Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Интилиш ва қизиқувчанлик болаларни билимга етаклайди

23.12.2013
60 марта ўқилди
Интилиш ва қизиқувчанлик болаларни билимга етаклайди

“Мактаб – дунё иморатларининг энг муқаддаси ва қадрлисидир. Мактабнинг чин ва ҳақиқий маъносини билган миллатлар жонлари, моллари ила ҳиммат ва ғайратларини сарф этиб, миллатнинг тараққий ривожига ижтиҳод қилурлар”. Ўтган асрнинг етук маърифатпарварларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий мактаб ҳақида шундай бебаҳо фикрларни айтиб ўтган эди. Истиқлол йилларида эса ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда юртимиз мактабларидаги замонавий шарт-шароитлар, ёшларнинг чуқур билим олиши учун яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бераётир. Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 165-умумтаълим мактабидаги қулайликлар сўзимизнинг тасдиғидир. У ерда декабрь ойи “Бошланғич синф фан ойлиги” юзасидан қатор тадбирлар ташкил этилаётир.

Мактаб биносига кирар экансиз, “Моҳир қўллар” тўгараги аъзоларининг ижод намуналари ўзининг нафислиги билан диққатингизни тортади. 3-синф ўқувчиси Мафтуна Ҳусанованинг турли мунчоқлардан ясаган жонли табиат манзараси ҳамда Муслима Содиқованинг фан ойлиги доирасида яратган ўқиш китоби таълим муассасасида ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга билим бериш билан бирга, уларни маълум бир ҳунарга қизиқтира олишаётганининг исботидир. Мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Темирова ўқувчилар томонидан яратилган ижодий ишлар билан таништириб, бизни 3-”А” синф ўқувчилари тайёрлаган бадиий кечага таклиф этди. Устозлари Раъно Абдусаломова кўмагида ташкил этилган байрам тадбири давомида бир гуруҳ истеъдодли ўқувчилар томонидан ижро этилган Ватанни, ота-онани улуғловчи шеърлар ва қўшиқлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

– Болаларимизнинг ҳар бири ўзига бир дунё, – дейди мактаб директори Шоҳиста Мирзаходжаева. – Улардаги интилиш ва қизиқиш биз устозларнинг кучимизга куч бағишлайди. Ана шундай холатларда ишимиздан мамнун бўлиб, ўқиш жараёнига кўпроқ янгиликлар киритишга интиламиз.

Дарҳақиқат, барча шарт-шароитларга эга бўлган бу даргоҳда тажрибали устозларнинг маҳорати туфайли маънавияти бой, билимли ва қобилиятли ўқувчилар етишиб чиқмоқда. Ўқувчиларнинг интизоми ҳақидаги тасаввурни уларнинг ташқи кўрнишидан, устозларига қилаётган хуш муомаласидан билиб олдик. Бу ўз-ўзидан эмас. Раъно Абдусаломова, Лола Норқобилова, Матлуба Султонова, Сайёра Темирова каби узоқ йиллик тажрибага эга ўқитувчиларнинг саъй-ҳаракати натижасидир. Сайёра Темирова ўқувчиларининг ютуқлари ҳақида сўзлар экан шундай дейди: – Алломалардан бири айтган экан, эскини ўзлаштирган ва янгини тушунишга қодир инсонгина тарбиячи бўла олади. Шундай экан мактабимизнинг барча ўқитувчилари ўзларининг дарс соатларини замонавий педагогик техналогиялари асосида олиб бориб, ўқувчиларни замон билан ҳамнафас бўлиб вояга етишлари учун астойидил меҳнат қилишмоқда.

Чиндан ҳам кичик бир тадбир юзасидан ташриф буюриб, бу даргоҳдан улкан таассуротлар билан қайтдик. Буларнинг барчаси мактабдаги фидойи устозлар ва зукко ўқувчиларнинг амалий ҳаракатлари натижасидир. Зеро, эзгулик йўлидаги интилиш бесамар бўлмайди.

Теглар:#2013/51

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
XXI асрнинг янги эпидемияси: телефонга қарамлик болаларнинг саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?Тиббий сабоқлар

XXI асрнинг янги эпидемияси: телефонга қарамлик болаларнинг саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?

Бугун гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, турли вазиятларда «ёрдамчи»мизга айланган. Керакли маҳсулотни харид қилиш, бирон инсон билан тез боғланиш, зарур маълумот олиш ёки юбор

05.06.2024160
Уй шароитида болаларнинг бўйи нормал ўсиши учун нима қилиш керак?Спорт

Уй шароитида болаларнинг бўйи нормал ўсиши учун нима қилиш керак?

Фарзандингизнинг бўйи меъёрида бўлиши учун спорт машқларига эътибор қаратинг. Сакраш, турникда осилиш, волейбол, баскетбол спорт турларига жалб қилинг. Бола жисмоний фаоллик билан

11.10.2022144
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031