Болаликда ҳар бир ўғил-қизнинг орзуси осмон қадар бўлади. Аммо шифокорлик касбини дилдан туйган фарзанд ўзгалар дардига малҳам бўлиш, куюнчаклик ва жонфидоликни ҳаётий шиорига айлантиради. Чунки, шифокорнинг оппоқ халати унинг виждони каби пок бўлмоғи зарур. Энг муҳими у инсонпарвар ва мурувватли қалб соҳиби бўлиши керак. Шундагина унинг касб маҳорати, тажрибасидан эл наф кўради. Эл-юртнинг корига яраган инсонларни эса халқ дуо қилади. Халқимизда “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл”, деган мақол бежизга айтилмаган.
Қуйида биз ана шундай эл дуосини олиб, касбидан камол топаётган ҳамюртларимиздан бири “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг Сурхондарё вилояти филиали директори, вилоят ОИТС маркази бош шифокори Тошмурод Қобилов ҳақида ҳикоя қиламиз.
Шўрчи туманида туғилиб ўсган Тошмурод ака ҳам мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Юрагининг тубида йиллар давомида орзулаган касби – шифокор бўлиш истаги уни янада тунларни тонгларга улаб китоб ўқишга ундади. Ўғлининг саъй-ҳаракатларини кўрган отаси Чори бобо ва онаси Менгсулув момо унга оқ фотиҳа беришди. Темирчиликнинг машаққатли меҳнатида иродаси тобланган ота ва етти фарзандни оқ ювиб, оқ тараган хокисор ҳамда меҳнаткаш она ҳам билимдон инсонларга ҳавас қилишган.
Т. Қобилов Тошкент давлат Тиббиёт институти(ҳозирги Тошкент Тиббиёт Академияси)да ҳам зукко ва фаоллиги билан талабалар орасида ажралиб турар эди. 1984 йилда у институтни тамомлади. Лавҳамиз қаҳрамони 1984-87 йилларда Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ва Термиз шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказида врач-эпидемиолог ҳамда бўлим бошлиғи, 1987-95 йилларда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлади. Шунингдек, 1995-2011 йилларда Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Сурхондарё вилоят филиали директори, 2011 йилдан Сурхондарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи ҳамда жамоатчилик асосида яна жамғарманинг вилоят филиали директори вазифасида ҳам фаолият юритмоқда.
Тошмурод Қобилов ўз меҳнат фаолияти даврида соғлом авлодни камол топтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Аҳолининг тиббий-ижтимоий патронаж кўригидан ўтказиш ва соғломлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлар, кекса ва ёлғиз қарияларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби хайрия ишларини уюштириш, маданий-маърифий ҳамда турли спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишда ташкилотчилик ва ҳомийлик қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, юқумли, тери-таносил ҳамда ОИВ, шунингдек, ОИТСнинг олдини олиш профилактикасига доир тарғибот ишларини олиб боришда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Тошмурод ака Қобилов нафақат ўз соҳасининг фидойиси, балки у аҳил оиланинг устуни ҳамдир. Жонкуяр бу инсоннинг умр йўлдоши Ўғилжон Авезова ҳам шифокор. Узоқ йиллик тажрибага эга, малакали мутахассис Ўғилжон опа вилоят Стоматология поликлиникасида врач-стоматолог бўлиб ишлайди. Асли хоразмлик қизнинг тақдири Тошкентда Тошмурод ака билан туташди. Бу ибратли ва иноқ оилада уч нафар ўғлон вояга етди. Улар ҳам зиёли ота-онаси каби элнинг қаторидаги нори бўлиб, халқ хизматига камарбаста бўлишмоқда. Катта ўғил Шавкатжон “Термиз-Саноат қурилиш” масъулияти чекланган жамиятида бош муҳандис, Темуржон эса вилоят ҳокимиятида бош мутахассис бўлиб ишлайди. Унинг асли касби юрист. Кенжа ўғил Ботиржон спортга ўзгача меҳр қўйган. У спортнинг дзю-до, самбо ва миллий кураш турлари бўйича бир неча марта республика биринчиликлари, халқаро турнирлар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида фахрли 1-2 ўринлар ғолиби бўлган. Ҳозирда у Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаси.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиОИВ инфекцияси нима?
ОИВ инфекцияси манбаи – бемор одамлар бўлиб, яширин давр бир неча ойдан 10-15 йилгача давом этиши мумкин. Бу даврда касаллик белгилари намоён бўлмайди ва ОИВ билан зарарланган шахс
Тиббиёт оламиКуз мавсуми болалар соғлиғига қай даражада таъсир кўрсатади?
Куз – пишиқчилик мавсуми, ўзгаришлар фасли. Унинг табиатига монанд об-ҳаво ҳам тобора салқинлашиб бораверади. Шу боис шифокорлар мазкур фаслда саломатликка кўпроқ эътиборли бўлишни
Тиббиёт оламиҚулоқ пардасининг тешилиши тикланадими?
Қулоқ пардасининг тешилишида қон кетиши, эшитиш қобилияти пасайиши, бош айланиши, қулоқда кучли оғриқ пайдо бўлади. Ташхис отоскопик текширув орқали амалга оширилади. Инфекцияни да
Тиббиёт оламиСУЯК ВА АСАБ: боғлиқлик борми?
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Искандар ХЎЖАНОВ билан болалар травматологияси бў
