
Янгиланиш, яшариш фасли бошланди. Юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Миллий таомларимиздан сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара кабилар байрам дастурхонининг кўркига айланади.
Ушбу айёмни Марказий Осиё мамлакатлари халқлари ҳам кўтаринки руҳда қарши олади. Бу кунда қозоқ, тожик, қирғиз ва туркманлар ҳам худди ўзбеклар каби баҳорий таомлар-у, турли миллий ўйинларга алоҳида урғу беради. Қуйида қардош миллат вакилларининг Наврўз байрами ва у билан боғлиқ урф-одатлар, анъаналар ҳақидаги қимматли маълумотлари билан танишасиз.
Марал ЖУМАГЕЛДИ,
Қозоғистон Республикаси Туркистон халқаро қозоқ ва турк университети журналистика факультети талабаси:
– Кўкламнинг ўзига хос байрамини қозоқ халқи ҳам кенг миқёсда нишонлайди. Шарқ тақвими бўйича Наврўз – янги йилнинг бошланиши. Қозоқлар учун ушбу байрам муҳаббат, дўстлик, эзгулик тимсоли саналади. Қадимдан инсонлар Наврўзни уйлари атрофини саранжом-саришта қилиб, гуллар, дарахтлар экиб кутиб олган. Улар озода хонадондан йил давомида касаллик, бахтсизлик узоқ бўлади, деб ҳисоблашган.
Байрамда қозоқлар “Наурыз-тери” деб номланган мазали таом тайёрлайди. У етти хил маҳсулотдан тайёрланади: сув, гўшт, туз, ёғ, ун, дон (гуруч, жўхори ёки буғдой) ва сут. Бу маҳсулотлар қувонч, омад, донолик, соғлик, фаровонлик, тезлик, ўсиш ҳамда илоҳий ҳимоя саналади.
Қозоқлар айёмни нишонлашда “7” рақамига алоҳида эътибор қаратишади. Ҳар бир қозоқ Наврўзда 7 уйни зиёрат қилади ва 7 меҳонни кутиб олади. Байрамда турли халқ ўйинлари, миллий куй ва рақслар ижро этилади. Ёшлар – алтыбакан (арғимчоқ) учади. Байрам 21 мартдан бошлаб, 3 кун нишонланади.
Наврўз – дўстлик ва тинчлик айёми. Шу муносабат билан барчага соғлик, бахт ва омад тилайман!
Хосият БОЛТАЕВА,
хусусий тадбиркор:
– Тожикистон диёрида Наврўз айёми ўзгача шукуҳ билан кутиб олинади. Байрам Ҳут буржининг 21 март санасида, яъни кун ва тун тенг бўлган кунда нишонланади. Янги йилнинг бошланишида бободеҳқон ерга илк уруғини қадайди. Одамлар байрам олдидан уйларини тозалайди, синган нарсаларни ташлаб юборади. Агар кимнидир хафа қилган бўлса, бир-бирларидан узр сўрайди, кўнгилларни гинадан поклайди.
Наврўзнинг кўрки сумалакдир. Ушбу таом тожикчада “оши кўча” деб ҳам аталади. Бу номнинг берилишига сабаб, оши кўча уйдан ташқарида, яъни маҳаллада яқинлар билан биргаликда тайёрланади. Миллий куй-қўшиқлар ижро этилади, ҳамма рақс тушиб, шодланади. Аёллар мазали таомлар, пишириқлар, ширинликлар тайёрлаб, қўшниларга улашади. Бемор инсонлар холидан хабар олинади. Ўзига тўқ оилалар ночор инсонларга ҳадялар улашади. Майдонларда полвонлар кураш тушиб, миллий спорт мусобақалари уюштирилади.
Ўзбек ва тожик икки тилда сўзлашувчи бир халқдир. Одамларимиз азал-азалдан бир-бирлари билан дўст-у қадрдон бўлиб келган. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юртимизга ташрифи ушбу ришталарни янада мустаҳкамлади.
Тилагим, дўстилигимиз абадий бўлсин!
Нафиса ДУРБАЕВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси:
– Туркман халқи учун Наврўз байрами янги йилнинг кириб келиши ҳисобланади. Шу сабаб, ушбу айём биз учун жуда катта аҳамиятга эга.
Менинг юртимда ҳам Наврўз худди Ўзбекистондаги каби кенг миқёсда нишонланади. Байрам мамлакатнинг ҳар бир гўшасида ўзига хос тарзда ўтказилади. Шу кунлари одамлар бир-бирига эзгу тилаклар билдиради, миллий куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилади, кураш, ошиқ, от чоптириш каби халқ ўйинлари ўйналади.
Наврўзда ҳар бир туркман оиласи ўз дастурхонини миллий таомлар билан безайди. Туркман чорег (нон)и меҳмондўст халқимиз дастурхонининг кўрки десам, асло муболаға бўлмайди. Бундан ташқари айём муносабати билан сумалак, палов, дограма, пишме челпек, шиле тайёрланади.
Ҳозир Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил оламан. Мана уч йилдирки, Наврўзни гўзал юртингизда, меҳмондўст ўзбек халқи билан бирга нишонлайман. Ўтган вақт давомида шу нарсага амин бўлдимки, ўзбекларнинг урф-одатлари туркманларники билан жуда-жуда ўхшаш экан. Буни эса икки юртнинг қадимдан ўзаро дўстона алоқаларга эга эканлиги, қардош халқ бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
МаданиятБИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на
