Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Энг бебаҳо неъмат

24.06.2013
64 марта ўқилди
Энг бебаҳо неъмат

Эътибор берганмисиз ҳар куни қулоқларимиз остида "Ассалому алайкум" деган сўз кўп маротаба янграйди. Сиз-у биз ҳар куни қўллайдиган ушбу сўз унинг замирида улкан маъно мужассам. Яъни "Ассалому алайкум" арабча сўз бўлиб, "салима" ҳозирги-келаси замон "ясламу" феъли шаклидан олинган. "ала" – "-га" қўшимчаси ва "кум" – "сиз" деган маънони беради. Умумий тарзда "Сизга саломатлик, тинчлик, осойишталик бўлсин" деб таржима қилинади. Энди бир-биримизга шундай ниятни тилашимизда ҳам ҳикмат бор. Сабаби инсон ҳаётининг мазмуни унинг жисмонан, ҳам маънан соғломлиги билан белгиланади.

Арасту ўзининг "Хитоба" ("Риторика") асарида шундай ёзади: "Ажойиб жисмоний фазилатларга эга бўлган йигитлар – соғлом, бўйдор, спорт мусобақаларида чаққон ёшлар ҳар қандай давлатнинг бойлигидир".

Бугун мозийнинг муборак сирлари барчамизга аста-секин аён бўлмоқда. Биргина Абу Али ибн Синони олсак, мутаффаккир бобомиз ўз даврида соғ­лик билан инсоният бахтли эканлигига алоҳида эътибор қаратган.

2012 йилда Эргаш Очилов томонидан нашрга тайёрланган "Мен англаган дунё" китобида табобат илми султонининг кўплаб ғазал, қитъа, рубоий, байт, ҳикмат ва тиббий ўгитлари берилган. Ибн Сино соғ­лиқни сақлаш, аввало, инсоннинг ўз-ўзига бўлган эътиборига боғлиқ деб ҳисоблайди. Яъни, ҳар бир одам қуйидаги 7 нарсани мўътадил қилишга кўпроқ эътибор бериши керак:

– мижозни мўътадил қилиш;

– ейиладиган ва ичиладиган нарсаларни танлаш;

– танани хилтлардан тозалаш;

– қоматни жисмоний ҳаракатлар билан сақлаш;

– бурунга тортиладиган ҳавони етарли ва равон қилиш;

– кийимлик нарсаларни яхшилаш, яъни фаслга қараб табиий толали либосларни кийиш;

– жисмоний ва руҳий ҳаракатларни мўътадил қилиш.

Шу ҳаракатлар жумласига маълум даражада уйқу ва уйғоқлик ҳам киради.

Ибн Сино бир қатор тиббий асарларини шеърий шаклда ҳам ёзган. Улар уржузалар дейилади. Уржузалардан бири гўдак тарбияси зикрида бўлиб, унда чақалоқнинг вояга етишиши учун кўрсатмалар беради.

Онасининг қорнидаёқ гўдакни қил эҳтиёт,

Унга бирор офат етмай, туғилсин у барҳаёт.

Эҳтиёт қил қўрқишдан-у бақириш, ҳаяжондан,

Булар бари болага ҳам етишар, ўтар жондан.

Чақалоқни чўмилтириб, сўнг йўргакка жойлагил,

Баданини юмшатувчи ёғлар билан мойлагил.

Муомаланг юмшоқ бўлсин, доим бўлгин меҳрибон,

Уйқуда ҳам чўчимасин, ором олсин мурғак жон.

Гоҳи-гоҳи бол ялатгил, танглайига сурт асал,

Гўдакка куч-қувват берар, уни енголмас касал.

Ибн Сино нафақат инсон ёшлигида, балки бутун умри давомида ўз соғлиғига эътиборли бўлиши кераклигини ёзади:

Истисносиз сўзим шу, амал этсин ҳар киши,

Ўз соғлиғин сақламоқ, ҳар кишининг ўз иши.

Инсон бу гўзал ҳаётда яшар экан, ўз олдига кўп улкан мақсадлар қўяди. Аммо орзу-умидларнинг ушалиши инсон соғлиғига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу сабабдан ҳар бир инсонннинг олий мақсади ўз соғ­лиғини асраш бўлиши керак. Соғлиқ бизга Оллоҳ томонидан туҳфа этилган бебаҳо неъмат, уни доимо мустаҳкамлаб бориш ҳар биримизнинг масъулиятли вазифамиздир.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Она сути – чақалоқ учун бебаҳо озуқаСаломатлик

Она сути – чақалоқ учун бебаҳо озуқа

Барча оналар фарзандининг соғлом ва бақувват бўлиб, дард чекмай камолга етишини орзу қилади, бутун борлиғини бериб, шунга интилади… Аслида, она ва бола ўртасидаги меҳр-муҳаббат риш

29.01.2021137
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896