Роҳатой билан Самандар – опа-ука. Бугун уларникига тўрт-беш маҳалла нарида яшовчи бувиси меҳмон бўлиб келди. Самандар одатдагидек бувисига:
– Бувижон, бу гал бизникида қанча турасиз? – деб савол берди. Онахон набирасининг пешонасидан ўпиб, – сен қанча хоҳласанг туравераман. – деган жавобни қилди. Буви атрофни кўздан кечириб, ҳовлида бўш ётган ерни кўз остига олиб қўйди-да, дарҳол икки набирасини олиб қаергадир чиқиб кетди. Орадан маълум вақт ўтгач улар бир талай гул ниҳолларини кўтарган ҳолда уйга кириб келдилар.
Шундай қилиб буви ва набиралар ўша бўш ётган ерни юмшатиб, райҳон, чиннигул, гулсафсар, гулхайри, карнайгул, номозшомгул сингари турли-туман гулларни ўтқазишди. Ҳовлининг ўртасида аввалдан экилган каттакон атиргул ҳам бор эди. Учовлон экилган ниҳолларни суғориб, меҳр билан парваришлай бошлади.
Аммо, уч-тўрт кундан сўнг бувининг кетар маҳали бўлиб қолди. У кетар пайтида Самандарга:
– Гулларга қараб туринглар. Кейинги гал келганимда ўзинг экган райҳон баргларини солиб, мазали айрон қилиб бераман, – дея уқдириб кетди.
Кунлар ўтиб гуллар бўй чўзиб, бирин-кетин очила бошлади. Ҳар куни эрталаб Роҳатой ҳовлига сув сепиб, супуриб-сидирганда қийғос очилган гуллар уни табассумла қарши оларди.
Шу кунларнинг бирида гуллар орасидан эндигина ердан бош кўтарган зарпечак пайдо бўлди. У атрофидаги гулларга қараб, кун сайин чўзилар, бироқ ўзини ердан кўтара олмас эди. Буни кузатиб турган гуллар унинг ерга узала тушиб олганини кўрганларида ёрдам берамиз деган мақсад билан унга қўл беришиб, бағриларига олдилар. Бу ҳолни юқоридан кузатиб турган ёши каттароқ атиргул гулларга қараб деди.
– Бекор қилдиларинг, энди у сизларни сиқиб сувларингни ичади. Ундан қутилиб бўпсиз.
– Нега энди? У ҳам бизга ўхшаб, ўсиб, яшнасин дедик. Шу ёмонми? – деди гулхайри. Атиргул эса бир сесканди-да, хўрсиниб қўйди.
Кундан кун зарпечак у гулдан бу гулга ўтиб, чирмашгани ҳолда ўралиб гуркираб кетмоқда эди. Гуллар унинг чангалидан эзилиб, ҳолсизланиб борарди.
– Ҳой, биз ўзингни тиклаб олишинг учун кўмаклашдик. Қаддингни тиклаб олдинг, энди ўзинг ўсақол. Биз ҳам эркин нафас олайлик, – деди бундан безиб, жонсарак бўлиб қолган чиннигул.
– Ҳе, ёрдам берганмиш... Мени бўлишим шу... Нима, одамлар фақат сизларга эътибор берадими? Фақат сизларнинг юзингизга сув сепиб, ювиб қўядиларми? Капалаг-у, асаларилар фақат сизга қўниб эркаласалар... Мен ҳам ўсишни, очилишни биламан. Ўзи, бундоқ қарасам, жуда эрка бўлиб кетибсизлар. Мен ҳам хоҳлайман буни! – қаҳр билан деди печакгул.
– И – и – и, ҳали раҳмат ўрнига шуми?.. – баҳсга қўшилди гулсафсар.
– Ниманинг эвазига раҳмат? Хоҳласам бунданда баттар қиламан, деди зарпечак. Бунга чидаб туролмаган атиргул:
– Ҳей, сен! Кўпам ҳаддингдан ошмасдан, мана менга кел-чи! Ҳолингни бир кўрай. Қўйиб юбор, уларни! Ёмоннинг кучи япалоққа етибди-да, а!
– Қўйинг, керакмас. У сизни ҳам тинч қўймайди, – деб бошқа гуллар атиргулни тинчлантирмоқчи бўлишди.
– Қани менинг тиконларимга бир дош бериб кўрсинчи, – деди атиргул, қизишиб.
– Сени тиконларинг менга нима бўпди. Кимлигимни кўринглар! – дея ғазаб отига минган зарпечак атиргулга қараб ҳаракат қила бошлади.
У шу тариқа атиргул ва бошқаларни янада қаттиқроқ исканжага олган ҳолда қийнаб яйрайди. Шўрлик гуллар нима қиларини билмай, чорасизликдан эсаётган сабога илтижо қиладилар. Сабо уларнинг ҳолига ачиниб, печакгулни ажратиб, улоқтириб ташлашга ҳаракат қилади. Гулларни у ёқдан бу ёққа силтаб, янада қаттиқроқ эсади. Аммо уринишлари бефойда эканини кўриб, аста қайтиб кетади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
ЖамиятЙод етишмовчилиги жиддий муаммо
Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш
