Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

ЭЛ ҚАЛБИДАГИ ШОИР СИЙМОСИ

15.02.2016
55 марта ўқилди
ЭЛ ҚАЛБИДАГИ ШОИР СИЙМОСИ

Шеърият мулкининг султони, буюк аллома ва мутафаккир мир Алишер Навоийнинг бой мероси, ўлмас асарлари неча юз йилдирки, инсониятга хизмат қилиб келмоқда. Зеро, шоирнинг ҳам мақсади шу – башариятни чин эзгулик сари чорлаш, фозил ва комил кўриш.

Ҳазрат Навоий нафақат ўлмас асарлари, балки босиб ўтган умр йўли орқали ҳам таҳсинга лойиқ ибратомуз мерос қолдирган. Буюк шоир ҳаёт бўлган чоғлардаёқ унинг халқ фаровонлиги ва юрт ободончилиги учун қилган эзгу амаллари, ақлу заковатда беназирлиги халқ орасида оммалашиб кетган. Тилдан-тилга кўчган ҳикоялар эса кейинчалик халқ ривоятларига айланган. Уларда Навоий сиймоси буюк шоир, адолатли давлат арбоби, ватанпарвар ва раҳмдил аллома, доно ва зийрак инсон сифатида тасвирланади. Донишманд халқ Навоий қиёфасида ҳатто доно савдогар сифатида ҳам чизгилар беради.

Ривоят қилинишича, Навоий отаси вафотидан сўнг Самарқандга таҳсил олгани боради. Кўп қийинчиликлар билан ўқишни тамомлаб, яна ўз шаҳрига қайтади. От-уловсиз, пиёда юриб бир тоғда қўйларни боқиб юрган чўпонга дуч келади. Навоий отасининг чўпонини танийди. Чўпон қўйлар Навоийнинг отасидан қолган мерос эканини айтади ва бу омонатни – икки юз бош қўйни боқиб етти юзтагача кўпайтирган ҳолда эгасига топширади. Навоий чўпонга икки юз бош қўйни хизмат ҳақи сифатида қайтариб, қолганини бозорга ҳайдайди. Қўйлар семиз бўлгани учун атрофни харидорлар ўраб олади. Улар қўйларни нархини сўраганда Навоий: “Қўйларимни насияга сотаман. Пулини подшо ўлган кунда оламан” – дейди. Ушбу воқеани айғоқчилар подшога етказишади. Юрт ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро тезда Навоийни топтириб келтиради ва ёшликда бирга ўқиган дўстини танийди. Ундан қилган ишининг сабабини сўраганда, шоир шундай жавоб беради: “Эй дўстим, энди қўйимни олиб кетган одамлар сизга узоқ умр тилашади. Чунки, агар подшога бирон нима бўлса, савдогар қарзини олади, деб ўйлашади”.

Алишер Навоийнинг донолигини кўрган подшо уни ўзига вазир қилиб тайинлайди. Кўринадики, Навоийнинг донолиги ҳамманинг хурсандчилигига хизмат қилади. Халқ ривоятларининг аксар қисмини унинг адолатли вазир сифатида қилган эзгу ишлари ҳақидаги ҳикоятлар ташкил қилади. Уларда Навоий давлат ишларини адолат билан бошқаргани, юзага келган сиёсий низоларни эса ҳамиша тинч йўл билан бартараф этганлиги хусусида ҳикоя қилинади.

Яна бир туркум ривоятларда ҳазрат Навоийнинг зукколиги ва топқирлиги тилга олинади. Жумладан, қуйидаги ривоят фикримиз исботи бўла олади.

Султон Ҳусайн бир куни вазирларининг донишмандлигини синаб кўрмоқчи бўлади ва уларга шундай дейди: “Менга уч ёмон одамни топиб келинглар”. Подшо томонидан берилган уч кун муҳлат ичида вазирлар зир югуриб, уч ёмонни тополмабдилар. Фақат Навоий уч ёмонни: жаллод, қассоб ва сайёдни бошлаб подшо ҳузурига келади. Ҳусайн Мирзо дўстининг донолигига тасанно айтиб, уч ёмонга таъриф беришини сўрайди. Навоий шундай таъриф беради: “Жаллодга фармон бўлса бас, ҳақми, ноҳақми – бари бир тўғри келган одамни қиличдан ўтказаверади. Қассоб ҳайвонларнинг энг яхшисини сўяди. Сайёд жониворларни овлайди, чиройли қушларни тутиб, қафасда сақлайди. Уларни ҳаёт гўзалликларидан маҳрум қилади.

Замондошларининг хотирлашича, Навоий чиндан ҳам буюк сифатлар, гўзал фазилатлар соҳиби бўлган. Унинг топқирлиги, зукколиги, зийраклиги таҳсинларга лойиқ топилган. Ривоятларда шоирнинг юксак инсоний хислатлари – беғуборлиги, самимийлиги, раҳмдиллиги халқ тилига кўчган. Маълумки, Навоий салтанатда вазир, муҳрдор каби юқори лавозимларда хизмат қилган. Ўз-ўзидан аёнки, у сафарларда подшога кўпинча ҳамроҳ бўлган. Бир ривоятда Ҳусайн Бойқаро Марв шаҳрида қишлаганида Навоий ҳам шоҳ билан бирга бўлгани ҳикоя қилинади. Ўшанда шоирнинг чодирида бир қуш ин қуриб, тухум қўяди. Ҳаво исий бошлагандан кейин подшо лашкарлари билан яна Ҳиротга қайтмоқчи бўлади. Навоий ҳазратларининг чодирида ин қурган қуш эса ҳали тухум очмаган эди. Шунинг учун шоир чодирни буздирмай, у ерга бир кишини назорат учун қолдиради. Қачонки қуш полапонларини учирма қилганидан сўнг чодирни йиғиб бориши кераклигини, шунгача муҳофаза қилишини тайинлайди.

Дарҳақиқат, Навоий бобомиз ниҳоятда раҳм-шафқатли киши бўлган. Наинки инсонларга, балки жониворларга, табиатга нисбатан ҳам раҳмдил, саховатли бўлган. У бебаҳо асарлари, ибратомуз ҳаёт йўллари орқали эзгулик уруғини сочиб, жамики инсонларни бир-бирига нисбатан фақат яхшилик, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга чақирган, даъват қилган. Шунинг учун ҳам мана неча асрларки, Навоий бобомизнинг сиймоси кишилар қалбида яшаб келмоқда.

Теглар:#2016/5

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ИстадимМаданият

Истадим

Бугун 9 февраль – буюк шоир, мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллуд топган кун! Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр истадим, Лекин ул камрак топилди, гарчи

09.02.2021289
Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилдиМаданият

Бокуда Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилидаги китоби тақдим этилди

Ўзбекистондаги Ҳайдар Aлиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳасига кўра, Озарбайжоннинг машҳур шоираси Хуршидбону Натаван асарларининг ўзбек тилига таржимаси асосидаги янг

07.10.2022234
БолажонМаданият

Болажон

Болажон дейилса – табассум тайёр, Меҳру шафқат тайёр, тараҳҳум тайёр. Алла айтар ҳатто камгап аёл ҳам, Болажон дейилса – такаллум тайёр. Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон халқ шоири

27.02.2021162
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.20241222