Ҳурматли ота-она фарзандингизга ҳеч шу саволни берганмисиз?
Ватанпарварлик туйғуси нима, деган саволга биров жонажон Ватанининг сарҳадларини ҳимоя қилишни, бошқаси эса унинг тараққиёти йўлида тер тўкиб меҳнат қилишни, ўз юртини севишни, ардоқлашни, керак бўлса, уни ёт унсурлардан асрашни ватанпарварлик деб тушунади. Аслида болага тўғри тарбия бериш ҳам ватанпарварликдир.
Ота-боболаримиз яратиб кетган халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналари – достонлар, халқ қўшиқлари, турли лапарлар, ва албатта, эртакларни жажжи авлод онгига сингдириш муҳимдир. Зеро, ҳаётга тўғри қараш эртакдан бошланади.
Ёши улуғ кишилар билан гаплашганимизда болалиги ҳақида сўзларкан, албатта, эртак эшитиб тонг орттирган кунларини завқ билан эслайди. Болалигига қайтгандай бўлади. Дардини, ҳаёт ташвишларини бир лаҳза бўлса-да унутади. Ҳа, эртак шундай кучга эга. Зеро, у билан гўзал ва унутилмас хотиралар ҳам юракка муҳрланади.
Боланинг ватанпарвар бўлиб улғайишига қаҳрамонлик руҳидаги эртакларнинг ўрни беқиёс. Болада туғилган юртига садоқат, мардлик ва жасурлик, танти ва ҳалол яшашга интилиш ҳисси шаклланади. Бир сўзлилик, аҳдга содиқлик кайфияти пайдо бўлади.
Эзгулик йўналишидаги эртаклар кичкинтой қалбида яхшиликка меҳр уйғотади. Унинг психологик дунёқарашини шакллантиради. Руҳий иродаси кучаяди. Бу биринчи масала. Энг муҳими эса унда тинглаш қобилияти ривожланади. Бу билан эса кейинчалик дарс жараёнларини қийналмай ўзлаштиришга замин яратилади. Яна ҳам соддароқ айцак, “айтилган гап бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетмайди”. Қолаверса, бола эртак қаҳрамонларига тақлид қила бошлайди. Яхшилик ва ёмонликнинг фарқига бора олади. Ўзига ишончнинг пайдо бўлиши эса уни фақат ва фақат ғалабалар сари чорлайверади. Хусусан, “Зумрад ва қиммат”, “Бўғирсоқ” каби эртакларда шундай ғоя мужассам.
Эртакнинг хусусияти кўп. Уни тинглаган бола гўзалликдан баҳра олишни ўрганади. Муҳаббатга ошно бўлади. Бу эса боланинг руҳияти соғлом бўлишини таъминлайди. Ҳаёт мўжизаларга бой эканини ҳис қилади. Мўжизалар яратгиси келади. Қани сеҳргар бўлса-ю, ҳамма бирдек фаровон турмуш кечиришини таъминласа. У ана шундай гўзал ва тоза мақсад билан яшай бошлайди.
Эртак иродани мустаҳкамлайди. Қаҳрамонларнинг турли хатарли вазиятларда қолиши, қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтишини бола қалбан ўзига сингдиради. Улғайганда турли қийинчиликларга дуч келганда ҳам ўкинмайди. Тушкунликка тушмайди. Бу қийинчиликларнинг ортида албатта, яхши кунлар борлигини дилдан сезади. Шаклланиб улгурган иродасига таяниб олдинга бораверади. Эртак тинглаган болада яна бир муҳим тушунча – ғурур шаклланади. Миллатига, ота-она шаънига, фарзандлик шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилади.
Бола эртак тингларкан, фикрлашни ўрганади. Улғайган сари мустақил қарорлар қабул қила оладиган бўлади. Ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга тўғри баҳо беради. Шундай экан, турли ёт ғояларнинг асири бўлиб қолмайди. Ёмон йўлдан юрмайди. У ўзининг соғлом дунёқараши, фавқулодда долзарб фикр-мулоҳазалари билан маҳалла-кўй, дўстлари, жамоадошлари орасида обрў топади. Бунинг орқасидан ота-онасига раҳматлар айтувчиларнинг сони кун сайин ортиб бораверади.
Болани фақат эртак тинглаш билан чеклаб қўймаслик, аксинча унинг ўзига эртак айттириш ҳам яхши самара беради. Бу машғулот орқали унинг нутқи равонлашади. Ифодалай олиш қобилияти шаклланади. Энг муҳими, бола эртак йўналишини ўзгартириб юбориш ҳолатлари учраса, шу орқали унинг қалби нимага мойиллик сезаётганини билиб олиш мумкин.
Хўш, ҳурматли ота-она, сизчи? Болангиз шу каби фазилатларга эга бўлишини истамайсизми? Истайсиз. Бунинг йўли осон. Миллий қадриятларимиздан йироқ чет эл сериалларини томоша қилишдан бир дам ўзингизни тийинг-да, болангизнинг ёнига боринг ва сўранг: “Эртак айтиб берайми, болам?”. У, албатта, ҳа деган жавобни беради.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятЁзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...
Ўлкамизга ёз кириб келиши билан мавсумнинг энг севимли маҳсулоти – тарвуз савдоси қизигандан қизийди. Сабаби жазирама кунларда тамадди учун ушбу резавордан фойдалироқ ва енгил ҳазм
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
