаёт, шу миннатдор авлодларнинг эзгу интилиш ва ишларида мададкордир, дейдилар.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳам олти асрга яқин вақт мобайнида асарлари, илғор ғоялари, ибратомуз сўзлари ила халқимиз э'зозида бўлиб келаётгани шундан эканлиги айни ҳақиқатдир. Навоий ўз асарларида улуғлаган комиллик-эзгулик ва гўзалликнинг, яхшилик ва ҳамжиҳатликнинг, ўзаро иттифоқлик ва осойишталикнинг буюк тимсоллари сифатида бутун инсоният қалбида ифтихор туйғусини уйғотади. Забардаст шоирнинг илм-ма'рифат тарғибига махсус э'тибор билан қарагани таҳсинга сазовор. Бу бежиз эмас, албатта.
Тарихдан яхши ма'лумки, Навоий ма'рифатли оила фарзанди эди. У буюк исте'дод эгаси сифатида илм-ма'рифатли, вафо ва садоқатли кишиларни улуғлайди, уларни мадҳ этади. Буюк аллома асарларида буни тасдиқлайдиган мисоллар кўп. Бугина эмас, у шахсий ҳаётда ҳам кўплаб исте'дод эгаларини ўз кўмагига олгани, улар ҳақида ғамхўрлик қилгани ма'лум.
Шоир нозик та'б, нозик мижоз ижодкор сифатида ўз атрофининг гўзал бўлишини, гўзалликдан бутун инсониятнинг баҳраманд бўлишини истайди. Унинг кўзию сўзи пок бўлган инсонларни куйлагани бежиз эмас. Ана шундай инсонларгина баркамол, я'ни комил бўлиши, комил инсонлар эса жамиятни айниқса, ёшларни тарбиялашда шахсий намуна вазифасини а'ло даражада адо этиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар бир шахснинг алоҳида олинган инсоннинг комиллиги жамиятнинг ютуғи деб ҳисоблайди.
Навоий та'рифидаги бу ҳолат барчага ибрат бўла олади. Шоирнинг ёзишича, одам дунёга келганидан сўнг ўзини ўзи тарбиялаш билан шуғулланмоғи лозим. Агар инсон ўз нуқсонларини сезса-ю, аммо уни йўқотиш, бартараф қилиш ҳақида бош қотирмаса, у ҳеч қачон камолот чўққисига кўтарила олмайди, дейди.
Навоий давлат арбоби бўлиш билан бирга ўз шахсий ҳаётида ҳам чин комил инсон эди. Унинг лирик ше'рларида, бадиий асарларида ҳам шу ғоя сезилиб туради. Навоий чин инсонийликни тараннум этади, кишиларни табиатан софдил, ҳалол бўлишга ундайди. Мардлик, шижоат ва ғайратни кўкларга кўтаради. Яхшилик қилиш ва саховатли бўлишни талқин этади. Инсонларни бир-бирига фойдаси тегишини, ҳаёти давомида фақат ва фақат фойдали иш қилишлари лозимлигини уқтиради:
“Халқ аро яхшироқ, – дединг,
– кимдур?”
Эшитиб айла шубҳа раф' андин.
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Еца кўпрок улусқа наф' андин, – дейди.
Агар қўлинг билан яхшилик қилишнинг иложини топмасанг, тилинг - бир оғиз ширин сўзинг билан фойда келтир. Вақтида айтилган бир оғиз ширин сўз катта бойлик берилганидан афзалдир, дейди. Сўз билан ҳам наф етказиш қўлингдан келмаса, дилингдаги тилагинг яхши бўлсин дейди:
Яхши керак кўнглида андишаси,
Кўнгли киши хушлуғидин хуш керак.
Шоир одамлар табиатида учрайдиган номуносиб фе'л-атворларни қоралайди, ҳаттоки шундай кишиларга яқин ҳам юрмаслик кераклигини айтади:
Юқар ёмонлиғ ангаким, кирар ёмон эл аро,
Кўмур аро илик урғон қилур илгини қаро.
“Хазойин ул-маоний” куллиётидан ўрин олган,
“Фалакдин гар менга ҳар лаҳза юз қайғу келди ўтру…”
мисраси билан бошланувчи ўн бир байтдан иборат ғазалини кўздан кечирадиган бўлсак, унда ҳаёт фақат ғам, ёхуд севинчдан иборат эмаслиги, ҳаётда ташвишу қувонч, меҳнату роҳат, айрилиғ-у висол дамлари бирга юришини та'кидлайди. Шоир ана шу зиддиятлар занжирини ўқувчи эсига солиб, тун ва кун, шом ва тонгни мисол келтиради. Ҳар тундан кейин кун келганидек умид билан, завқу шавқ билан яшаш, шодлик дамлари қадрига етиш керак, дейди. Шу ўринда исонниг руҳий-ма'навий камолотини юқори қўяди:
Камол истар эсанг сидқ аҳлидин, қилма кўнгул тийра,
Мукаддар айламас хуршид субҳ анфосидин кўзгу.
Зеро, олий мақсадларга интилган, покланиш йўлига кирган одам учун ҳар қандай ғам-ташвишдан кўра сафо аҳлига эргашиб, кўнгил кўзгусини ғуборлардан тозалаш афзал. Сафо аҳли эса қуёш каби нур таратиб, инсон зотини мунаввар қилади, улуғ мақсадларга сафарбар этади. Шоир шу фикрлардан кейин комил инсонлар сифатлари, хислатларини та'рифлайди. Аммо умрни беҳудага, ўткинчи нарсаларга сарфлаб, завол кетказмасликка ундайди:
Бақо нақди ҳаётигға чу эрмас бир замон ма'лум,
Дирам нақдиға умрунг ҳар замон сарф этмагил асру.
Бу фикрини ривожлантириб, ғафлатга берилмасликка чақиради. Зеро, ғафлатнинг ўзи қалбни хиралаштиради, қайғуни кўпайтиради, комиллик сари интилишга ғов бўлади. Фақат соф кўнгилли, комил инсонгина ўткинчи қайғуларни писанд қилмайди, абадият шодлигига муяссар бўлади, дейди.
Улуғ шоир умри давомида ана шундай дўст қидиради. Шунинг баробарида инсонларни улуғворликка, комилликка чорлайди.
Навоийнинг буюклиги шундаки, унинг илмий ҳофизаси бир инсон, бир мамлакат доирасидагина чекланиб қолмаган. Унинг инсон деган сўзи буюк зотнинг ҳаёти ва ижоди билан чамбарчас боғлиқдир. У барча халқларнинг вакилларига адолат кўзи билан қарайди, уларнинг урф-одатларини ҳурмат қилади, жамият а'золарини мансабига, давлатига қараб эмас, инсоний фазилатларига қараб ардоқлайди. У яратган лирик қаҳрамон ирқий, жинсий, миллий айирмаларга парво қилмайди. Айниқса, бу ҳолат унинг “Хамса” достонларидаги Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун тимсолларида яққолроқ намоён бўлади. Навоий наздидаги комил инсон Фарҳод тимсолида рўй-рост бўй кўрсатади. Бу тимсол орқали чин инсонийлик тараннум этилиб, софдиллик ва мардлик, шижоат, ғайрат ва ҳалоллик улуғланади. Илм-ма'рифат, ҳунарнинг аҳамияти кўкларга кўтарилади. Бу Фарҳоднинг: “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққаму кетгумдир охир”, деган сўзларида ҳам намоён бўлади. Ундан ташқари халқпарварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, қаҳрамонлик, халқлар дўстлиги, мамлакат осойишталиги каби бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб бўлган ғоялар илгари сурилади.
Навоий эзгуликни тараннум этиш ва яхшиларга янада яқин бўлиш ўгитини беришдагина бизга ҳамроҳ эмас. У ёмонларга қарши курашда ҳам биз билан ҳамроҳдир. Буюк аждодимизнинг соҳир сатрларидан яна кўп асрлар давомида ма'нолар хазинасини ўқимоғимиз, баҳра олмоғимиз, комиллик сари интилмоғимиз, шубҳасиздир. Бу ҳақиқат эса башарият билан боқийдир.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
МаданиятБИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на
