Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Эски йилнинг одами

01.01.2017
58 марта ўқилди
Эски йилнинг одами

(Ҳажвия)

– Кетаман дедимми, тамом! – Ке-та-мааан!

– Ойижон, ахир ёшингиз бир жойга бориб қолган бўлса, тағин бу атрофда сиз таниган ва билган инсонларнинг барчаси қазо қилган. Қолгани ҳам анави тракторчи Азим “запчаст”нинг тўқсон саккизга кирган энаси – Тўти момо. Унинг қулоғи оғирлашганига ўн беш йил бўлди. Қаерга, кимнинг уйига кетасиз, ахир!

Қўшни хонадондан эшитилаётган уруш-жанжал овози ширин уйқумни бузиб юборди. Одамларга ҳайронсан, биринчи январь – Янги йилнинг илк кунини ҳам шундай кутиб оладими?! Қишлоғимиз ҳам у қадар катта эмас. Қаттиқроқ аксириб юборсанг борми, етти маҳалланинг оғзида “дув-дув” гап бўласан...

Кимсан холанинг одати шу: ҳар Янги йилнинг биринчи кунини тўс-тўполон билан кутиб олади. Азбаройи овоз пардаларининг бақувватлигидан қўни-қўшни у ёқда турсин, мол-ҳол, эчки-улоқ ҳам безор бўлган. Аммо, Кимсан хола “молодець” кампирда. Тўқсон ёшни уриб қўйганига қарамай анча тетик. Ҳассасини таққиллатиб юрганида борми, “амиркон” ковушидан “ғарч-ғурч” деган овоз чиқади. Турмуш ўртоғидан ажралганига мана йигирма етти йил бўлибдики, эшигини чертиб келмаган “совчи” қолмади. Кимдир отасига, яна кимдир оёқдан қолган амакисига Кимсан холани тавсия қилади. Бир гап айтсам кулмайсиз, шахсан каминанинг бобоси ҳам шу кампирнинг муҳаббат қозонида анча қовурилган. Ҳаммага жавоби битта:

– Ҳе-е-е, санларни ўриб берган буғдойингдан ўргилай. Эрта-индин “пақ” этиб ўлиб қолсам, бир ташвишинг икки бўлмайдими?! Яхшиси оталарингга бошқа, “суви қочмаган” жувон топинглар. Уч-тўрт йилда ўзим бешик кўтариб бораман, – дейди-ю, хайр-мазурни ҳам насия қилиб, келганларни қувиб солади...

Бирданига нимадир “чил-чил” бўлиб синди-ю, Нигора янгамнинг тавба-тазарруси эшитила бошлади. Бундай шовқин-суронда ухлашнинг имкони йўқ. Ўрнимдан туриб, эринибгина ташқари томон мўраладим. Ҳаво анчайин совуқ, ҳовлида кечаги байрам асоратлари шундоққина акс этиб турарди. Юзимни ювиб, эгнимга иссиқ кийимларимни илдим-у, байрамона қиёфадаги “жанг майдони” сари йўл олдим.

Дарвозадан ичкари томон кириб борарканман, Кимсан холанинг “оҳ-воҳи” янада равшанроқ эшитила бошлади. Кампир пошшанинг ўғиллари Наим ака анча асабий, Нигора янгам эса қай томонга ён босишни билмай, кўзларини жавдиратганча турарди. Уларнинг ёнига яқинлашиб, астагина томоқ қирдим.

– Ҳа томоғинг тешилсин, – деди хола менга орқа ўгириб ўтираркан. Холанинг кайфиятидан вазият анча жиддий эканини тушуниб ета бошладим...

Гапнинг индаллосини айтганда, у дедик, бу дедик кампиршо дардини билгунча нақд бир ярим соатни бой бердик. Жанжалнинг асл сабаби бундай: кечаги байрам учун кампиршо алоҳида тайёргарлик кўрган ва ажиндан минг чизиқ бўлган юз-қўлларига оро бериб, соат ўн иккига бонг уришини кута бошлаган. Бироқ, Наим ака анча йиллардан буён онасининг соғлиги ёмонлиги ва уларнинг тез толиқиб қолишини инобатга олиб, зиёфат олди тинчлантирувчи дорисини беради. Буни қарангки, Кимсан холанинг киртайган кўзлари мудраб, хонтахта қошида болишга бош қўяди. Соат тунги иккида уйғониб кетади. Атрофга разм солса ҳамма ширин уйқуда, шоҳона дастурхон ҳам йўқ. Шунча тайёргарлик ва пардоз-андоз ҳам бир пул бўлган. Мана, тонг ёришиб, қарға “қақиллай” бошлабдики, холанинг инжиқлиги тутиб, Наим акага сен сабаб байрамни кутиб ололмадим, эски йилнинг одами бўлиб қолдим, дея ўғлининг гирбонидан олаётган экан.

Воқеани эшитдим-у, ўзимни кулгидан тўхтата олмай қолдим. Қизиқ, эски йилнинг одами ҳам бўладими, деган савол миямда “гир-гир” айланаверди. Кимсан кампир менга узоқ тикилиб турди-ю, “ҳа, садқаи одам”, деганча шиппаги билан қувиб солди. Ортимга қарамай қочдим. Нақд бир ой шу воқеани эслаб, юзимдан табассум аримади...

Теглар:#2016/52

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
“Ақлвой” ўз фаолиятини бошладиЖамият

“Ақлвой” ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистонда жорий йилнинг 22 мартидан болалар учун мўлжалланган таълим ва кўнгилочар телеканал фаолият бошлади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманид

24.03.2021209
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896