
Эшик қоқиб “Гулхан” журнали таҳририятига илк бор кириб келган инсон Васила энамнинг савлатидан ҳайиқади.
– Бундайроқ ўтирвол. Намунча нозиксан..., – деган эди талабаликнинг сўнгги йили “Гулхан”га ишга кириш илинжи билан келганимда. – Манзура, чой-пой қўйворинг... Вой-й, бечораларей-й, овқатам емагандирсанла...
Тўғриси, аввалида, бу муомала-ю такаллуфни ҳазм қилишда хиёл қийналганман. Кейин эса онаси бағрига шошаётган полопондек “Гулхан” қучоғига ошиқиб келадиган бўлдим. Сабаби, болалар журнали таҳририятидаги болалардек содда ва самимий муносабат, беғубор муҳит мени ўзига боғлаб олган эди. Ундан кейин эса, ўқишдан ҳориб келган қуп-қуруқ талаба учун иззат-икром билан олиб қўйилган тайёр хўракни паққос тушириб кейин ишга шўнғиш одатга айланди.
Васила энам болалар журналида қирқ йилдан буён ишлайди. Қанча-қанча шогирдларни бошини силайди бу аёл:
– Рангингни қара, қоравой бўбқопсан, бундоғроқ соя-пояда юрмийсанми? – Қишда бўлса, дийдираганимизни кўриб, – бошингга ул-бул кийвол, – дейди ширин дакки билан. Хуллас, Васила энамнинг назарию назорати билан қанча “полапонлар қанот чиқарди”.
Халқимизнинг “дарахт бир жойда кўкаради”, деган ажойиб нақли бор. Бунга аниқ мисол – Васила энам. Узоқ йиллар болалар дунёсида ижодий парвоз этиб келмоқда.
Ҳар куни тонгдан “Гулхан”га мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ижодсевар, билимдон ўқувчилардан ўнлаб хат-хабарлар, дил изҳорлари келади. Энам бўлса, ҳар галгидек кўзойнагини пешонаси остига қўндиради-да барча хатларни бирма-бир очиб ўқийди.
– Муҳаб, қарагин, бирам ажойиб шеър ёзиб юборибди, – дейди беғубор табассум билан сал кам ярим аср бир хонада меҳнат қилиб келаётган қадрдони Муҳаббат Ҳамидовага. Кейин шогирдларини қабатига олиб, бирма-бир мактуб эгаларига жавоб хати йўллайди.
Васила энамнинг шогирдларини санаб адоғига етолмайсиз. Чунончи, “Гулхан” журнали таҳририятидаги ёшлардан нари бошқа болалар матбуоти ёш ижодкорларини ҳам баъзан энамнинг ҳузурида, паноҳида кўрасиз. Эҳ-ҳе, энамнинг жавоб хатларидан куч олиб билимга шўнғиган, касб танлаган, эл-юрт корига яраётган “бола”ларнинг саноғига етиб бўладими? Ватанимизнинг турли ҳудудларида, турли жабҳаларда ишлаётган қанча-қанча инсонларнинг болалик орзу-мақсадларини мустаҳкамламаган, дейсиз Васила энамни. Демак, тўғри маънода улар ҳам Васила Пўлатованинг шогирдлари, фарзандларидир.
Бир инсондан яхшилик кўрган кишининг хайрли хулосасига кўп бор рўбарў келамиз: “Яхши одамлар борлиги учун ҳам дунё турибди-да”. Бу эътирофга Васила энам ҳам лойиқ, албатта.
Васила Пўлатова билан илк бор учрашган инсон, бу аёл ҳаётда қийинчиликлар кўрмаган экан, деб ўйлайди. Боиси бу аёл, ғамнинг ифорини туймайди, дардни йўлатмайди, ғуссадан юз ўгириб ўтади. Бунга қодир бўлиш учун инсонга жасорат керак, бунга қодир бўлиш учун чексиз сабру сабот керак. У ҳеч қачон тақдиридан нолимаган. Тақдир эса насибадан зиёдасини туҳфа этмайди. Аммо, эзгулик, яхшилик, гўзаллик, шукроналик унинг ўрнини тўлдиради.
Васила энам ўғли Жасурбекни ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлиб вояга етказди. Остонасидан келин бўлиб ҳатлаб кирган Ширинани пешонасидан ўпиб, қизим, деб қабул қилди. Фарзандлари ҳақида ҳамиша тўлқинлаб гапиради. Кўзида севинч ёшлари қалқийди.
Ҳа-а, энамнинг яна бир одатлари бор. Бирор воқеадан таъсирланса борми, бир зумда болалардек кўзида ёш пайдо бўлади. Масалан, ҳар гал ёзда қишлоққа бораман. Табиийки, жазирамада офтоб юзимни қорайтиради. Ундан кейин йўл азобидан ҳориб ишхонага қайтаман. Шу оддий сабаб учун ҳам энам кўзига ёш олади. Кейин содда ва самимий саволлар ёғилади:
– Вой, болам-ей, қишлоқда ул-бул едингми, ўзи? Нега қишлоқларинг бунча иссиқ?
Бирор ютуққа эришсанг, яна йиғлайди. Меҳри жўшиб бағрига босади.
Васила энам болалар учун кўплаб маталлар, эртаклар, кичик мақолалар ёзди. Жаҳон адабий мероси хазиналарини ўзбек тилига таржима қилди. Жумладан, Леонардо да-Винчининг кичкинтойлар учун ёзилган кичик эртак ва ҳикояларини бир китобга жамлади.
Васила Пўлатовага мамлакатимиз ўқувчи-ёшларининг таълим тарбияси борасидаги меҳнатлари учун “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди.
Юртимизда соғлом ва баркамол авлодни камол топтириш борасидаги хизматлари ҳам муносиб баҳоланиб “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Яхши инсон ҳамиша эъзозда бўлади. Бугун ҳам Васила Пўлатовани “Гулхан” журнали таҳририятида, қўшни таҳририятларда ҳам барча қадрлайди, Эна, деб эъзозлайди. Боиси, энамнинг ўзи ҳаммага офтоб нур таратгани каби меҳр улашиб юради.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
ЖамиятЙод етишмовчилиги жиддий муаммо
Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш
