Болалар шоири ва драматурги С.Маршак “Дам олиш кунларида болалар қувноқ томошалар кони – кичик эртаклар қалъачасини эрта тонгдан забт этардилар. Бу – ўзининг драматургиясини, йўлини излаётган ва топаётган театр эди”, деганди.
Қўғирчоқ театри, эртакларининг сирли ва мўжизакор олами кичкинтойларни сеҳрлаб қўяди. Унда ҳар бир буюм, қаҳрамонлар ҳаракати ёш томошабинларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилади.
Тарихий маълумотларга қараганда, юртимиз ҳудудларидаги қадимий қалъаларда археологик қазилма ишлари олиб борилганда ғаройиб ҳайвончалар, сопол ўйинчоқлар, қўғирчоқлар топилган. Бундан кўриниб турибдики, қўғирчоқ театри қадимдан шаклланган. Ҳозирга келиб республикамизнинг тўққиз вилоятида қўғирчоқ театри мавжуд.
Эртак қаҳрамонлари ибратли хислатлари билан болаларнинг иродаси мустаҳкам бўлишига замин ҳозирлайди. Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий анъаналар ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг дунёқарашини шакллантиришда қўғирчоқ театрларининг ўрнини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014-йил 7-августдаги “Республика қўғирчоқ театри биносини тўлиқ таъмирлаш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ҳамда ушбу қарор ижроси таъминланди. Айни кунларда Республика қўғирчоқ театрини таъмирлаш ишлари якунланиб, бир-биридан қизиқ эртак спектакллар намойиш этилмоқда.
Истиқлол йилларида болалар театрида қадриятларимизга мос эртак ва халқ достонлари асосида янги спектакллар яратилди. Эртак томошалари кичкинтойларга эстетик завқ улашиб, уни воқеалар гирдобига олиб киради. Ибратли ҳикоялар орқали бола тўғри фикрлаш, хулоса чиқаришга ўрганади. Қўғирчоқлар боланинг нутқини ривожлантиришга ёрдам беради, унинг ижтимой қарашларини шакллантириб, тўғри ва нотўғри нарсаларни фарқлашга ўргатади. Мутахассислар ҳам фарзандга танбеҳ ва дашном бермасдан намуна кўрасатиб тарбиялашнинг афзаллиги ҳақида фикр билдиришган. Қўғирчоқ театри ана шундай намуна ўчоғидир.
– Болалигимда онам ясаб берган чўп қўғирчоқларга андармон бўлиб вақт ўтказганман, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Қўғирчоқ актиёрлиги маҳорати” бўлими ўқитувчиси Нилуфар Мирсаидова. – Уларга ростдан ҳам жон кирса-ю, мен билан суҳбатлашса, деб орзу қилардим.
Ҳозирда қўғирчоқ театрида салоҳиятли спектаклларни саҳналаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. “Фотиманинг саргузаштлари”, “Зиёд ва Ботир”, “Качалполвон”, “Ойгул билан Бахтиёр”, “Мешполвон” каби бир-биридан қизиқарли эртаклар намойиш этиляпти. Келажак эгаларининг маърифатли, зиёли инсонлар бўлиб улғайиши учун театр ходимлари сермаҳсул меҳнат қилишмоқда.
Спектакл томоша қилаётган кичкинтойни кузацангиз, унинг кўзидаги завқ беихтиёр сизга ҳам қувонч улашади. Қаҳрамонларнинг ҳар бир ҳаракатига диққат қаратаётгани эса ҳайратингизни оширади. Ёмонлик ва яхшилик, ахлоқсизлик ва одоб, дангасалик ва меҳнацеварлик ўртасидаги низоларнинг сўнгида ижобий қаҳрамонлар ғолиб бўлади. Буни кўриб турган болакай, албатта, ўзига хулоса чиқаради. Мустақил фикрлашни ўрганади.
– Онам мени тез-тез қўғирчоқ театрига олиб боради, – дейди етти ёшли қизалоқ Дурдона Мусаева. – У ерда Нўхотполвон, ақлсиз Қиммат, гапирадиган қуёнчалар ва Бўғирсоқни кўраман. Ҳаммаси биз билан гаплашади, бошига қийин иш тушиб қолса, болалардан ёрдам сўрайди. Биз эса у билан қалин дўст бўлиб тўсиқларни енгиб ўтамиз.
Ҳа, беғубор кунларнинг ҳар лаҳзаси мўжизага бой. Атроф-муҳит билан танишишни бошлаган кичкинтойлар ўзлари севган қаҳрамонлар тимсолида ҳаётга назар ташлайди. Уларнинг ҳаракатларини ўрганиб, тақлид қилади, дўстлар орттиради. Энг муҳими, болалигиданоқ жамиятга мослашиб боради. Одамлар орасида ўзини тутишни, муомала маданиятини ўрганади.
Айрим вақтларда ота-оналари айтган сўзларнинг маъносини англаб етмаган болалар томоша орқали саволларига ечим топади. Шу сабабдан фарзандингизни қўғирчоқ театрларига олиб боришни канда қилмаганингиз маъқул. Зеро, эртаклар қалъасида болангиз фақат ва фақат эзгу мақсадлар сари интилишни ўрганади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятЁзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...
Ўлкамизга ёз кириб келиши билан мавсумнинг энг севимли маҳсулоти – тарвуз савдоси қизигандан қизийди. Сабаби жазирама кунларда тамадди учун ушбу резавордан фойдалироқ ва енгил ҳазм
Мутолаа шифо(ми?)
Китоб мутолааси нафақат инсон маънавияти, балки саломатлиги учун ҳам кони фойда эканини теран идрок этган ота-боболаримиз болалик чоғларимизданоқ бизни китоб ўқишга ўргатиб боришга
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
