Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Инсон нега ўз жонига қасд қилади?

02.12.2022
131 марта ўқилди
Инсон нега ўз жонига қасд қилади?

(Давоми)

Савол: Ўз жонига қасд қилувчилар ҳар хил йўлларни танлашади: ўзини осиб ўлдириш, уксус ичиш, катта миқдорда дори ичиш ва ҳ.к. Ҳар ким турли йўлни танлашини қандай тушунтириш мумкин?


Жавоб: Бу саволга аниқ жавоб бериш мушкул. Бироқ статистик маълумотларга кўра, эркаклар орасида ўзини осиб ўлдириш кўп кузатилса, аёллар орасида кўп миқдорда дори ёки уксус ичиб, ўз жонига қасд қилиш кўп учрайди. Аксар ҳолларда қайси усулни танлаш одамнинг қаерда яшаётганига ҳам боғлиқ. Масалан, қишлоқда яшайдиганлар орасида ўзини осиш кўп кузатилса, катта шаҳарда яшайдиганларда баланд бинолардан ташлаб ўлиш кўп учрайди. Уксус ичиб, ўз жонига қасд қилувчилар ҳам кўп. Шунинг учун оила зарурати учун олинган уксусни ишлатиб бўлгандан кейин тўкиб ташлаш ёки сув қўшиб қўйиш керак. Шунингдек, уйи темир йўлларга яқин жойда жойлашганлар ўзини поезд тагига ташлаши, дарёга яқин жойда яшайдиганлар баланд қоялардан ўзини сувга ташлаши орқали ўз жонига қасд қилишади. Масалан, Японияда денгиз бўйида катта қоя бор. У «Ўз жонига қасд қилувчилар қояси» деб ном олган. Чунки ўша қоядан ўзини пастга ташлаб жон берувчилар кўп. 2009 йили уларнинг сони кўпайиб кетгани учун одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида битта отахон ўша ерга келиб ўтириб олган ва ўз жонига қасд қилиш мақсадида келганлар билан суҳбатлашиб, уларни ўз фикридан қайтаришга муваффақ бўлган. Бу ҳақда ўша пайтлари «Evronews» канали ҳам кўрсатув тайёрлаган эди.

Савол: Аҳоли орасида суицид кўпайишига TВ, радио, интернет ёки газета ва журналлар сабабчи бўлиши мумкинми?


Жавоб: Радиони билмадим-у, қолганлари сабабчи бўлиш мумкин. Масалан, ўз жонига қасд қилиш ХХ асрнинг 60-йиллари кўпая бошлаган. Чунки бу даврда инсонлар ҳаётига телевидение жадал кириб кела бошлади. Телевизор орқали доимий равишда ҳар хил мелодрамалар кўраётган ёшу қарилар орасида ушбу кўрсатувлар суиқасднинг кўпайишига таъсир кўрсатган бўлса, ажаб эмас. Интернетнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши ҳам ёшлар орасида суиқасднинг кўпайиб кетишига сабабчи бўлди. Интернет қайси давлатда олдинроқ ва кучлироқ ривожланган бўлса, ўша давлатларда ўз жонига қасд қилувчилар сони ҳам кўп. Афсуски, интернетда ўз жонига қасд қилиш йўлларини ўргатувчи сайтлар ҳам кўпайган. Уларга қарши ОАВда чиқишлар ёки психологлар интервьюлари эса бармоқ билан санарли. Шуни эсда тутинг: ўз жонига суиқасд қилишга интилувчи шахснинг фикри кимгадир ошкор бўлиб қолса, у бу фикридан қайтади. Бундайлар эса улар орасида 70 фоиздан ошиқ. Кўз олдингизга келтиринг, агар фаол ишланса, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Афсуски, бу муаммони ошкор муҳокама қилишдан ҳанузгача қўрқамиз. Оқибатини кўриб кузатувчи бўлиб тураверамизми? Омма билан ишлаш керак!


Савол: Кино ва телесериаллар ўз жонига қасд қилишга туртки бўлади дейишади. Бунга қандай қарайсиз?


Жавоб: Афсуски, ҳозирги кунда ишланаётган баъзи кинолар нафақат ўзининг сифатсизлиги, балки саёз сюжетлари билан ҳам кишини ранжитади. Менимча, сценарий ёзувчининг ўзи кучли психолог бўлиши керак. Яхшилаб эътибор қилсангиз, ушбу фильмларнинг баъзиларида ўз жонига суиқасд қилишга чорловчи сюжетлар кўп. Уларда фильм қахрамонларининг ҳис-туйғулари ва аслида рўй бериши мумкин бўлган воқелик орасида номутаносиблик бор. Фильмда рўй бераётган воқеалар кульминацион нуқтага етмасдан туриб йигит ёки қиз ўз жонига қасд қилишга уринади ёки шу ишни амалга оширади ҳам. «Ҳозир қиз ўз ёрига етиши учун курашса керак» деб кинони кўриб ўтирган томошабиннинг таъби хира бўлади-қолади. Чунки қиз ёки йигит ўз бахти учун курашиш ўрнига бошқа йўлни танлайди. Менимча, режиссёр шу йўл билан томошабинни тўлқинлантираман деб ўйласа, у адашади. Асло ундай эмас. Эътибор беринг-а, ҳанузгача кишини тўлқинлантириб келаётган «Ўтган кунлар» фильмида Кумуш ўзи заҳар ичиб ўлмайди-ку, балки уни Зайнаб заҳарлайди. Ушбу фильмда на Кумуш заҳар ичади, на аламзада Зайнаб. Бундоқ қарасангиз Кумуш ёки Зайнаб заҳар ичиб ўз жонига қасд қилишлари мумкин эди-ку?! Агар шундай бўлганида фильм бунчалар шуҳрат қозонмаган бўлур эди. Фильм бошидан охиригача йигит ва қизни ўз бахти учун курашишга чорлайди. Ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи бадиий асарлар ва фильмлар киши ғазабини қўзғатади. «Ўткан кунлар»дан ўрнак олиш керак.
Ҳозирги кунда намойиш қилинаётган хориж телесериалларининг аксарияти ҳам ҳиссиётга бой бўлиб, 13-14 яшар йигит-қизларнинг фикрлаш доирасини 17-19 яшарлик йигит-қизларникига ўхшатиб қўймоқда. Демоқчиманки, уларнинг фикрлаш доираси патологик тарзда кенгайиб, фильм қаҳрамонларига тақлид қилиш одат тусига кирмоқда. Бу фильмларни ҳадеб кўравериш ёшларни реал ҳаётдан узоқлаштиради, улар зомбига айланади, ҳиссиётга бойиб, ақли торайиб бораверади. Ҳиссиётга берилувчан одам ақл билан иш кўрмайди.


Савол: Газеталарда ёритилаётган ҳикоялар ҳам бундан мустасно бўлмаса керак.


Жавоб: Тўғри! Афсуски, газета ва журналлардаги аксарият маълумотлар мутахассислар томонидан тайёрланмайди. Уларнинг кўпчилиги интернет ёки хориж газеталаридан кўчирилган маълумотлар. Ҳикоя, қисса ва романларда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи жойлари кўп. Демак, ёзувчи ўзи билмаган ҳолда бировнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Ёзувчи ўзи тайёрлаган асарининг ушбу жойини энг зўр қисми деб ўйласа керак. Асло ундай эмас! Афсуски, асар ёзаётган ёзувчи ўз қахрамонини рўшноликка чиқариш ўрнига уни ўлдириш йўлларини излайди. Тайёр бўлган ушбу асарни ўқиётган ўқувчи ҳам рўшноликка эришиш ўрнига ўзини ўлдиришни фикр қилса-чи? Ҳикоя ёки катта асар ёзаётганлар буни бир ўйлаб кўришса яхши бўларди! Ҳамма мелодрама ёзиш билан овора. Бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди! Нейропсихолог сифатида шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, ҳиссиётга эмас, фикрлашга мажбур қиладиган асар кишини тўлқинлантиради ва узоқ вақт эслаб қолинади. Уильям Шекспир, Агата Кристи, Ўткир Хошимов ва Шароф Бошбековнинг асарлари бунга мисол бўла олади. Қизиқ, Нобел мукофотига сазовор бўлган ёзувчиларнинг асарлари бундоқ қарасангиз, гўёки оддийдек туюлади. Масалан, «Чол ва денгиз» асари. Унда нега улар барча давлатлар ва элатларда улкан олқишларга сазовор бўлишган. Чунки бундай асарлар ҳар қандай даврда яшаган инсонлар қалбини забт этган ва ҳеч қачон ўлмайдиган асарлар!


Савол: Ўз жонига қасд қилиш яқин қариндош-туққанлар орасида кўп кузатилгани ва ушбу ҳолат наслдан-наслга ўтиш-ўтмаслиги ҳақида сўрашган. Бу саволга қандай жавоб берган бўлар эдингиз?


Жавоб: Умуман олганда, инсонда мавжуд бўлган ҳар қандай ҳолат наслдан-наслга ўтиши мумкин. Одамнинг овози, хулқ-атвори ва ҳ.к. Суицидга мойиллик одамнинг темпераментига ҳам боғлиқ. Масалан, меланхоликлар (журъатсиз, бировга қарам одамлар) суиқасдга мойил бўлишади. Лекин улар ер шарида кам тарқалган, яъни 3-5 фоиз холос. Анави одамнинг отаси ёки онаси ўз жонига қасд қилди, энди унинг фарзандлари ҳам шу йўлдан боради деган фикр пайдо бўлмаслиги керак. Чунки суиқасд кўпинча тақлид кўринишда ҳам рўй беради. Яқинидан жудо бўлгандан кейин у ҳам «Мен нима қиламан яшаб» деб ўз жонига қасд қилиб қўйиши мумкин.


Савол: Стресс билан суиқасд орасида қандай боғлиқлик бор? Баъзан қаттиқ стрессга учраб ўзини-ўзи ўлдириб қўйибди деб эшитиб қоламиз.


Жавоб: Жуда тўғри савол бердингиз! Ҳали айтиб ўтганимдек, «соғлом» одамларда учрайдиган суицидлар ўткир ёки доимий стресслар натижасида рўй беради, яъни стресс ўз жонига қасд қилишга туртки бўлади. Умуман олганда, аксарият касалликларнинг бошланиб кетишига асосий туртки бўладиган омил ҳам стресс. Масалан, гипертония касаллиги билан хасталанганларнинг барчасида ҳам инсульт ёки инфаркт ривожланавермайди-ку?! Бироқ ўткир стресс инсульт ва инфарктга туртки бўлади.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.20252726
Бошни ювиб,  кўчага чиқиш соғлик учун хавфлиТиббий сабоқлар

Бошни ювиб, кўчага чиқиш соғлик учун хавфли

Баъзи инсонлар қандай шароит бўлмасин, тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб бошини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бош

03.01.20251330
Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?Тиббий сабоқлар

Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?

Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало

28.12.20241244