Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Эртак эшитмай улғайган бола... йўқ

24.02.2018
56 марта ўқилди
Эртак эшитмай улғайган бола... йўқ

Назаримда алла эшитиб уйқусини топган болалар фурсат ўтмаёқ эртак тинглаб, ўз дунёсига қадам ташлайди. Эзгулик билан ёвузлик деган сўзни айнан тушунмаса-да, яхши ва ёмонни ажрата билади. Ўзини ижобий қаҳрамонлар ўрнига қўйгиси келади. Рағбатдан қувват олади. Бунда биргина сўз унга мадад бўлади. Ишонч билан боланинг фикрларини қўллаб қувватлаш – унинг интилишига кўмак бағишлайди.

Йигирма етти йилдан буён инглиз тилидан ёшларга сабоқ бериб келаман. Аввал мактабда, кейин коллеждаги йилларни солиштираман: ўқитувчи билан ўқувчининг орасидаги масофа қандай? Бу ўлчамнинг узоқ-яқинлиги тарбияда ҳам илм эгаллашда ҳам катта аҳамиятга эга. Фаол ўқувчилар ҳамиша ўз фикрини айтади. Аммо, тортинчоқ болаларни кўпроқ эшитиш уларнинг кайфиятига шундай таъсир қиладики, энди у бошқа одамга айлана бошлайди. Фикрини айтган бола дадилликка биринчи қадамни ташлайди. Тажрибаларимдан гувоҳ бўламанки, кўп хаёл суриб суҳбатга кам қўшиладиган бола билан тиллашсангиз, унинг сўз заҳираси – фикрлаш даражаси тенгдошлариникидан кескин фарқ қилади. Бунда ўқитувчи маҳорат билан ўқувчи қалбига кириб бориши керак. Айнан китоб муҳокамаси – фикр, хулоса, қарашларнинг хилма-хиллигидаги жараён устоз ва шогирдни кўринмас нур халқаси ичига олади, десам тўғридир балки.

Бугун китоб мутолааси юртимизда катта байрамга айланди. Бунинг моҳиятини боғча боласидан тортиб юзга кирган бобо-ю-момолар ҳам теран англаб етди. Ҳамиша маънавий рағбатнинг ёнида моддий қўллаб-қувватлаш ҳам турса инсон яна ҳам интилишда давом этишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Китоб ўқиганга автомашина! Тушдаги, эртакка ўхшайди. Аммо эртак эмаслигидан қанот чиқариб учгинг келади. Навоий ғазалларининг билимдони бўлган навоийлик ўқувчига, 600 та китоб ўқиб 14-19 ёшлилар орасида автомашинани қўлга киритган самарқандлик қизга ким ҳавас қилмайди. Ғолибни тантанавор кутиб олган Нарпай туманидаги тадбирни телеэкран орқали кўриб, минглаб ўқувчилар энди уларнинг ортидан эргашади. Шу қизнинг отаси велосипедда юриб тўрт қизини олий маълумотли қилган экан. Айнан мана шу лавҳа – ҳолат яна қанчалаб қизларнинг отасига қизлари учун имконият яратишига ўрнак бўлгани айни хақиқат!

Ёшлигимда автобусда, навбат кутиб турганда қўлларидан китоби тушмайдиган инсонларни кўрганимда уларга ҳавас билан қарардим. Йиллар ўтиб ўша манзарани соғинадиган, эслайдиган бўлгандим. Бугун эса энтикиб хотирлайдиган дамлардан зиёда даврнинг кишисига айланганимдаги айни ҳолатимни қай сўз билан ифодалашни билмайман.

Эртак тинглаган бола унинг давомини кутади. Секин-секин сирли оламга кириб боради. У олам – китоблар дунёси. Меҳру муҳаббат, илму маърифат, одамийликнинг бебаҳо хазинаси унда мужассам!

Қўлини китобга узатган, мутолаа сеҳрига берилган бола – сенга ҳамманинг ҳаваси келади...

Гулчеҳра ШОМАЛИКОВА,

Тошкент вилояти, Паркент тумани

Теглар:#2018/8

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ИСТИРОҲАТ БОҒИДАГИ БОЛАЛАРМаданият

ИСТИРОҲАТ БОҒИДАГИ БОЛАЛАР

Куни кеча пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номли маданият ва истироҳат боғи ҳар доимгидан ҳам гавжум бўлди. Маълумки, 25 майдан 2 июнга қадар юртимиз бўйлаб “Бахтли болалик” шиори остид

02.06.2023260
Ёзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...Маданият

Ёзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...

Ўлкамизга ёз кириб келиши билан мавсумнинг энг севимли маҳсулоти – тарвуз савдоси қизигандан қизийди. Сабаби жазирама кунларда тамадди учун ушбу резавордан фойдалироқ ва енгил ҳазм

28.06.2024330
Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?Тиббий сабоқлар

Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?

Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад

13.12.20241251
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227